ШИША ШИФТНИ СИНДИРИБ
Yusuf Absoatov 
“Ором олгин, олим боламо, алла”
(ўзбек халқ алласидан)
Ғарб телеканалларидан бирини томоша қилаётган эдим. Реклама бошланди. Ҳайратланишга тайёр туринг: КИТОБ рекламаси!
Қандай тасодиф: бир аср олдин бизда хонлик тугатилганидек, …хонлик ҳам тўхтаб қолди. Навоийхонлик, машрабхонлик, бедилхонлик, маснавийхонлик…
Диққат, савол!
Нега аксар ўзбек боласи китобхон эмас?
Келинг, шу саволга бошқа ракурсдан қараб жавоб излаймиз.
1. “Бугунги ёшлар китоб ўқимай қўйди, ўйинқар…” Тўхтанг! Майлими, жумлани бироз ўзгартирсак? “Бугунги ёшлар…” эмас, “Биз тарбиялаган ёшлар…” Бола китобхон бўлиб туғилмайди, у китобхон қилиб тарбияланади. Мен ёшликда отам ўқиган китобларнинг деярли ҳаммасини варақлаб чиққанман. Қуш уясида кўрганини қилади дейдилар.
2. Умрида бир китобни жўяли ўқиб кўрмаган жиянимга “Дунёнинг ишлари”ни тутқаздим. Гаплари қисқа, диалоглари кўп асар. Уч кундан кейин (!) шу адибнинг бошқа китобини сўради.
3. Токиодаги дўстим кафеларда буюртма келгунча китоб ҳақидаги буклетларни ўқишини айтиб қолди. Буклетлар столга жойланган, ҳар бири алоҳида китоб ҳақида маълумот билан тўлдирилган. Шу кафе туфайли ўнга яқин янги китоб билан танишибди.
Диққат, жавоб!
1. Ота-оналар китоб ўқишда болаларига ўрнак эмас. Айрим оилаларда китобнинг вазифаси фақат столнинг оёғи остидаги мувозанат воситаси, холос.
2. Ёшга қараб китоб тавсия қилувчи мутахассислар яхши ишлашмайди. Кези келганда икки ҳолатга эътиборингизни қаратсак.
Тўрт ёшли болага бирор эртак китобни олиб ўқиб беринг-чи, у тушунармикан. Эртаклар бола тилида ё-зил-ма-ган!!!
Неча йиллардан бери адабиёт дарсликларида Муқимийнинг “Саёҳатнома”си ўқитилади. Яйпанликлар енгилтак, бешариқликлар найрангбоз, оқйерликлар меҳмонсуймас… Нима бу?! “Эй одам, шундай номдаги ҳудудлар ҳозир ҳам бор, сен ўз ватанинг ёмонланган шеърни қандай ўқийсан?” демаган экан-да муаллифларимиз ўз-ўзига.
Тушунтира олган бўлсак, бизга яхшироқ мутахассислар керак.
3. Бизда китоб рекламаси йўқ деса ҳам бўлади. Танқидчи-адабиётшуносларнинг бугунги энг муҳим вазифаси – халққа китоб саралаб бериш. Ёшлигида бемаза қовоқ еб қўйган бола умрининг охиригача қовоқли таом емайди. Шу каби бемаза китоб ўқиб қўйган бола ҳам… Имтиёз берайлик: китоб дўконлари, нашриётлар китобларини ҳамёнбоп нархда реклама қилишсин. Автобус ва метро бекатларида, маиший хизмат жойларида кишини янги (таржима) асарларга жалб қилувчи “хўраксўз”лар бўлсин.
КИЧИК МУАММО: Мақола ёзаётганимда ўғилчам эртак давомини кутиб ухлаб қолибди.
ЎРТАЧА МУАММО: Сўзларимиз шиша шифтни маҳв этиб юқорироққа борармикан?
КАТТА МУАММО: Сўзлар амалиётга дўнармикан?
ДАХШАТЛИ МУАММО:
- Сизга қандай китоб керак?
- Фарқи йўқ, қалинроқ бўлса бас…
Юсуф АБСОАТОВ
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг
ахборот технологиялари ва ёшлар
бўйича ўринбосари