"ШИМОЛИЙ ОҚИМ — 2": РОССИЯ, ГEРМАНИЯ, АҚШ ВА АЛEКСEЙ НАВАЛЬНЫЙ
23,5° бурчак остида
Географик жиҳатдан дунёдаги энг йирик давлат бўлишига қарамай, Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулот ҳажми борасида охирги ўн йилликда иқтисоди "емирилиб" бораётган Италиядан ҳам ортда қолади. Аммо Россияни халқаро майдонда Италиядан бир неча баробар муҳим фигурага айлантирувчи бир қанча омиллар мавжуд. Ана шу омиллардан бири Россиянинг энергия ресурсларига, жумладан, табиий газга бой эканлигидир. Қуйидаги харитага қараб, Европа давлатлари рус газига қанчалик қарам эканлигини билиб олиш мумкин.

Харитада кўрсатилганидек, Марказий Европанинг деярли барча мамлакатлари қарийб бутун газ таъминотини шарқдаги қўшнисидан қабул қилади. Бу давлатлар орасида шубҳасиз, Германия ҳам мавжуд. Россия Европадаги иқтисоди энг йирик бўлган немислар юртининг табиий газга бўлган эҳтиёжининг 60 фоизини қондиради. 2021 йил ёзидан бошлаб бу рақам янада ўсиши кутилмоқда. 2016 йилда қурилиши бошланган "Шимолий оқим — 2" газ қувури Германия ва Россияни Болтиқ денгизи орқали тўғридан-тўғри боғлаб, Россиянинг Германияга табиий газ экспорт қилиш салоҳиятини янада ошириши кўзда тутилган.
Лекин айни лойиҳа Германия ва Америка орасида дипломатик низога сабаб бўлмоқда. 2020 йили Россия президенти Владимир Путиннинг сиёсий рақиби, мухолифатчи Алексей Навальныйнинг заҳарланиши эса "Шимолий оқим — 2" лойиҳаси атрофидаги низони янада чигаллаштириб юборди. 10 миллиард еврога баҳоланган ушбу транс-минтақавий газ қувури тамомланишига саноқли ойлар қолган бир вақтда, АҚШ санкциялари туфайли бир нечта компаниялар лойиҳани тарк этмоқда.
Хўш, нега Германия Россия газини сотиб олишга ошиқмоқда? АҚШ нега бу лойиҳага тиш-тирноғи билан қарши? "Шимолий оқим — 2" Алексей Навальный туфайли бекор бўлиши мумкинми?

Тоза энергия сари
Сўнги ярим аср давомида атом электр станциялари билан юз берган нохуш ҳолатлар ортидан, дунё мамлакатлари атом энергиясидан фойдаланишни минималлаштиришга ҳаракат қила бошлади. Бу борада Германия федерацияси пешқадам ҳисобланади. Германия 20 йилдан камроқ муддат ичида деярли барча атом электр станцияларини ёпиб улгурди. 2002 йилда, атом энергияси мамлакатнинг умумий энергия истеъмоли улушининг 90 фоизини ташкил қилган. Бугунга келиб эса, бу кўрсаткич атиги 3 фоиз.
Аммо айни вақтда, Германия Европадаги энг кўп энергия истеъмол қилувчи давлатдир ва мамлакатнинг энергия истеъмоли йил сайин ўсиб бормоқда. Шу сабабли, ҳукумат АЭСлар ёпилиши ортидан юзага келган энергия таъминотидаги дефицитни бошқа турдаги манбалар билан тўлдиришига тўғри келади. Бундай вазиятда, мамлакатнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш учун табиий газ энг мақбул ечимдир. Табиий газ кўмирга нисбатан анчайин кам ифлослантирувчи ва атом энергиясига нисбатан хавфсиз энергия манбаи ҳисобланади. Шунга кўра, Германия ҳукумати табиий газдан фойдаланиш даражасини оширишга бел боғлаган. 1990 йилда, Германия табиий газдан 40,000 гв. энергия ишлаб чиқарган бўлса, 2020 йилда, бу кўрсаткич 94,000 гв.га етган. Бугунга кунда мамлакат бир йилда 90 миллиард куб метр табиий газ истеъмол қилади. 2039 йилга бориб, бу рақам 110 миллиард куб метрни ташкил қилиши тахмин қилинган.

