Шарбат билан суғориш

Шарбат билан суғориш

Томчи канал


Бир йиллик экинларни суғоришда сувга махаллий гўнгни аралаштириб бериш, яъни шарбат усулида суғориш сувдан самарали фойдаланишнинг оммавий усулларидан бири саналади.

Шарбат усулида суғорилганда сув қўшилган гўнг экинга озиқ бериш билан бирга ариқнинг тупроқ юзасида плёнка ҳосил қилиб, ўзига хос тўшама (мульча) вазифасини ҳам бажаради. Натижада сувнинг буғланиши камаяди, тупроқнинг намлиги эса узоқ вақт сақланиб қолади.

Шарбат усулида суғоришни амалга ошириш учун аввало экин даласининг сув кирадиган томонида шарбат учун ҳандақ (ўра) қазилади. Ҳандаққа чорва гўнги ташланади ва унга (1:1 нисбатда) сув қўшилиб, аралашма ҳолатига келтирилади ва 5–7 кун давомида сақлаб қўйилади. Аралашмани тайёрлаш учун тоза мол гўнги, чириган гўнг ёки компостдан фойдаланиш мумкин.

Даладаги экинни суғориш вақтда суғоришга берилаётган сув ҳандақ орқали ўтказилади. Бу вақтда бир ишчи хандақдаги аралашмани сув билан янада аралашиши учун аралашмани қўзғатиб туради ва сув билан бирга оқиб чиқишини таъминлайди. Суғоришга берилаётган сув таркибидаги гўнгнинг миқдори жуда кўп (қуюқ) бўлиб кетмаслиги лозим.

Сувга аралаштирилган гўнгнинг миқдори меъёрида бўлса, у сув билан бирга оқиб, суғорилаётган эгатнинг бутун узунлиги бўйлаб текис тарқалади ва тадбирнинг самараси юқори бўлишини таъминлайди.

Суғориш шарбат усулида олиб борилганда сув-гўнг аралашмасининг даладан оқавага чиқиб кетишига йўл қўйилмайди, акс ҳолда экинга озиқ сифатида берилаётган гўнг беҳуда исроф бўлади, устига-устак қуйида жойлашган зовур-ташламалар сувининг органик бирикмалар билан ифлосланишига ҳам сабаб бўлади.


Report Page