ШОИРНИНГ ИҚРОРЛАРИ

ШОИРНИНГ ИҚРОРЛАРИ

https://t.me/ijod_bustoni

Шеър қандай ҳолат, кайфиятда ёзилмасин, унда ҳар доим ҳам рост сўзлар ифода топиши мушкул. Асрлар оша оғиздан-оғизга кўчиб келаётган, жойи келганда бот-бот эсга олинадиган “Энг яхши шеър – ёлғон шеърдир” нақли ҳам шунчаки пайдо бўлган эмас. Истаймизми-йўқми, бадиий тасвир воситалари талаби, шеърий пафос ва оний ҳаяжонлар сатрлар бағрига рост-ёлғон туйғуларнинг сингиб кетишига омил бўлади.

Бироқ нима сабабдан шеърхон ёки тингловчи қай бир ижодкор битикларини ўқиётиб ёхуд тинглаётиб, туйқус тиззасига уради? “Топиб ёзибди, лекин. Тўғри-да, бор-да шундай одамлар, бўп туради-да бунақа воқеалар”, дейди?

Ҳамма гап шундаки, айни шу лаҳзаларда ўша мухлис юрагида шоирнинг рост сўзлари акс садо берган бўлади, шоирнинг иқрорлари мухлиснинг иқрорлари билан уйғун келган бўлади. Холисона айтганда, ана шу рост сўзлар, мардона иқрорлар шоирни мухлисга яқинлаштиради, шоирни мухлисга севимли қилади.

Устоз шоир, дилбар шоир, мард шоир Абдулла Орипов ана шу йўлдан борди. Деярли бутун ижодий умри давомида рост иқрорларни қоғозга туширишга, ҳаяжонларга алданмасликка бутун борлиғи билан ҳаракат қилди. Зотан, унинг илк қадамлари ростлик билан эш эди, тўғрилик билан битим тузган эди. Бўлмаса, ўтган асрнинг олмишинчи йилларида митти юлдуз бўлиб порлаган йигирма тўрт ёшли йигитчанинг сўзи бу қадар ўтли бўлармиди:      


Булутларга ёндош, осмон остида

Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.

Қиличнинг дамидай арқон устида

Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.


Одамлар, одамлар, уни олқишланг,

Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам.

Биз-чи, эҳ... баъзи бир кўзи очиқлар

Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам.


Тўғри-да, дорбоз ингичка ип устида рақсга тушганда, бизнинг кенг-мўл кўчада эплаб юролмаслигимиз уят-да. Аммо шоир ўқувчини уялтириш билан иш битмаслигини яхши билади. Шу боис ўзининг ҳам шу сафда эканлигига мардона иқрор бўлади. Бунда биргина сўз, биргина ишора кифоя қилади: “Биз-чи, эҳ... баъзи бир кўзи очиқлар...”

Шоирнинг муҳаббат тараннумига бағишланган манзумалари ҳам ана шундай иқрорлари билан қадрли. Биргина “Биринчи муҳаббатим” шеъридаги иқрорлар кимларни йиғлатмади, дейсиз. Қўшиқ бўлиб янграганда, қай бир кўнгилга ҳаяжон, титроқ солмади, дейсиз. Албатта, бу иқрорлар фақат шоирнинг ўзигагина дахлдор эмас. Ўн саккиз ёш тўфонларини кечган ҳар бир қалбда бу иқрорлар изи бор. Ҳамма гап шундаки, ҳамма ҳам ўша изларни қоғозга кўчиравермайди, аниқроғи, кўчира олмайди. Хўш, нима қилиш керак? Шундай мардона иқрорлар ифода топган шеър ёхуд қўшиққа бағир тутиш керак. Шунда ўзингга яқин келаверасан, ўзлигингга яқин келаверасан. Рост сўз – рост сўз-да, ахир: “Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим...”

Хўш, кейинроқ-чи, йўлнинг бир қисми босиб ўтилгач, ёш анчага боргач, қалбни ишқ безовта қилмайдими? Айни шундай лаҳзаларда инсоннинг кўнглидан нима кечади? Қанақа ғалаён, пўртаналар тўлқин уради унда? Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб бериши мумкин. Бироқ кўпчилик, “деҳқонча” қилиб айтганда, гапни айлантириши аниқ. Рост сўзни айтиш учун, иқрор учун журъат керак-да! Шундай журъатни шоир топади. Шундай иқрорни шоир қоғозга туширади. Яна, у-бу ҳақида ўйлаб ўтирмасдан, шеърига “Илтижо” деб сарлавҳа қўяди:   


Юзларингни, майлига, яшир,

Керак эмас нозлар, имолар.

