ШУМ БОЛА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ҚАНДАЙ “САЙР” ҚИЛГАН – ЮЗ ЙИЛ ОЛДИНГИ ТАРИХГА НАЗАР
Ғафур Ғуломнинг қалби дарёдек тошқин Шум боласи борган манзиллар ҳозир қаерда қолди? Буюк адибнинг тақдири шўр Шум боласи Тошкент атрофларида нон ахтариб, ризқ ахтариб қаерларга борган?
Умуман, “Шум бола” этнографлар учун ноёб қўлланма. Унда XX аср бошларида Тошкент ва унинг атрофларида мавжуд шаҳар-у қишлоқлардаги маданий ҳаёт, исмлар, жой номлари, болалар ўйинлари, маиший турмуш тарзи ҳақида жонли ҳикояларни ўқийсиз.
Қуйида етимликда, хор-у зорликда ёз ойларида шаҳар атрофларини кезиб юрган шум бола – Қоравой ва унинг дўсти Омон бугунги Тошкент вилояти ҳудудининг қаерларида бўлганини ҳавола қиламиз.
1. Шум боланинг дўсти Омон билан Кўктеракдаги бозордаги ҳангомалари, шешенинг ўтовидаги ўғри киссавур Султоналининг ва унинг шериклари билан дастурхон устидаги мулоқот воқеалари бўлиб ўтади.
Кўктерак - ҳозирги Тошкент туманидаги катта қишлоқлардан бири.
2. Тошкент, Чимкент ва Сайрам музофотларининг чоракам бир каъбаси, дея таърифланган Эшонбозор шаҳри бўлди. Бу – ҳозирги машҳур “Бек барака” бозори яқинидаги “Эшонгузар” мавзеси деб тахмин қилинади.
Бу жой бугунги кунда Зангиота тумани ҳудудида ҳисобланади.
3. Эшонгузардан ҳайдалган Қоравойнинг Калас дарёсини кечиб ўтиши ҳикоя қилинади. Айнан шу ерда бирорта уловли йўловчини кутиб, олдидан катта дарё чиқиб қолган машҳур сайёҳларнинг ашуласини сувнинг шарқироқ оқинларига қараб куйланади.
Дарё тошқин, сувлар тўлқин,
Ўтолмайман-а, ёр-ёр,
Отим ориқ, манзил узоқ,
Етолмайман-а, ёр-ёр,
Отгинамни ориқ қилган
Шу майда тош-а, ёр-ёр.
Рангинамни сариқ қилган
У қаламқош-а, ёр-ёр...
Шу орада ориқ байталга минган узумчи чол болани нариги томонга ўтказиб қўйишга мажбур бўлади. Отахон бу жойлар ҳақида айтиб беради. Маълум бўлишича, дарёни номи Калас, унга нисбатан эса Қури Калас қишлоғи деб номланган экан.
Адабиётларда бу ҳақида – Қозоғистон вилояти ва Тошкент вилоятидаги дарё бўлиб, ҳудуддаги Қоплонбек қишлоғидан қуйироқда жуда саёзланиб қолади. Ҳозир унинг ҳавзаси паст тоғларда бўлганидан у қадар серсув эмас, дарёнинг текисликка чиқиш жойида мавсумига ўзгарувчан бўлади.
Ўз номига монанд халқ тилидаги Келес айни пайтда Тошкент тумани маркази ҳисобланади.
4. Асарда Шум бола билан яна бир ҳангомаси шу ерлик Сарибой бўлис мулкида содир бўлади. У ҳақида бола “Хўжайинларимнинг ичида энг худо урган бадбахти, зиқнаси” дея таъриф берган.
Сарибой Чувалачидаги Юсуф контор билан қимор ўйнаб, унинг мевазорлари ички-ташқи қўрғончаси, бутун дов-дастгоҳининг ҳаммасини ютиб олди. Бу жой Себзор даҳасидаги қадимги маҳалла. “Тошкент” энциклопедиясида келтирилишича, Тешикқопқа, Чигитбоши, Кадувот, Ҳасанбой маҳаллалари билан чегарадош. Ўша пайтларда бу ерда 100 дан ортиқ хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, кўпчилиги ҳунармандчилик, деҳқончилик ва боғдорчилик (шаҳар ташқарисидаги ерларида), савдо-сотиқ билан шуғулланган. ХХ аср бошлари Чувалачида тегирмон, бир неча баққоллик дўконлари, чойхона, масжид бўлган. Ҳозир Чувалачи ҳудудида бир қаватли турар жой бинолари сақланган. Чувалачи кўчаси мавжуд.
Айни пайтда Чувалачи Тошкент туманидаги маҳаллалардан бири ҳисобланади.
