Шофиркон: “Хожа Ориф”да Фахриддин Исомов томорқачилик тажрибаси—эътиборда

Шофиркон: “Хожа Ориф”да Фахриддин Исомов томорқачилик тажрибаси—эътиборда


Жойларда томорқа маданиятини оширишга қаратилаётган эътибор туфайли бугун ташландиқ, бегона ўт ва янтоқзорга айланиб, қаровсиз ётган ерлар ҳам ободонлаштирилиб, уруғ қадаб, ҳосил етиштирилаётгани, суғориш тармоғи тартибга солиниб, эҳтиёжманд оилалар рўзғорига яраша сабзавот-полиз маҳсулотларини шу экин еридан олишга уринаётгани қувонарли, албатта.

Айниқса, қишлоқ жойида оиласи дастурхони тўкинлигини таъминлашнинг асосий манбаи—томорқа эканини англаб етган киши лоқайдлик ва боқимандалик иллатидан халос бўлиши тайин. Айтиш жоизки, бугун ҳар бир ҳудудда зироатчиликнинг ҳадисини олган тажрибага эга миришкорларнинг борлиги аҳолининг кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни кунда Шофиркон туманида ҳам ер билан “тиллашиб”, баракали ҳосил етиштириб, омилкор тадбиркорга айланаётган миришкор томорқачилар сафи кенгаймоқда.

Туман марказидаги “Хожа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 78 ёшли Фахриддин ота Исомов ҳам томорқани хазина деб билган шундай омилкор соҳибкорлардан бири. Деҳқончиликда катта ҳаётий тажрибага эга отахон кўчатчиликка ихтисослашган "Боғибиҳишт" фермер хўжалиги ерларидан 50 йиллик ижара шартномаси асосида ажратиб берилган 1 гектар ер майдонида ниҳол етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.

Отахон оила аъзолари, фарзандлари кўмагида бу ерда картошка, помидор, булғор қалампири, пиёз етиштириб, нафақат ўзи, балки қишлоқдошлари рўзғори бутлиги, дастурхони тўкинлигига баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқда. “Сайхунобод тажрибаси”ни ҳудудларда амалга ошириш ишларини ўрганиш доирасида ташкил этилган амалий семинарда томорқачиликда ўз тажрибасига эга меҳнат фахрийси Фахриддин Исомов иш услуби, ерга муносабати эътибордан четда қолмади.

Мазкур ўрганишларда республика Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Фируза Ибрагимова ҳамда шаҳар-туманлардаги масъуллар, маҳалла фаоллари иштирок этиб, отахон билан самимий суҳбатда бўлдилар. Деҳқон отахоннинг дала шийпонида ўтган семинарда хотин-қизларни томорқачилик ҳамда тадбиркорликка жалб этиш орқали даромад олишларига эришиш, уларнинг бандлигини таъминлаш хусусида сўз борди.

Умуман, шофирконлик томорқа ер эгалари, деҳқон ҳамда боғдорчилик хўжаликлари томонидан ўтган 2023 йилги деҳқончилик мавсумида туман боғларидан олинган мева салмоғи 5 минг 800 тоннадан ортиқни ташкил қилган бўлиб, бу хирмон ўтган йилга нисбатан қарийб 2,5 минг тоннага кўп демак.

Шунингдек, бултурги деҳқончилик мавсумида шофирконлик миришкорлар 490 тонна узум, 1 минг 500 тоннадан зиёд сабзавот, 330 тонна полиз, 935 тонна картошка етиштириб, элимиз дастурхонига тортиқ этдилар. Албатта, бу ҳосил салмоғи жорий йилда бултургидан анча салмоқли бўлиши учун эрта баҳордан катта тараддудга киришилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page