Геополитик зиддият
Германияни табиий газ билан таъминловчи асосий давлат Россия ҳисобланиб, Германия газ импорти улушининг 60 фоизини рус гази ташкил этади. Табиийки, арзон ва тоза энергия манбаи импорти Германия иқтисодига ижобий ҳисса қўшади. Аммо танганинг бошқа томонига қаралса, гэосиёсий зиддиятлар юзага чиқади. Муаммо шундаки, табиий газ каби стратегик аҳамиятга эга ресурслар борасида ягона давлатга қарам бўлиш импорт қилувчи давлатни эскпорт қилувчи давлатга нисбатан сиёсий кучини кескин камайтиради.
Юқорида таъкидланганидек, Шарқий Европа давлатларининг деярли барчаси Россиядан катта миқдорда табиий газ импорт қилади. Россия ҳукумати бу вазиятдан Шарқий Европа давлатларига қарши сиёсий қурол сифатида фойдаланиб келмоқда. Мисол учун, 2009 йил Россия Украинани газ таъминотидан икки ҳафта муддатга узиб қўйган. Гарчи "Газпром" (Россия ҳукуматига қарашли энергия савдоси билан шуғулланувчи корпорация) бу ҳолатни Украинанинг қарзлари билан изоҳлаган бўлсада, кузатувчилар фикрига кўра, Россия газ таъминотини тўхтатишга сабаб Украина бир йил олдин бошлаган НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари бўлган. Орадан беш йил ўтиб, Қирим можароси туфайли Россия яна бир бор Украинага газ экспортини тўхтатди. Аммо бу сафар бу сиёсий ўйиндан Германия ҳам жабр кўрди. Чунки Россиядан Германияга газ ташувчи қувурлар Украина орқали ўтган бўлиб, Украина газдан узилиши Германияга ҳам газ экспорти тўхташини англатарди.
Германия Россия учун Европадаги потенциали энг юқори харидор ҳисобланади. Икки давлат ҳам газ савдоси сиёсий зиддиятлар туфайли тўхтаб қолишини хоҳламасди. Ягона ечим Германия ва Россияни тўғридан-тўғри боғловчи янги газ қувури қуриш эди. 2011 йил "Газпром" ана шундай лойиҳа қурилишини эълон қилди. 1,222 километрлик "Шимолий оқим" газ қувури Болтиқ денгизи орқали Россияни Германияга боғлаши кўзда тутилган эди. Лойиҳа 2012 йилда битказилиб, фойдаланишга топширилди. 15.7 миллиард еврога баҳоланган бу транс-минтақавий қувур Россия ва Германия орасидаги газ савдоси ҳажмини 55 миллиард метр кубга оширди.

