Ширкат фойдаланувчиларига уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилади

Ширкат фойдаланувчиларига уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилади


Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Қобил Ҳамдамов “Қирққизобод боғи” боғдорчилик узумчилик ширкати истиқоматчилари билан учрашди.

Аҳоли билан учрашувда вилоят ҳокими ўринбосарига Пискент тумани ҳокими ўринбосари С.Исақулов, ОКМК касаба уюшмаси раиси Абдурашид Ҳайдаров, комбинат психологи Вилоят Собитова ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилди.

Мазкур ширкатда 158 та участка эгаларининг 145 таси нафари Олмалиқ шаҳри фуқаролари. Шундан 68 та хонадон эгалари дала ҳовлиларда қишин-ёзин, доимий яшаб келмоқда.

Раҳбарлар томонидан айни вақтда комбинат томонидан ушбу ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 майдаги “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4715-сонли Қарори асосида “Олмалиқ КМК” АЖнинг қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қурилиш ишлари олиб борилиши батафсил тушунтирилди. 

Қурилиш муносабати билан дала ҳовли истиқоматчиларини хавфсиз жойга кўчириш масаласи муҳокама этилди.

Аслида, дала ҳовлиларда мавсумий яшаш, доимий уй-жой қуриш мумкин эмас. Ўз номи билан у дала ҳовли, мавсумий дам олиш маскани. Бу жойларда табиий газ, тоза ичимлик суви ҳам йўқ. Лекин уйма уй ўрганиш натижасида фуқароларнинг бу жойларга доимий яшаш учун уй-жой қуриб, кўчиб келганлари маълум бўлган. 

Аҳоли вакиллари билан суҳбатларда таъкидланганидек, юртимизда ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмайди. Дала ҳовлидан фойдаланиб келаётган фуқароларга ҳам давлатнинг инсонпарвар, меҳрли қўллари албатта узатилади. 

Туман ҳокими ўринбосари  С.Исақулов Пискент тумани ҳокимининг тегишли кўрсатмаси асосида ширкат ҳудудида доимий яшаб келаётган одамлар учун Пискент туманида жойлашган “Беклар диёри” ширкати ҳудудидан уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилишини маълум қилди. 

Ушбу участкалар фуқароларга 6 сотихдан бепул тақдим этилади. Қ.Ҳамдамовнинг сўзларига кўра, уй-жой қурилиши учун зарур қурилиш материаллари, транспорт ҳаражатлари, ҳашарчи ишчи кучи учун ёрдам ажратилади. 

Учрашув давомида раҳбарлар томонидан оилалардаги турмуш шароити, бандлик даражаси ҳам ўрганилди. Ишлаш истагида бўлган ёшлар, хотин-қизлар рўйхатга олиниб, муносиб иш топиш ва жойлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Хонадон эгаларининг эҳтиёжига асосан янги уй-жой қуриш учун зарур қурилиш моллари – шағал, цемент, ғишт, тахта, шифер, бўёқлар учун таклиф берилиши ҳақида маълум қилинди. Шунингдек, янги аҳоли пункти инфратузилма - табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви билан таъминланади.

Шу куннинг ўзида янги участкалар билан танишиш истагида бўлган фуқароларга Пискент тумани Ер-мулк кадастр бўлими раҳбари С.Соатов томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилди. 

Шунингдек, янги уй қуриш истагида бўлган фуқаролар учун вилоят ҳокими ўринбосари Қ.Ҳамдамов раҳбарлигидаги мутасаддилар билан алоҳида қабул ташкил этиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.


Пискент тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page