Гўзалликнинг қошида, ахир,

Чўкка тушган ҳатто худолар.


Кимга фойда беҳуда жунун

Ва дунёга ғавғо солишдан.

Айрилиқдан қўрқмасман бу кун,

Мен қўрқаман севиб қолишдан.


Нимаси билан қадрли бу сатрлар? Нимаси билан дилга яқин бу изҳорлар? Кўпчиликнинг кўнглидан кечган-у, қоғозга тушавермагани учун! Ўзбекона андишани, бунинг устига, эркакнинг андишасини бутун оташу армони, жозибаси билан ўзида мужассам этгани учун:

"Мен қўрқаман севиб қолишдан..."

Шоирнинг ижтимоий лирикасида ҳам бу каби иқрорларга кўп ва хўп дуч келамиз. Умр йўли бепоёндек кўринади. Баъзида кундалик майда ташвишлар, баъзида ёшлик ҳавою ҳаваси, баъзида ғўрлик сабаб кимнидир ранжитамиз. Бир умр меҳр улашишга бурчли бўлганимиз инсонларни бир бор йўқлашга-да фурсат тополмаймиз. Яккаш ўзимизни ҳақли, ўзимизни дуруст, ўзимизни хабардор ва огоҳ санаб юраверамиз. Бир пайт қарасакки, карвоннинг манзили соя беряпти.

Ҳатто, шундай лаҳзада ҳам унча-мунчамиз иқрорга бўйин бермаймиз, саркашлик қилаверамиз. Кўксимизда йиғилиб қолган йиллар армонига таслим бўлгимиз келмайди. Шоир эса бу ишни қилади. Қилганда ҳам, ўзи ўртаниб, сўзи ўртаниб қилади. Бизни ҳам адоқсиз ўртаниш ва изтироблар гирдобига тортади:  


Кимгадир яхши гап айтдик, биродар,

Кимдир бир умрга ранжиб ҳам кетди.

Кун кеча ёш дердик ўзни бир қадар,

Бугун-чи, балоғат пайти ҳам кетди.


Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт

Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар.

Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,

Кимдандир сўралмай қолган узрлар...


Ҳа, бу армон унча-мунчада пайдо бўлган армон эмас. Бу – йиллар армони. Лаҳза-лаҳза йиғилиб, қалбга теран изтироб шамойилида ўрнашган армон. У ҳар бир инсоннинг қалбида макон қурган. Оғриқларга тўла макон, армонларга тўла макон: “О, йиллар армони, йиллар армони, Армон кўрмадим мен сиздан буюкроқ...”

Устознинг тўртликлари – ҳар бири бир китоб тўртликлар. Бир зукко илмпеша чоғланса, уларнинг ҳар биридан бир тадқиқот яратиши мумкин. Зотан, уларнинг ҳар бирида миллатнинг дарду ҳасрати жо бўлган, башарият қалбининг зиддиятга тўла олами ифода топган. Инчунин, шоир қалбидан кечган рост иқрорлар ҳам. Биргина тўртлик:


Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз,

Ғафлатда чалғиди ул дам кўзимиз.

Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,

Шўрпахта босамиз энди ўзимиз.


Шоирнинг бу иқрори фақат Наврўз ҳақидамикин. Биз ўзимиз билиб-билмай қанчадан-қанча қадриятларни йўқотиб қўйгандик ўша йилларда. Бунга тузум сабабчи бўлди, қўлимиз боғлиғ, дилимиз доғлиғ эди, дея ўзимизни ҳар қанча оқлашга уринмайлик, биздан ҳам ўтган хатолар, журъатсизликлар бор эди.