Шимолий оқим — 2
"Шимолий оқим" қувури Германияни газ импорт қилиш салоҳиятини сезиларли даражада оширган бўлишига қарамай, мамлакатнинг табиий газга бўлган эҳтиёжи йил сайин кескин суратда ошиб бормоқда. Ўз ўрнида, Россия ҳам сўнги йилларда чўкиб бораётган иқтисодиётини табиий ресурслар экспорти орқали мувозанатга келтиришга ҳаракат қилмоқда. Натижада, 2016 йил икки давлат "Шимолий оқим — 2" лойиҳасига старт берди. Аммо лойиҳа эълон қилиниши биланоқ, Украина ва бошқа бир қанча Шарқий Европа давлатлари билан биргаликда АҚШ ҳам қувур қурилишига норозилигини билдирди.
"Шимолий оқим — 2" қувури Россияга Шарқий Европа орқали ўтган қувурлар ёрдамисиз Германияга газ сотиш имконини беради. Бу Шарқий Европа ва Россия орасидаги қудрат мувозанатини бутунлай издан чиқариши мумкин. Чунки, "Шимолий оқим — 2" қувури фойдаланишга топширилган дақиқадан бошлаб, Россия бутун Шарқий Европани газдан узиб қўйиш кучига эга бўлади.
Американинг ҳам лойиҳага қаршилик қилиш учун бир қанча сиёсий ва иқтисодий сабаблари бор. Биринчидан, Россияни Европа давлатлари устидан сиёсий кучга эга бўлиши АҚШнинг қитъадаги манфаатларига қарши келади. Иккинчи сабаб иқтисодий бўлиб, Америка суюлтирилган газини Европага сотиш илинжида. Агар "Шимолий оқим — 2" ишга тушадиган бўлса, АҚШ Европа табиий газ бозорини Россияга бой беради. Якунда, Германия Америка иттифоқдоши эканлиги сабабли, АҚШ ҳукумати лойиҳада иштирок этаётган корпорациялар орасида фақат Россияга тегишли бўлганларигагина санкциялар киритиш билан чекланди.
Зоҳиран, қаршиликларга қарамасдан, "Шимолий оқим — 2" қувури битказилиб, ишга тушишишига шубҳа деярли қолмаган эди. Аммо 2020 йил ёзида, Россияда рўй берган ҳодисалар лойиҳа тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди.

Алексей Навальный
Владимир Путиннинг ашаддий сиёсий рақиби деб ном олган мухолиф сиёсатчи, Алексей Навальныйнинг "Hовичок" (Совет иттифоқи даврида ўйлаб топилган заҳар тури) билан заҳарлангани бутун дунёда шов-шувга айланди. Гарчи Навальный Германияда даволаниб, ўлимдан қутулиб қолган бўлсада, бу ҳодиса Россия ҳукуматини бутун дунё мамлакатлари танқид остига олишига сабаб бўлди. Навальный воқеасидан сўнг, "Шимолий оқим — 2" лойиҳасига қарши чиқаётган давлатлар орасига Франция ҳам қўшилди. Шунингдек, АҚШ ҳам лойиҳа иштирокдаги компанияларга нисбатан санкцияларни бир неча маротаба кескинлаштирди. Натижада, ҳозирга қадар жами 18 та компания лойиҳани ўз хоҳиши билан тарк этди.
Аммо санкциялар батамом самара бериши учун, улар немис компанияларга нисбатан ҳам қўлланилиши лозим. Айни пайтда Республикачилар партияси аъзоларидан босимлар бўлаётганига қарамай, Америка Президенти Жо Байден иттифоқдош Германияни жазолаш ниятида эмас.
Айни пайтда, қувур қурилиши жадаллик билан давом этмоқда. Ҳозирга қадар, умумий узунлиги 1,230 километр бўлган қувурнинг 1,100 километрдан зиёд қисми қуриб, тамомланган. Бошқа сўз билан айтганда, кўринишидан бир томонлама қўлланган санкциялар лойиҳани тўхтатиш учун етарли эмаслиги тайин. Ҳисоботларга кўра, лойиҳа шу йилнинг октябрига қадар тамоман якунланиши кўзда тутилган. Агар АҚШ лойиҳани тўхтатишга жиддий киришмоқчи бўлса, иттифоқдош мамлакат Германияга қарши қатъий санкциялар китиришга мажбур бўлади.
"Шимолий оқим — 2" Европа учун мураккаб масала бўлиб қолмоқда. Бир томондан, Европа давлатлари йиллар давомида арзон рус газидан фойдаланиб келмоқда ва лойиҳанинг ишга тушиши Европа иқтисодиётини янада жонлантиришга хизмат қилади. Бошқа томондан, рус газига қарамлиги аллақачон юқори бўлган Шарқий Европа давлатлари Россияга нисбатан бўлган сиёсий кучларини йўқотмоқда.
Отабек Абдуллаев тайёрлади