Шофиркон: Фотима Фаттоева оиласи 2,5 қути ипак қуртидан 220 килограмга етказиб ҳосил олди

Шофиркон: Фотима Фаттоева оиласи 2,5 қути ипак қуртидан 220 килограмга етказиб ҳосил олди


Саноат учун зарур ва қимматбаҳо хом ашёни етиштириш қисқа даврни ташкил этса-да, ипак қурти боқиш тиғиз меҳнат ва ҳаракат, ўзига яраша машаққатни тақозо этиши ҳеч кимга сир эмас. Шунга қарамай, азалдан миришкор пиллакорларимиз зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда кечаю-кундуз меҳнат қилиб, кўзланган ҳосилни етиштириб келишади.  

Баҳор мавсумида ипак қурти боқишда барча агротехник тадбирларга қатъий амал қилингани ҳолда бир ойлик меҳнату машаққатдан сўнг шофирконлик пиллакорлар ҳам шу кунларда ҳосилни саранжомлашга киришганлар. Давлатга пилла сотиш билан бирга бундан аввало, оилалари моддий манфаатдорлигини таъминлашда "кумуш тола" бунёдкорларининг ўрни ва ҳиссаси катта бўлмоқда.  

—Ҳар йили баҳорда оиламиз билан ипак қурти боқиб, шундан озми-кўпми, хонадонимиз моддий эҳтиёжларини қоплаб келамиз,—дейди Читгарон қишлоғида намунали оилавий пиллакор звенолардан бирининг бекаси Фотима Фаттоева.—Жорий мавсумда ҳам оила аъзоларимиз билан биргаликда икки ярим қути ипак қурти боқдик. Бугунга келиб ҳосил чўғи чакки бўлмади. Зиммамиздаги 180 килограмлик режани 220 килограмга етказиб, меҳнат зафарига эришдик. Бунда турмуш ўртоғим Ёқуб Худойбердиев ҳамда фарзандларимиз яқин кўмакчи бўлдилар.

Режадан орттириб топширилган ҳар килограм пилла учун тарози бошида 50 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани Фотима Фаттоева хонадони учун ҳам қўшимча рағбат бўлди. Энди улар қабул масканида орттириб топширилган “кумуш тола” учун нақд 2 миллион сўм мукофот пулини ҳам олишди. Саъй-ҳаракат натижаси амалда ўзини оқласа, бу кишига куч-қувват, шижоат бағишлайди. Мавсум бошида алоҳида аванс тарзида бўнак пулини олган оила 10 миллион сўмдан ошириб даромадга эга бўлаётгани баробарида ҳатто, парвариш даврида йиғилган ўтиндан ҳам қўшимча фойдага эришмоқда.  

Умуман, пиллачилик тармоғида кўп йиллик тажриба мактабига эга шофирконлик “кумуш тола” миришкорлари ўтган 2023 йил баҳор мавсумида 3 706 қути ипак қуртидан 223 тоннадан орттириб саноат учун қимматбаҳо хом ашёси — сара пилла етиштириб, енгил саноатга ўзига хос улуш қўшгандилар.

Жорий йил баҳорги мавсумида эса ҳудуддаги 14 та инкубаторияда 3898 қути ипак қурти жонлантирилиб, бундан 251 тоннага етказиб “кумуш тола” хирмонини бунёд этиш ҳаракати жиддий олиб борилмоқда. Пиллакорлар учун аввало озуқа таъминоти базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилгани ҳолда мавсум олдидан ҳудуддаги 350 гектардан ошиқ тутзор пиллакор хўжаликларга тақсимлаб берилгани муҳим манба бўлди.

Айни пайтда туманда буюртмачи "Ғиждувон ипак тола" МЧЖ томонидан 158 та фермер хўжалиги ва жами 1732 та касаначи оилавий звено томонидан ипак қурти парвариш қилинди. Ҳозирда “Саврак” пилла қабул қилиш масканида иш қизғин тус олган. Пиллакор касаначилар ва оилавий звенолардан пешма-пеш қабул қилинаётган ҳосил катта хирмонга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page