Ширинсўз ва очиқ чеҳра бўлиш
@bintusodiq
Одинахон Муҳаммад Содиқ
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасининг 88-оятида: «Мўминларга қанотингни пастлат!» дея марҳамат қилади.
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтадилар: «Бирингиз яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақлансин! Агар топа олмаса, яхши сўз билан (сақлансин!)» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бўғим учун ҳар куни садақа лозимдир. Кишига уловига минишга ёрдамлашиш ёки юкини унинг устига ортиб бериш садақадир. Яхши сўз ва намоз сари юрган ҳар қадам садақадир. Йўлни кўрсатиб юбориш садақадир», дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг ҳам, челагингдан биродарингнинг идишига қуйиб бермоғинг ҳам маъруфдандир», дедилар (Тўртовлари ривоят қилганлар).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўз айтувчи ҳам ва тили бемаза ҳам эмасдир», дедилар (Имом Термизий ривоят қилганлар).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаҳш қай бир нарсада бўлса, уни нуқсонли қилади. Ҳаё қай бир нарсада бўлса, уни зийнатлайди», дедилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда ичларидан ташқарилари ва ташқариларидан ичлари кўринадиган болохоналар бор», дедилар. Шунда бир аъробий ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимларга?» деди. «Каломни ширин қилган, таомни едирган, рўзани давом эттирган ва кечаси одамлар ухлаганда Аллоҳ учун намоз ўқиганларга», дедилар (Имом Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар).
Олимларнинг аниқлашича, бугун ўлимларнинг бош сабабчиси асабийлик (стресс) экан. Доим қовоғи солиқ, сўзи заҳар одамлар нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам зарар етказиб туради. Бундай кишиларни кўрган заҳоти ҳамма ўзини четга олади. Демакки, у ўзидан атрофга салбий қувват тарқатади.
Хафа бўлишни бошлаган инсон танасида эса кинуренин гормони (бахтсизлик гормони) кўпайиб, аксарият одамлар шу туфайли касалликлар исканжасида қолади.
Энди эса кулиб турган, тили ширин ва меҳрибон инсонни тасаввур қилинг. Унинг «сеҳрли» табассуми сабаб хафа инсоннинг кўнгли ёришади ва у ҳам кула бошлайди. Инсон хурсанд бўлганида эса унинг организмида эндорфен деган гормон (бахт гормони) ишлаб чиқарилади. Бу гормон сабабли одам соғая бошлаши илмий исботланган.
Хўш, бугунги кунда ҳолатимиз қандай? Биз асли киммиз? Одамларга «офат» улашяпмизми ёки бахт?
Агар ҳар биримиз бу саволни ўзимизга бериб кўрсак, қандай бўларкин?
Ахир, бизни оилада, маҳалла-кўй ва қариндошу дўстлар орасида, жамиятда кимлигимизни кўрсатадиган нарса шу хулқимиз эмасми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис борки, атрофдагилар бизни яхши деб гувоҳлик берса, жаннатиймиз. Худо кўрсатмасин, мабодо, ёмон дейишса, дўзах аҳлиданмиз. Аллоҳ асрасин!
Шундай экан, азизлар, ким бўлсак ҳам, яхши деган ном қозонишга интилайлик. Зеро, бу очиқ чеҳра, ширин сўз, кўнгил поклиги билан бўлур!
BintuSodiq канали