Кеча-ку, кеча. Бугун бизни шундай қадриятларга беписанд қарашга ҳеч ким мажбур қилаётгани йўқ. Аксинча, аждодларимиз бошида тутган ҳар бир азиз неъмат биз учун азиз бўлмоғи лозимлиги ҳар қадамда ёдимизга солиняпти. Шундоқ бўлса-да, ҳозир ҳам бу неъматларнинг қадрига етавермаймиз. “Бирда остидан, бирда устидан” қилиб кетаверамиз. Худди йўл ҳаракати қоидасини бузганда, жарима тўлаб қутулиб кетганимиздек, қадриятга беписандлик ёхуд бефарқлик айб туюлавермайди бизга. Мабодо, айб туюлганда ҳам, иқрор бўлгимиз келмайди. Шоир эса бу ишни эплайди. Боболаримиз азиз тутган қадриятлардан барчамиз номимиздан узр сўрайди: "Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз..."

Устознинг умр ҳақида ёзганлари – бир олам. Улар сирасида шукроналик туйғуси билан йўғрилганлари ҳам, сарҳисоб маҳсули сифатида қоғозга тушганлари ҳам, армон, иккиланиш, умидсизлик каби оний лаҳзаларда кўнгилга ёпишган ҳолатлар мевалари ҳам бисёр. Аслида-ку, шеърга дард доялик қилади. Бироқ шоир ҳам бутун умр дарднинг асири бўлиб яшашга маҳкум эмас-да. Шу боис аксаран дардни ўзимизга юқтирмаслик ёхуд дил дардини сиртга чиқармаслик пайида бўламиз. Бу юкдан ҳар ким ҳар хил йўл билан қутулишга уриниши мумкин. Шоирнинг эса қаламдан ўзга дарддоши йўқ. Абдулла устознинг “Бир қарасам...” сарлавҳали шеъри ана шу тариқа қоғозга тушган:


Бир қарасам, дўсту ёрдан кўнглим тўқдай,

Бир қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқдай.


Бир қарасам, суянчиқдай болаларим,

Бир қарасам, улар синиқ лолаларим.


Бир қарасам, бу дунёда бахтим бордай,

Бир қарасам, буткул олам менга тордай.


Бир қарасам, муродимга етгандайман,

Бир қарасам, кўзим очиқ кетгандайман.


Бир қарасам, шон-шуҳратга йўғрилганман,

Бир қарасам, эндигина туғилганман.


Инсон дунёга нима учун келади? У дунёда нималарга суяниб, нималардан умид қилиб яшайди? Алал-оқибат, бу суянчлар, бу умидлар рост бўлиб чиқадими? Ёхуд, аксинча, инсонга умр адоғида ўзини алдаб яшаганлигига имон келтириш тақдир қилинганми? Ёки инсон, охир-оқибат, ўзи билан ўзи ёлғиз қолишга маҳкум этилганми? Бу каби саволлар кўпчиликка бегона эмас. Айниқса, умрнинг катта қисмини талотўплар ичида ўтказган инсон бундай саволларга ҳар лаҳза рўбарў келади. Кўнгилга яқинлар кўнгилдан узоқлигини, дилга ошнолар дилдан йироқлигини эътироф этароқ қайғуга чўмади: “Бир қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқдай...”

Устознинг умр адоғида ёзилган шеърларида ҳам ана шундай мардона иқрорлар бутун бўй-басти билан ўзини кўрсатади. Булар – узоқ йўл босиб толиққан безовта руҳнинг иқрорлари, меҳр улашиб, ҳар доим меҳр насиб этавермаган дўсту ҳамроҳнинг иқрорлари. Булар – Буюк қудрат соҳиби сари сафарга отланаётган катта карвоннинг ўтли фарёди ила йўғрилган Шоир қалбидаги иқрорлар.

Ҳа, устоз сўнгги лаҳзаларда ҳам илк ижодий қадамида кўнглига туккан маслагидан кечмади. “Энг яхши шеър – ёлғон шеърдир” деган ақида билан муроса қилмади. Рост сўзлаш ва рост ёзишдан тўхтамади. Китобхонни алдаб бўлмаслигини теран ҳис қилди. Рост иқрорларгина ўқувчи қалбига йўл топа олишини бир лаҳза бўлсин хотирдан фаромуш этмади. Ишонасизми-йўқми, у истаса ҳам бундай қила олмас эди. Зеро, бу – Яратганнинг унга буюк инъоми, толеига битилган улуғвор қисмат эди! 


Шодмон СУЛАЙМОН,

филология фанлари номзоди

Report Page