Шарқшунослик университетида илк бор онлайн битирув маросими ўтказилди

Шарқшунослик университетида илк бор онлайн битирув маросими ўтказилди


Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2019-2020 ўқув йили ўз якунига етди. Бу мураккаб ва кутилмаган воқеаларга бой йил бўлди. 2020 йил март ойининг иккинчи ярмидан бошлаб университетда ўқув жараёни тўлиқ онлайн режимга ўтказилди. Олий ўқув юртининг раҳбарияти ўта қисқа муддатда турли платформалар: zoom, moodle, telegram дан фойдаланган ҳолда онлайн таълимни йўлга қўйди. 

Бунга профессор-ўқитувчилар таркиби, шу жумладан хорижлик ўқитувчиларнинг жонкуярлиги, профессионал маҳорати ва масъулияти туфайли эришиш мумкин бўлди. Ҳозирги мураккаб шароитда хорижий мутахассисларнинг аксарияти университетда қолишни афзал кўриб, Ўзбекистонни шу ерда қолиш учун хавфсиз деб ҳисоблади. Албатта, бу уларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ҳам меваси эди.

Янги муҳитда ишлаш кўникмалари университетга халқаро ҳамкорликни тўхтатиб қўймасликка имкон берди. Халқаро майдонда бир қатор онлайн тадбирлар ўтказилди, ваҳоланки, авваллари уларнинг онлайн шаклда ташкил қилинишини тасаввур қилиб бўлмас эди. 

Ўқув йили анъанавий равишда битирувчиларга диплом топшириш маросими билан якунланади. Бу йил университет ўзининг шонли анъаналаридан чекинмаган ҳолда ушбу маросимни онлайн режимда ўтказди. 2020 йилги битирувчилар дастлабки “онлайн битирувчилар” бўлди. Университет раҳбарияти Ўзбекистондаги дипломатик миссиялар раҳбарлари, яъни Япония, Хитой, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Миср, Эроннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиларига олий ўқув юрти битирувчиларига ўз табрикларини йўллагани, уларга келгусидаги ишларига омад ва муваффақият тилаганликлари учун ўзининг алоҳида миннатдорлигини билдиради.

Реклама ҳуқуқи асосида

Report Page