ШОФИРКОНЛИК ШИЖОАТЛИ АЁЛЛАР ФАОЛИЯТИ МУНОСИБ БАҲОЛАНДИ
Бухоро вилояти бўйича бугунги кунда жами 101510 нафар ЎзЛиДеП аъзоси рўйхатга олинган бўлиб, улардан 57854 нафари аёллардан иборат. Шофиркон туманидаги 9005 нафар маслакдошларнинг салкам 6000 нафарини ҳам фаол ва жонкуяр хотин-қизлар ташкил этади.
Тумандаги мавжуд 50 та МФЙлар ўрамидаги хонадонларда истиқомат қилиб келаётган турли ёшдаги хотин-қизлар бугунги кунда асосан томорқа хўжалиги, иссиқхона ҳамда чорва моллари парвариши йўналишларида, тикувчилик соҳасида фаолият юритиб келаётганликлари партия “Аёллар қаноти” фаолларидан иборат ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида яққол кўзга ташланди. Эътиборлиси, аёллар етакчилигидаги оилавий корхоналар сони ҳам кейинги пайтда бирмунча ошган.
Агар 186 минг нафардан иборат туман аҳолисининг 86 200 нафарини хотин-қизлар ташкил этаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш шу куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлигини аниқ ҳис этса бўлади.
Ишчи гуруҳи аъзолари ўз ўрганишлари давомида айнан шунга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Табиийки, бир қатор хориж давлатлари билан ўзаро манфаатли шартномалар тузган ҳолда тайёр маҳсулотларини экспортга жўнатиш билан машғул бўлган ишбилармон ва тадбиркор аёллар фаолияти ҳам уларнинг эътиборидан четда қолган эмас.
Ана шундай аёллардан бири “Шодлик” МФЙнинг Шофиркон шоҳ кўчасида истиқомат қилувчи “Саодат гуллари” оилавий корхонаси раҳбари Саодат Исаевадир. Оила аъзолари асосан анвойи гуллар парвариши билан шуғулланадилар. МФЙдаги “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтари рўйхатига олинган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 4 нафарининг ҳам ушбу корхонада доимий иш билан таъминланганлиги эътиборга сазовордир. Туман марказидаги кўплаб хонадонлар ташкилот ва муассасаларнинг атрофини мазкур корхона ишчилари томонидан етказиб берилган бир-биридан чиройли гул ва ўсимликлар безаб турибди. Эътиборлиси бир қатор хорижий давлатлардан ҳам гул навларини олиб келиш ҳам С.Исаеванинг доимий мақсад-вазифасига айланган. Водий вилоятлари ва Хитой давлати билан имзоланган шартномалар ўз амалий натижасини бериб турибди. Четдан келтирилган гуллар маҳаллийлаштирилган ҳолда меҳр билан парваришланиб, экспортга ҳам жўнатилмоқда. Оилавий корхонанинг ойлик даромади ўртача 80-120 млн.сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, С.Исаеванинг болаликданоқ тикувчиликка бўлган ҳаваси уни айнан шу йўналишга фаолият олиб боришга ундади. Ҳозирги кунда у маҳалладошларидан 6 нафарини тикувчиликка ўргатиб, уларнинг мустақил равишда иш олиб боришларига кўмаклашмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари “Калон” МФЙда бўлишганда томорқа хўжалиги фаолиятида банд бўлган Зироат Саидова иш натижаларини ҳам кўздан кечирдилар. 3 сотихдан иборат 2 та иссиқхонадан олинадиган йиллик даромад яхшигина тош босиб, ойига 7-8 млн.сўмни ташкил этиб турибди. Режадаги мақсад-вазифалар ҳам залворли, -жами 20 сотихдан иборат экин ерларини олиб, 60 минг туп саримсоқпиёз экинини парвариш қилиш самараси ҳозирдан бошлаб кўзга ташланмоқда. Камида 60 млн сўмлик даромадга эришилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жонкуяр ва ишбилармон тадбиркор аёлнинг саъй-ҳаракати туфайли хонадонда 200 бош парранда ҳам парваришланиб, ҳар куни 170-180 тага яқин тухум олинаяпти. Чорвачилик аксарият қишлоқ хонадонларида бўлганидек, бу ерда ҳам асосий эътиборда. Яқинда ташкил этилган деҳқон хўжалигида 20 бош қорамол боқиляпти. Чекка ҳудуддан ажратилган 5 гектар майдонда эса озуқабоп экинлар етиштириш, шунингдек турли хил кўчатлар, айниқса мевали дарахтлардан мўл ҳосил олиш кўзда тутилган.
Туманнинг Бобоҳайдар МФЙда яшовчи оддий қишлоқ аёли Майсара Расулованинг бугунги фаолияти ҳам давр талаблари даражасида эканлиги билан эътиборга молик. Оила аъзолари билан бирга у ўз томорқасида помидорнинг чинто навини етиштириб, шу билан бирга бошқа бир қатор сабзавот ва полиз экинлари парвариши билан банд. Бу ерда ҳар йили 80-90 млн.сўмлик қўшимча даромадга эришилмоқда. Маҳалладош аёллардан 8 нафари ҳам томорқа хўжалиги ишига жалб этилган.
-Эришган натижаларимиз билан чекланиб қолганимиз йўқ, - дейди М.Расулова. Яқинда 20 сотихдан иборат булғор қалампирини етиштиришга мўлжалланган иссиқхона фаолиятини ҳам йўлга қўйдик. Тайёр маҳсулотдан келадиган даромад ўзини узоқ куттириб қўймади, - 110 млн. сўмни ташкил этди.
Ишчи гуруҳи аъзолари тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият олиб бориб, ўз оиласи ва хонадони баракасини кўпайтирибгина қолмай ҳамқишлоқ ва маҳалладош аёллар бандлигини таъминлаб келаётган С.Исаева, З.Саидова ва М.Расуловаларни “Ишбилармон аёл-2024” кўрик-танловининг кейинги босқичларида иштирок этишга тавсия этдилар.