ШОИР ВА ТИЛЛА БАЛИҚЧА ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯТ

ШОИР ВА ТИЛЛА БАЛИҚЧА ҲАҚИДАГИ ҲИКОЯТ


Айтишларича, иши юришмаётган шоирнинг қармоғига Каспий денгизида тилла балиқча илинибди.

– Шоир, шоир, мени денгизга қўйиб юбор, – дея ялинибди тилла балиқча.

– Бунинг эвазига сен менга нима берасан?

– Дилингдаги ушалмаган барча орзу-ниятларингни рўёбга чиқараман.

Шоир хурсанд бўлди ва тилла балиқчани денгизга қўйиб юборди. Бирданига шоирга омад кулиб боқа бошлади. Кетма-кет шеърий китоблари босилиб чиқди. Шаҳар ўртасидан уй берилди, яқин тумандан дала ҳовли олди. У жуда машҳур бўлиб кетди, танимайдиган одам қолмади. Гўё дунё унинг қаршисида кўмир чўғида сингдириб пиширилган, устидаги пиёзига саримсоқ қўшилган, сирка суви сепилган ликопчадаги кабобдай турарди. Қўлларини чўзса бас, маза қилиб ейиши мумкин.

У академик, депутат, лауреат бўлди. Кунлардан бир кун хотини унга дашном берди:

– Тилла балиқчадан шунча нарса сўрадинг, энди ундан ўзингга бирозгина истеъдод сўрасанг бўлармиди?

Шоир бирдан сергак тортди. Бирдан ўзига ўтган йилларда нима етишмаганини англади. Дарҳол денгиз томон йўл олди ва тилла балиқчага ёлворди:

– Тилла балиқча, тилла балиқча, менга бирозгина бўлса ҳам истеъдод бер.

Тилла балиқча жавоб қайтарди:

– Шу вақтгача нима сўрасанг ҳаммасини рўёбга чиқардим. Бундан кейин ҳам нима сўрасанг ҳаммасини бераман. Лекин истеъдод бера олмайман. Чунки менда шоирлик истеъдоди йўқ.

Расул ҲАМЗАТОВнинг “МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ” китобидан.


Report Page