Шоҳномадан номалар
Uktam UrintaevФирдавсийнинг Шоҳномаси анча аввал ўқигандим.Йирик афсонавий ва тарихий воқеаларни қамраб олган.Асар турли шохлар ва баҳодирларнинг ўзига ҳос саргузаштларини ҳикоя қилади. Ўз ичида кўплаб алоҳида достонларни қамраб олган. Мени асарнинг афсонавий қисми гарчи шиддатли воқеаларга бой бўлсада бироз зериктирди. Бу қисм эртакка ўхшайди тўғриси. Тарихий қисми эса қизиқарли маълумотларга бойлиги ва кўплаб давлат бошқарувига оид пандлар, нақллар сабаб эътирофга лойиқ.
Асар Қаюмарс ҳақидаги биринчи шоҳдан ҳикоя қилиниб келинган. Шоҳлар, баходирлар кўплиги ва уларнинг бир бирига қариндош кетгани кўпчиликка таниш Ёлғизликнинг 100 йилини эсга солади ва ўқувчини анча чалғитади.
Рудобанинг Рустамга ҳомиладорлиги ва туғиши жараёни асарда анча бўёқли тарзда очиб берилган. Дард уни қанчалик қийнаётганини ўқувчи гуёки Рудоба билан қўшилиб ўзи ҳам ҳис қилади. Ахир, бундай пахлавонни дунёга келтириш осон эмасди. Рудоба кейинчалик Рустам тарбиясида у қадар иштирок этмаган бўлса-да, Рустамнинг қайлиғи Тахмина ўғли Суҳроб камол топишида муҳим рол ўйнаган. Чунки Таҳмина ва Суҳроб шох саройидан узоқда яшашди. Суҳроб кўп ишда онасига суянар ва унинг райига қарарди, ҳатто от танлаганида ҳам дастлаб онасига маслаҳат солганди.
Рустам ва Суҳроб, ота-ўғилнинг жанги достоннинг кулминацион нуқталаридан бири. Иккала пахлавон кучи ҳам кўп жиҳатдан тенг келган бўлсада, якунда отанинг ғолиб бўлишида ўзгача маъно бордек. Аммо, Суҳроб ўлими Рустамни шод қилмади. Ўз ўғли эканини билгач, у қандай аҳволга тушганини ўйлайверинг. Тахмина ҳам ўғли изтиробида бир куйса, унинг ўз отаси қўлида жон берганидан яна куярди. Ўғли дардида куйиб у бир йил ҳам ўтмай вафот этди.
Асарнинг тарихий қисми ҳам кўплаб қизиқ саргузаштларни ўз ичига олган . Айниқса, Искандарнинг Равшанакка уйланиши учун уни онасига хат ёзиб сўраши ҳам Искандарнинг саҳоватли шохлигини кўрсатган.Зеро, у хоҳласа сўраб ўтирмай унга эришиши мумкин эди. Хатто онасини совчиликка ҳам катта тайёргарлик билан жўнатган. Умуман асарда Искандар аёлларга кўп эътибор қилганини сезиш мумкин. Ўз ўлими олдидан ҳам у онасига хат ёзиб, энди ҳамма сардорлар унга қулоқ тутишини айтади. Хатто, Равшанак ўғил кўрса меросхўр бўлишини таъкидлайди.
Баҳром ҳақидаги достон анчайин давлат бошқарувидаги панд ва насиҳатларга бойлиги билан аҳамиятга эга. Шунингдек, достон Баҳромниг ўзига ёққан турли аёлларга ишқи тушиб уларни канизак қилгани билан ёдда қолди. Баҳром харамида мингга яқин канизаклар борлиги айтилган.
Умуман назаримда асардан олинадиган биринчи хулоса: дунёнинг ўткинчилигини тан олиш ва умрни бехуда кўнгилхушликка сарфламаслик, аксинча мазмунли умр кечириш тарғиб қилинган. Кўплаб қудратли, бадавлат шохлар ҳам якунда фоний дунёга ҳеч вақосиз кетиши ҳам бунга ишора эди.
Асар сўнгида Фирдавсий ўз ўғли ўлимига ёзган марсияси хам менда катта таасурот қолдирди. Жуда таъсирли ёзилган.
Марсиядан байт келтираман:
Навбат меникийди, кетди ёш ўғил,
Жонсиз танам қолди, дард тўла кўнгил..
Оғир кунда қўлим тутқувчим, нечун,
Ҳамроҳингни ташлаб кетдинг сен бу кун..