Шахсий ҳаёт дахлсизлигини муҳофаза қилишнинг долзарб жиҳатлари

Шахсий ҳаёт дахлсизлигини муҳофаза қилишнинг долзарб жиҳатлари

Зафар Эргашев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг масъул ходими

Шахсий ҳаёт дахлсизлигини муҳофаза қилиш ахборот ва коммуникация технологиялари илдам тараққий этган бугунги даврда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, яширин тасвирга олишга имкон берадиган техник воситаларнинг (мини ва микро камералар, мини овоз ёзиш мосламалари) ишлаб чиқарилиши ва ушбу товарлар муомаласининг чекланмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлашга жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчиликда шахсий ҳаёт дахлсизлигини муҳофаза қилишга оид бир қанча ҳуқуқий механизмлар мавжуд. Жумладан, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатишга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу қилмишни маъмурий жазо қўллангандан сўнг қайта содир этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу билан бирга, қонунчиликда шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш мақсадида ахборотни яширин олишга мўлжалланган махсус техник воситаларни қонунга хилоф равишда ўрнатганлик ёки ундан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик чораси назарда тутилмаган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган маълумотларни ноошкора тўплаш тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ваколати доирасига киради.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунига кўра тезкор кузатув, турар жойларни ва бошқа жойларни, биноларни, иншоотларни, жойнинг участкаларини, техник ва транспорт воситаларини текшириш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳамда бошқа тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш учун ахборотни ноошкора олиш имконини берадиган махсус техник воситалардан фойдаланиш мумкин.

Шу билан бирга, маълумотларни ноошкора олишга мўлжалланган махсус техник воситалардан тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда, шу жумладан, шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тўплаш учун фойдаланиш қонунга зид хатти-ҳаракат ҳисобланади. Бунда хусусий мулкни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ҳолатларни мустасно эканлигини таъкидлаш лозим.

Хорижий давлатлардан Буюк Британия, Жанубий Корея ҳамда Сингапур тажрибасини ўрганиш асосида маълум бўлдики, ушбу воситалардан ноқонуний фойдаланиш шахсларнинг шаън ва қадр-қимматига путур етишига, шахсий ҳаёти дахлсизлиги, тасвирга бўлган ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлади.

Маълумот учун: Жанубий Кореяда яширин камералардан фойдаланиб, хотин-қизларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш ҳолатлари авж олиб кетган. Хусусан, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича 2012 йилда 2 500 та ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 6 500 тани ташкил этмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарликдан жабрланганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари мавжуд.

Жанубий Кореяда яширин камерадан фойдаланиб, шахс танасини унинг хоҳишига зид равишда тасвирга олиш жиноят ҳисобланади ҳамда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 10 миллион вонгача жарима жазоси тайинланишига сабаб бўлади. Сеулда жамоат ҳожатхоналарига ўрнатилган яширин камераларни аниқлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган бўлиб, ҳар куни 8 000 нафар гуруҳ аъзолари 20 000 та жамоат ҳожатхоналарини текшириб чиқишади.

Мамлакатимиз қонунчилигида маълумотларни ноошкора олишга мўлжалланган махсус техник воситалардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 461-моддасига мувофиқ, шахс фақат шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи шахсий ҳаётга оид маълумотларни йиғганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи шахсий ҳаётга оид маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш мақсадида ахборотни ноошкора олишга мўлжалланган махсус техник воситалардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш факти маъмурий жавобгарликка тортишни истисно этади.

Чунки ҳуқуқбузарликни содир этишга тайёргарлик кўриш ёки уни содир этишга суиқасд қилиш маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳуқуқий бўшлиқ Конституциямизда белгиланган фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги бузилишига сабаб бўлиши эҳтимоли юқоридир.

Хорижий давлатлардан АҚШ, Австралия, Руминия, Польша ва Сингапур қонунчилигида шахсий ҳаётга оид ёки қонун билан муҳозафа қилинадиган бошқа маълумотларни йиғишда махсус техник воситалардан фойдаланиш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган

Жумладан, Польша Жиноят кодексига кўра, ахборот олиш ваколати бўлмаган маълумотни олиш мақсадида ноошкора тингловчи, оптик ёки бошқа махсус воситаларни ўрнатиш ёки улардан фойдаланиш икки йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосининг тайинланишига сабаб бўлади.

Шунингдек, Руминия Жиноят кодексида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш мақсадида қонунга хилоф равишда аудио ёки видео ёзиб олиш воситаларини ўрнатиш бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан миллий қонунчилик, мавжуд амалиёт ҳамда илғор хорижий тажрибани таҳлил этиш асосида шахсий ёки оилавий сирни ташкил этувчи шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш мақсадида ахборотни ноошкора олиш учун мўлжалланган махсус техник воситалардан қонунга хилоф равишда фойдаланишга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Ўйлаймизки, мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши фуқароларнинг шахсий маълумотларини, шахсий ҳаёти ва манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кучайтириш орқали уларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришларига имкон беради.

Зафар Эргашев,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг масъул ходими

 

Report Page