«ШУМ БОЛА»НИНГ ЖОЗИБАСИ

«ШУМ БОЛА»НИНГ ЖОЗИБАСИ


«Шум бола» асари Ғафур Ғулом ижоди­нинг насрдаги юксак чўққиси ҳисобланади. Қиссанинг фазилатлари жуда кўп. Айнан шу асарида адибнинг чўнг бадиий маҳорати яққол кўринади. Муҳими, «Шум бола» ўзбек адабиёти тарихидаги мингдан ортиқ қиссалар орасида ўз поэтик қиммати билан ҳамон биринчилар қаторида турибди. Бу асарни ўқиган борки, Ғафур Ғуломнинг ибрат мактабидан са­боқ олиши табиий.

                             -1-

 Ғафур Ғуломнинг хос шогирдларидан бири Эркин Воҳидов айтадики:  

«Эл устозим, мен эсам – толиб! 

 Сўз дурларин термоқдир ишим.

 Одамларнинг ўзидан олиб,

 Одамларга бермоқдир ишим».

Халқдан олиб халққа бериш Ғафур Ғуломга ҳам хос эди. Халқ орасида кенг тарқалган таъбирлардан бири шуки, кимдир меҳ­мон бўлиб ёки сафардан келадиган бўлса, «ҳалигина қовоғим учиб турган эди» таъбири қўлланади. Шум бола уйидан қочиб, аммасининг уйига борганида унга «Кел-а, бўйингдан гиргиттон бўлиб кетай, сени қайси шамол учирди, акам тирилиб келдими, ҳалигина қовоғим учиб турган эди» дейди, поччаси ҳам «неча кундан буён кўзим учиб, йўлпашша айланиб юрган эди...», дея Шум болани мам­ну­ният билан қарши олишади. Кўз-қовоғи учса, одамлар орасида яхши ёки ёмон нимадир содир бўлишига тегишли ирим бор. Ҳолбуки, бунинг инсон ҳаётига, кимнингдир келиш-кетишига алоқаси йўқ. Аммо Шум болани аммаси билан поччаси хуш кайфият билан, келганидан хурсандлигини билдириш учун кўзи, қовоғи учганини айтади. «Ўнг қабоғим учди-я, чап қабоғим учди-я», деган шаклда халқ орасида қўшиқлар ҳам бор. Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг умри охирида халқона услубда ёзган соғинч туйғулари жамланган шеърларидан бири ҳам «Ўнг қовоғим учди-ё» деб номланади...

Ғафур Ғулом халқ ҳаётини, халқ оғ­за­ки ижоди намуналарини, мумтоз Шарқ адабиёти дурдоналарини пухта билар эди. Фахриддин Али Сайфийнинг форс тилида битилган ихчам, қизиқарли ҳикоят ва ривоятлар, машҳур шахслар ҳаётига доир лутфлар жамланган «Латофатнома» асарида «Тани бошқа дард билмас» сарлавҳаси остида қизиқ бир воқеа баён қилинади. Ривоят мазмунига кўра, бир бадавлат киши йўлда оч қолган бадавий ҳамқишлоғини учратиб қолиб, ун­дан ҳол-аҳвол сўрайди. Бадавий бошида яхши хабарлардан сўзлайди. Аммо зодагон таниши хуржунидаги егуликларини ўзи еб, унга эътибор бермагач, бадавий қорин тўйдириш илинжида қувлик йўлига ўтади. Бойвачча яхна гўшт чайнаб, суя­гини дайди итга улоқтирган пайтда уларнинг ўртасида қизиқ суҳбат бўлиб ўтади.

 Дарҳақиқат, бойвачча йўловчи билан бадавийнинг мазкур суҳбати Ғафур Ғулом асаридаги «иннанкейинчи» – Сарибой билан Шум бола ўртасидаги кульминацион диолог мазмунига қайсидир маънода яқин келади. «Латофатнома»даги ривоятда кучук, туя, йўловчининг хотини, ўғли билан уйғун кетма-кетлик бор. «Шум бола»да бойнинг дандон сопли пичоғи, този ит ва тўриқ қашқа отининг ўлиши, қўрғончага ўт кетиши, Бўрибойваччанинг ўлиши – бу ҳодисалар­ни қиёслаш ва адиб сув ичган булоқлар хусусида мулоҳаза юритиш ҳам мумкин. 

 Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом халқ орасида тарқалган бундай латифанамо ривоятларни жуда яхши билар эди. Таниқли мунаққид Озод Шарафиддинов фикрига кўра: «У нафақат моҳир латифагўй эди, балки ўзи ҳам қанчадан қанча янги латифаларни тўқиб чиқарар, кейин улар Насриддин афанди ҳақидаги ҳикоялар тарзида кенг тарқаларди». 

«Шум бола» қиссасидаги ривоятга ўхшаш воқеалардан айримлари халқ ичидан олинган бўлса, кўплари Ғафур Ғуломнинг ўз тўқималари, импровизациялари эканига шубҳа йўқ, албатта.

                           -2-

«Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамони гоҳида «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган» эртакнамо манзиллардан ўтади. Қиссада халқ оғзаки ижоди­нинг турли жанрлари, жумладан, мақоллардан ҳам намуналар келади. «Семизликни қўй кўтарар», «Бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак», «Маслаҳатли тўн тор келмас», «Шериклик ошни ит ичмас», «Эл оғзига элак тутиб бўлмайди», «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди» кабилар фикримизга мисол бўлади. Мақоллар қиссанинг турли эпизодлари­да ҳар хил вазиятларда турли қаҳрамонлар тилидан айтилади. Айниқса, ҳар гапга «Яхши бузоқ икки онани эмибди» каби бир мақол қўшадиган Ҳожи бобо мусофирлик нима эканини яхши билади; шу боис Шум болага «Киши мусофир бўлмагунча, мусул­мон бўлмайди», дея ўгит беради.  

Такяхонадаги шубҳали воқеалар гирдобида қолган Шум бола: «Гуноҳинг бўлмай туриб, шубҳа остида яшашдан ортиқ азоб йўқ», деган ҳаё­тий тажрибадан ўтган ҳикматни айтади. Ҳар бир замонга мос келадиган ва асло инкор қилиб бўлмайдиган даҳшатли ҳақиқат бу. Кимки гуноҳ­сиз, ҳеч бир айби бўлмагани ҳолда шубҳали шахс дея гумонланиб ойлар, йиллар давомида тинч-осойишта истиқомати­га изн берил­масдан уйининг теварагида ҳамиша хуфия­лар изғиб юрганини билса, табиийки, ҳеч балони, айниқса, ўзининг мутлақо айбсиз ва асло гуноҳсиз эканини тариқча исботлай олмай, сарсон-саргардон бўлса, минг бора табиийки, энг катта азоб-изтиробларни бошидан кечиради. «Гуноҳинг бўлмай туриб шубҳа остида яшашдан ортиқ азоб йўқ» – бу нафақат Шум боланинг, балки Ғафур Ғуломнинг ҳам шахсий дардидек туюлади одамга. Ўз теграсидаги ижтимоий адолатсизликларни кўриб, кичик бир доирада ёзғиради: «Армонларим, ҳас­ратларим ичимда булоқ бўлиб қайнаб ётибди, лекин минг афсуски, булоқнинг кўзига қозиқ қоқилган» (Ф.Абдуллаевнинг Ғ.Ғулом ҳақидаги хотираларидан). Ҳақиқатни айтишнинг йўллари, усуллари кўп. Фақат ҳақиқатнинг рангини билиш керак, фақат ҳақиқатнинг юкини сезиш керак, фақат ҳақиқатнинг кўзига тик боқиш керак. Мустабид тузум, ғайриодил жамият тўғри, ҳақгўй, покиза одамларни ҳеч қачон сиғиштирмади, тинчини бермади. Уларни азобларга, туҳматларга, синовларга, хуфия­ларга дуч қилди. 

                             - 3 -
Бадиий асар таркибида келадиган китоблар муайян поэтик вазифа бажаради; асардаги образларга боғланиб, уларнинг билим даражаси ва дунёқарашини кўрсатади. Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» қиссаси таркибида бир неча марта Қуръони карим тилга олинади. «Ҳафтияк» – Қуръоннинг еттидан бир қисми эсланади. Шум болага Қўрғонтагида Ҳасанбой домла «Устоди аввал» китобидан ўқитиб, саводини чиқаради. 

Кўктеракдаги бозорни таъриф-тавсиф қила туриб: “Бай-бай, бундай бозор «Қиссас ул-анбиё»да ҳам, «Ҳурилиқо» деган китобда ҳам ёзилмаган, ҳеч қаерда – тарих­да йўқ”, дея китоблар номига мурожаат этади. 

Танишган одамлар кўпинча ўзаро китоблардан, билим ва саводдан сўз очади­лар. Ҳожи бобо Шум болани новвойхонада учратиб эргаштириб кетар экан, ундан ўқиган китоблари ҳақида сўрайди. «Сўфи Оллоёр»нинг ярмисида қочганман” дейди. Қисса ҳошиясида бу жумлага «Эски мактабда савод чиққандан сўнг ўқитиладиган китоб. Каттақўрғонлик Сўфи Оллоёр деган шоир асари (ХВИИ аср)» деган изоҳ ёзилади. Ҳожи бобо Шум боланинг жавобига муносабат билдириб, сўз ўйини билан айтадики: “Бай-бай, гапнинг айни қизғин жойида қочган экансан. «Жаҳаннам»дан қочган экансанда, а, болам? 

– Ҳа, шунақа.

Чол «Сўфи Оллоёр» китобининг «Жа­ҳаннам қасидаси»ни куйлай бошлади...”

«Саботул-ожизин» китобидан олиб ўқилаёт­ган бу парча Ҳожи бобонинг саводи, даражаси, дунёқарашидан дарак беради. Шунингдек, Ҳожи бобонинг такяхонасидаги мижозлар «Жангномаи Абу Муслими соҳибқирон» китобини ўқишади. «Ахлоқи Муҳсиний» эса бозордаги Кўса воиз тилидан ўз шажараси муносабати билан тилга олинади. Бадиий асарлар таркибидаги китоблар, асарлар тарихий давр муҳитидаги китобхонликни англатишга ёрдам беради.

Китобдан одам баҳра олиши лозим. Китоб инсоннинг маънавиятини юксалтириши, ҳаётига мазмун бағишлаши керак. Акс ҳолда одамнинг тўрт оёқли жонивордан фарқи қолмайди. Шунинг учун асарнинг бир ўрнида Шум бола фойдасиз ишга нисбатан «китоб ортилган эшакдай бебаҳра қолавера­манми», деб ўхшатиб ёзғиради. 

                             - 4 -

Ғафур Ғулом – шоир. Насрда ҳам унга шеър бегона эмас. Шунинг учун «Шум бола» асари матнини шеърий парчалар билан зийнатлайди, музайян қилади. Зеро, қисса Ғафур Ғуломнинг лироэпик тафаккури маҳсули ўлароқ майдонга келгандек таассурот қолдиради. «Шум бола»да шиддат ва ўзига хос маҳзун, юморис­тик ички оҳанг бор. Ўндан ортиқ назм парчалари берилган қисса шеърий асардек ўқилади. 

«Дарёларнинг ул юзида 

 Уйларингиз-а, ёр-ёр.

 Оқаришиб кўринади 

 Бўйларингиз-а, ёр-ёр». 

Бундай шеърларнинг аксарияти халқ оғзаки ижодига тегишли. Айрим ўринларда­ги қўшиқлар қаландарларнинг «Ё олло дўст, ё олло. Ҳақ дўст, ё олло» каби зикр­ларидан иборат. Шунингдек, зарур эпизод­ларда мумтоз адабиётдан, дейлик, Сўфи Оллоёр­нинг «Сабот ул-ожизин» китобидан:

«Жаҳаннам узра бир кўприк эрур, оҳ,

 Ўшал кўприк Сирот отлиқ гузаргоҳ.

 Қиличдан тез эрур, қилдин ингичка, 

 Пушаймонлар ўшал кун тушгай ичка», – 

деган парча олинади.

Қиссанинг охирига келиб, қиш кириб, илк қор ёғиши муносабати билан Шум бола қорхат ёзади. «Қорхат бу турур:

Қорни ёғдирган худойимнинг ўзи,

 Хат бориб тегсин, кийим-бошнинг сўзи.

 Ҳожи бобо, биласиз, эгнимда йўқ,

 Ўз пулимга олгали қўйнимда йўқ…»

Табиийки, «етим шогирд илтижоси» ва илҳомига Ғафур Ғуломнинг ўзи котиблик қилади. Шум бола тақдим этган шеърнинг муҳокамаси ҳам қизиқ: «Етти марта Ҳаж ато этсин Худо»ни эшитганда кўзига ёш олди. «Етим шогирдингиз» деган имзога келганда ийиб кетди”. Ҳожи бобо унга: «Буни сен ёздингми, баччағар, табъи наз­минг ҳам бор эканку...», дейди ҳайрат ва мамнуният билан. Шум болага қора духоба қалпоқ совға қилади. Зеро, гапга ниҳоятда чечан Шум боланинг шеърий қобилиятига, «Қорхат»и – «табъи назми»га биров шубҳа қилмайди. 

Шум боланинг шумлиги тутиб ёзган «қорхат»ида беозор ва ҳазилга мойил миллий қадриятлардан бири ўз аксини топган, деб ҳисоблаш ўринли. Қолаверса, тўққиз ёшида отасидан, ўн бешида онасидан ажралган Ғафур Ғулом юрагида етимлик изтироблари бор:

«Етимлик нимадир – 

 Бизлардан сўра. 

 Ўнинчи йилларнинг 

 Саргардонлиги; 

 Иситма аралаш 

 Қўрқинч туш каби 

 Хаёл кўзгусидан 

 Ўчмайди сира. 

 Мен етим ўтганман, 

 Оҳ, у етимлик...». 

Орадан йиллар ўтган бўлса ҳам, бу азоб-уқубатлар шоирнинг «хаёл кўзгу­сидан» асло ўчган эмас.

                             - 5 -

Ғафур Ғулом ўз қаҳрамонларини ма­ҳалласи, теварак-атрофидан топади. Шум бола характерига ўз табиатидаги қитмирона-юмористик беғубор кайфиятини юқтиради. Қиссадаги Ҳожи бобо характери хусу­сида адибнинг шундай эътирофи бор: «Ҳожи бобога марҳум дадамнинг кўп қизиқ хислатларини, сўзларини шундоққина ёзиб қўя қолдим. Дадам ҳам кўчада юрганларида ҳассаларининг учи билан йўлдаги қоғозларни титиб кўрардилар, нон тушиб қолган бўлса, олиб ўпардилар, кўзларига суртиб, кейин девор ковагигами, баланд­роқ жойгами қўярдилар. Ҳожи бобо ҳам шуна­қа қилади» (Саид Аҳмад хотираларидан). Шум боланинг бошида тухум чақилиши ҳодисасининг ҳам биографик асослари бор. Назаримда, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» қиссасини муаллиф эътирофлари, архивидаги манбалар, мактублар, замондошларининг хотиралари негизида биографик метод асосида бемалол ўрганиш мумкин.

Қиссанинг умрбоқийлик сирлари, жозибаси, яшовчанлиги, ўқувчиларини ўзига оҳанрабодек тортиб туриш қуввати – булар кўплаб мулоҳаза ва муҳокамага муносиб, албатта.

Ғафур Ғулом қиссасида англаш лозим бўлган «эзопона тил» ҳам мавжуд. «Шум бола» фақат кулги, пичинг ёки Шум боланинг саргузаштлари баёни учунгина ёзилган эмас. Дарҳақиқат, Шум бола образи Ғафур Ғуломга ўз ҳаёт фалсафаси, давр талотўплари, катта-кичик одамлар қиёфаси, инсон табиатидаги эврилиш­лар, рост ва ёлғон, олим ва жоҳил – шу тоифадаги бир дунё тушунчаларини бадиий талқин этиш имконини беради. Ижодкор хаёлида воқелик ғужғон юради; дарди бўлади. Йўсинини, усулини, баён тизимини тополмай қийналиши мумкин. Шум бола образи – Ғафур Ғуломнинг бахтли топилдиғи. Қолаверса, Шум бола ўз ҳолини, кўрган-кечириганларини ўзи сўзлайди. Қиссанинг эстетик қийматини белгилашда воқеликнинг бундай баёнига урғу бериш ҳам муҳим, албатта.

                       

 Баҳодир КАРИМ

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон

Report Page