5. Мазкур асарда, шунингдек, Кўктерак бозорида тошкентлик бойнинг қўйларини ҳайдаб борган Қоравой ва Омон иккаласи шу ердан ҳам қочишади. Икки дўст ўртасидаги жанжалдан сўнг қаҳрамонимиз тағин шаҳарга қайтади. Унинг Ҳожи бобо уйидаги сархуш кўкнорли чилим чекувчи гиёҳвандлар билан бўлган ҳаётий воқеалари орқали адиб болаларнинг оғир турмуш шароитини моҳирлик билан тасвирлаган.
Тошкент туманида жойлашган Кўктеракдаги мол бозор ҳозир ҳам бор, бироқ илгаригидек Тошкент атрофларидаги энг катта ҳайвон бозори эмас.
6. Қоравой уйида қочиб Сағбонга аммасиникига боради. У ерда поччасининг қарчиғайларига қатиқ ичиравериб, овчи қушларини ўлдириб қўяди. Фақат қумри қолади. Шунда у ердан ҳам қочиб кетади. Поччаси онасининг олдига бориб, ўғлини қидираётган онаизорга қараб, Қоравой Қоплонбекдаги амакиларининг олдига кетганини айтади.
Қоплонбек ҳозирги Тошкент туманида жойлашган қишлоқлардан бири.
7. “Шум бола” фильмини кўрганда Омон ва Қоравой мол бозорида ариқ бўйида ўтириб, ошамлаб-ошамлаб, сопол косани бошидан кўтариб увра оши еган жойини яхши билишади. Бу Золариқ (ҳозирги номи Заҳариқ) бўлиб, Кўктеракдаги машҳур мол бозоридан оқиб ўтган.
Ҳозирги кунда асарда келтирилган Заҳариқ бўйлари М.Позилов агрофирмаси ҳудуди ҳисобланади.
8. Султон киссавур бозорда бир Абдурайим исмли бўш-баёв йигитнинг пулини ўмариб, алдайди. Муттаҳамлик қилиб, унинг ўзини ўғрига чиқаради. Ўша Абдурайим йигит “Тўқли жаллоб” маҳалласидан эканлигини айтади.
Бу маҳалланинг бир қисми ҳозир Зангиота тумани ҳудудида тўғри келади, бир қисми эса пойтахт ҳудуди ҳисобланади. Маҳалла Тошкентнинг Кўкча мавзесига қараган, асосан мол савдоси (жаллоблик) билан шуғулланган.
9. Бозордан чиқиб, Яхшиқиз кампирнинг уйида тунаб қолишади. Шу ерда Шум бола “Дарё тошқин”ни куйлаган жой. Ярим тунда Султон киссавур домлани бор пулини олиб қўяди. Эрта тонгда домла Омон билан Қоравойни уйғотиб, киссавурлардан қочиш кераклигини айтади. Улар Қинғироқ тепа деган жойга қараб қочмоқчи бўлишади.
Қинғироқ тепа Тошкент тумани ҳудудидаги қишлоқ, шу номдаги канал ҳам оқиб ўтади.
Умуман олганда, Ғафур Ғулом Шум боланинг саргузаштлари орқали биз учун яқин ва оддий одамлар ўз ҳаёти билан андармон бўладиган манзилларда халқ ҳаётининг, инсон ички оламининг турфа манзараларини гувоҳи бўламиз. Эндиликда ушўбу адабий асар орқали Тошкент вилоятининг бу жойлари ҳақида географик ва тарихий маълумотлардан фарқли ўлароқ бир бола нигоҳи билан ўша давр нафасини ҳис қилгандек бўламиз.
Шу ўринда бир таклифни билдирмоқчи эдик. Украинанинг Одесса шаҳрида “12 стул” ва “Олтин бузоқ” романлари қаҳрамони Остан Бендерга ҳайкал ўрнатилган. Умуман, машҳур адабий қаҳрамонларга қўйилган ҳайкаллар ва монументлар кўп. Чирчиқда Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” шеърига монумент қўйилган.
Асар воқеалари Кўктерак ва унинг атрофларида, Келес, Чувалачи сингари ҳудудларда бўладиган “Шум бола” қиссаси ва унинг қаҳрамонлари учун Тошкент туманида хиёбон ёки ёдгорлик ташкил қилинса, ёшларнинг севимли маскани бўлар эди.
Бу ишнинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Чунки 100 йиллар бурун болалар оч-наҳор, ўғирлик оддий иш, шумлик ҳам шунга яраша, юрт эгасиз, киссавур кўп, бойларда инсоф йўқ бир кунлар ўтган. Бугуннинг болалари шум қадам, шум тақдир эмас, улар хуш қадам, хуш тақдир болалар.
Аммо ўтмишни унутмаслик, ёд этиб туриш ҳам керак-да...
Абдулазиз МУСАЕВ,
“Yoshlar kundaligi” мухбири.