Шартномавий муносабатлар: енгиллаштирилди, тақиқлар ва чекловлар камайтирилди
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими2021 йил 22 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Шартномавий муносабатлар тубдан такомиллаштирилмоқда” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган шартномавий муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган Президент Фармони мазмун-моҳияти бўйича журналистлар ва ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Молия вазирлиги Давлат харидлари департаменти ва бошқа мутасадди давлат органлари масъул ходимлари иштирок этишди.
Хўш Фармонда қандай янгиликлар кутилмоқда.
Биринчидан, 2021 йил 1 декабрдан қуйидагилар бекор қилинади:
👉 банкларга етказилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
👉 давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга нисбатан маҳсулотларни етказиб бериш шартномаларини тузишда тўловни олдиндан белгилашга доир талаб;
👉 қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари
ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб. Эндиликда, олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланади.
Иккинчидан, Фармон билан жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилди.
Учинчидан, 2022 йил 1 январдан бошлаб:
➖ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда
мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади;
➖ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади;
➖ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади. Бунда мижоз ушбу фармойишга нисбатан судга шикоят қилишга ҳақли.
➖ коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда, табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
Тўртинчидан, давлат харидлари устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтирилади. Яъни давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар ҳамда уларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қўшимча келишувлар бўйича барча ҳужжатлар, ахборотлар, шунингдек ҳисобот мажбурий равишда очиқланиб борилади.
Бешинчидан, 2022/2023 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади.
Олтинчидан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун шартномалар намуналари “yurxizmat.uz” махсус ахборот порталига бепул жойлаштириб борилади.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими