ШАРТНОМАЛАР

ШАРТНОМАЛАР

Ислом Молияси

Шартномалар ислом молияси маҳсулотларининг асоси ҳисобланади. Молиявий маҳсулотларни яратиш мижознинг талабларини қондириш мақсадида бир ёки бир неча анъанавий шартномалардан фойдаланиш имкониятидан келиб чиқади. Шартноманинг моҳияти шундан иборатки, у инсонларда бир-бирига нисбатан бўлган эҳтиёжларнинг ҳуқуқ ва қонун асосида қондирилишини таъминлайди. Араб тилида шартнома «Ақд» сўзи билан ифодаланиб, уни «боғлаш», деб таржима қилиш мумкин. Жўн қилиб айтганда, шартнома таклиф қилувчи билан таклиф олувчини ўзаро боғлайди.

Қуръонда шартноманинг кўплаб турлари айтиб ўтилган, жумладан молиявий хусусиятга эга ўнлаб турдаги, савдо шартномаларига оид 40 га яқин оят мавжуд.

Шу оятлар ичида Моида суранинг 1-ояти алоҳида аҳамият касб этиб, унда иймон келтирганларга «шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш» буюрилади. Шунингдек, аҳдга вафо қилиш ва зиммага олинган мажбуриятларни тўлиқ адо этиш мавзусидаги бошқа оятлар ҳам мазкур оят мазмунини акс эттиради.

Қонуний кучга эга ва бажарилиши мажбурий бўлган шартнома талаблари

Ислом тижорат қонунчилиги доирасида қонуний кучга эга  ва бажарилиши мажбурий бўладиган шартномани тузиш учун маълум шартларга риоя қилиниши лозим. Умуман олганда, ислом тижорат қонунчилигида қонуний кучга эга ва  бажарилиши мажбурий бўлган шартноманинг олтита таркибий қисми мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз моҳиятига кўра ҳал қилувчи таъсирга эга бўлиб, қисмлардан бирига риоя қилмаслик шартноманинг бекор бўлишига ва мажбурий ижро кучининг йўқолишига олиб келади, гарчи бошқа қисмларга тўлиқ риоя қилинган бўлса ҳам.

Шартноманинг олтита таркибий қисми қуйидагилар:

• таклиф

• таклифни қабул қилиш

• таклиф қилувчи

• таклифни қабул қилувчи

• шартнома объекти

• тўлов.

Бундан ташқари, шартноманинг мақсад ва вазифалари шариат тамойилларига тўғри келиши керак.

Таклиф

Таклиф – томонлардан бирининг иккинчи томонга қаратилган баёноти бўлиб, унда биринчи томон иккинчи томонни ўз таклифини қабул қилишга чорлайди. Техник жиҳатдан олганда, таклиф шартномада иштирок этаётган ҳар қайси томон, хоҳ эҳтимолий (потенциал) харидор, хоҳ сотувчи томонидан илгари сурилиши мумкин. Таклифни илгари сурган томон таклиф қилувчи, таклиф юборилган томон эса таклифни қабул қилувчи, деб аталади. Таклиф аниқ ва узил-кесил ҳамда таклиф қабул қилувчига етказилган бўлиши керак.

Таклифни қабул қилиш

Таклифни қабул қилиш – қабул қилувчи таклифнинг унда кўрсатилган шартлар бўйича қабул қилишини тасдиқловчи баёноти. Таклифни қабул қилиш жараёнида унинг айрим ёки барча шартлари бўйича ўзгариш киритилиши, таклифни қабул қилувчи томонидан қарши таклиф киритилишини англатади. Агар таклиф қабул қилинса, ушбу ҳақдаги хабар таклифни илгари сурган томонга аниқ-тиниқ равишда етказилиши лозим. Шуни таъкидлаш муҳимки, таклифни илгари суриш ва уни қабул қилиш оғзаки ёки ёзма равишда ёки томонларнинг муайян таклиф киритилганлиги ва уни қабул қилинганлигини англатувчи хатти-ҳаракатлари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Таклиф қабул қилинганда

Таклифнинг етказилиши ва унинг қабул қилиниши томонлар бир-бирининг ниятидан хабардор эканини англатади. Шартномани томонларга етказиш усуллари у томонларнинг бевосита ёки билвосита иштирокида тузилганига қараб турлича бўлиши табиий. Таклиф қабул қилингани ҳақидаги хабарни етказишнинг турли шакллари мавжуд бўлса-да, таклиф қабул қилингани қачон узил-кесил маълум бўлиши аниқ эмас. Агар таклиф масалан телефон орқали қабул қилинса, таклиф қилувчи унинг қабул қилинганини эшитган вақт ва жойда таклиф қабул қилинган ҳисобланади.

Бошқа ҳуқуқий тизимларидан фарқли ўлароқ, ислом тижорат қонунчилиги таклиф қабул қилиниши бир вақтнинг ўзида, яъни таклиф ҳам, унинг қабул қилиниши ҳам бир жараён давомида ўртада узилишларсиз амалга оширилишини талаб қилади. Бу – вақт узвийлиги талаби бўлиб, техник тилда шартнома жараёни дейилади, бунда жараён узилишларсиз кечиши назарда тутилади. Шу боис шартнома жараёнидаги узилишлар, жумладан овқатланиш учун танаффус, бошқа мавзуларни муҳокама қилиш, ёндашув ва муносабатларни ўзгартириш ёки ухлаб қолиш шартнома жараёнининг бузилгани ва таклифнинг вақт нуқтаи назаридан бекор қилинишини англатади. Мазкур талаб томонларнинг бевосита иштирокида тузиладиган шартномалар доирасида нисбатан осон бажарилади, аммо шартномалар томонларнинг бевосита иштирокисиз тузилиши чоғида уни бажариш бирмунча мушкул вазифа. Бундай ҳолатларни кўриб чиқишда ислом ҳуқуқшунослари таклифни қабул қилувчи таклифни қабул қилиб олган вақтни инобатга олган ҳолда хулоса чиқаришига тўғри келади. Қабул қилишга келадиган бўлсак, вақт узвийлиги қуйидаги ҳолатларда бекор бўлади ёки тўхтатилади: агар таклифни қабул қилувчи таклифга унда кўрсатилган вақт ичида жавоб бермаса, таклиф қилувчи таклифни бекор қилса ёки таклифни қабул қилувчи таклифни қабул қилишини изҳор этса. 

Шартнома томонлари

Шартнома томонлари ҳақида гап кетганда шуни айтиш жоизки, шартноманинг доимо икки томони бўлиши шарт: таклифни илгари сурувчи ва таклифни қабул қилувчи. Томонлар жисмоний шахслардан, шахслар гуруҳидан ёки юридик шахс, хусусан компаниядан иборат бўлиши мумкин. Шартнома тузилиши учун томонлар камида иккита бўлиши лозим, акс ҳолда таклиф қабул қилинмайди ва шартнома тузилган ҳисобланмайди. Шу ўринда инглиз қонунчилигидан фарқли ўлароқ ислом қонунчилигида бир томонлама шартномалар, жумладан хайр-эҳсон, ҳадя, васият ва ҳоказолар одатий шартнома сифатида қаралиб, бунда таклифни қабул қилувчи шартноманинг қонуний кучга эга бўлиши учун таклифни қабул қилиши шарт эмаслигини ҳам инобатга олиш даркор. Гарчи таклифни қабул қилувчи томон таклифни илгари сураётган томоннинг таклифидан хабардор бўлмаса ҳам, бу каби шартнома қонуний кучга эга ва бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, шартнома, таклифни илгари сурувчи, яъни ҳадя қилувчи, кимнингдир номига васият ёзиш истагини билдирган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланиб, шартнома тузилган пайтда таклифни қабул қилувчи таклифни илгари сурувчининг баёнотидан хабардор бўлган-бўлмагани инобатга олинмайди.

Шартнома томонларига тааллуқли бўлган энг муҳим масала – бу  уларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий салоҳиятга эгалиги. Ислом тижорат қонунчилигида шартнома тузиш учун салоҳиятга эга бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Қуръонда Нисо сурасининг 6-оятида бу талабга ҳатто билвосита ишора ҳам мавжуд: “етимларни улар никоҳ ёшига етгунча синанг ва эс-ҳуши жойида эканига ишонч ҳосил қилсангиз, молларини ўзларига топширинг”.

Жисмоний ва ақлий етуклик

Ислом тижорат қонунчилигига кўра, ҳеч бир шахс жисмоний ва ақлий етукликка етишмасдан, яъни балоғат ёшига тўлмасдан туриб қонуний битим тузишга ҳаққи йўқ. Ҳуқуқий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун эркак ёки аёл жисмоний балоғат ёшига етган бўлиши (булуғ) ва тўғри қарор қабул қилиш, яъни мулоҳазакор (рушд) бўлиши талаб қилинади.

Шу боис ислом давлатларидаги аксарият замонавий фуқаролик кодексларида қонунларнинг изчиллиги ва барча ҳолатларда қўлланилишини таъминлаш учун муайян ёш балоғат ёши сифатида қабул қилинган. Кўпчилик давлатларда балоғат ёши, яъни инсон шартнома тузиш салоҳиятига эга ёш, деб 18 ёш қабул қилинган. Бундай ёндашув, айниқса бугунги кунда, қонунчиликка нисбатан бўлган ишончни таъминлаш учун хизмат қилади.

Шартнома мавзуси (предмети)

Шартнома мавзуси мулк, хизматлар, пул маблағлари, сармоя, мажбурият, ҳуқуқлар ва қарздан иборат бўлиши мумкин.

Масалан, олди-сотди шартномасида харидор сотувчидан сотиб олишни истаган мулк ёки буюм олди-сотдисининг мавзуси ҳисобланиб, у - уй, автомобиль ёки асбоб-ускунадан иборат бўлиши мумкин. Валюта алмаштириш чоғида, мулк - бошқа бир пул бирлигига (валюта) алмаштирилиши керак бўлган пул бирлиги ҳисобланади. Ижара шартномасида эса шартнома мавзуси бирор мулк воситасида ёки муайян шахс томонидан тақдим қилинаётган хизмат бўлади.

Ислом тижорат қонунчилигида мулкнинг шариат тамойилларига мувофиқ бўлиши бўйича бир неча шарт кўзда тутилган. Уларнинг айримлари қуйидагилар:

а) Мулк шариат тамойилларига мос келиши керак. Айрим мулк ёки буюмнинг олди-сотдиси шариат тамойилларига зид. Улар сирасига, жумладан, чўчқа гўшти, спиртли ичимликлар ва бошқалар киради. Хизматлар ва фаолият турларига порнография маҳсулотлари ва қимор ўйинлари киради. Шу боис ислом молия институтлари мижозларга, жумладан фақат спиртли ичимликлар учун махсус шиша идишлар ишлаб чиқарувчи абоб-ускуналарни сотиб олиши учун маблағ ажратмайди.

б) Ғарарнинг (ноаниқлик/мавҳумлик) ҳар қандай кўриниши пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун ушбу буюм ёки мулк аниқ-тиниқ бўлиши керак. Ғарар, одатда, томонлар ўртасида низони келтириб чиқаради. Аниқ маълум бўлмаган буюм, жумладан, ҳайвон бачадонидаги ҳомила, ҳаводаги қуш ёки кейинчалик маълум бўладиган мулк шартноманинг қонуний мавзуси бўла олмайди. Шартнома тузилаётган пайтда савдо моли (предмети) мавжуд бўлмайдиган Истисно ва Салам турларидаги шартномалар бундан мустасно. Шундай бўлса-да, Салам ва Истисно шартномаларининг предметини муайян хусусиятлар орқали аниқлашнинг имкони бўлиши лозим. Бу – ноаниқликнинг олдини олиш учун керак. Ислом қонунчилигида шартнома мавзусининг аниқ бўлиши борасидаги талаб шартнома бекор бўлишининг олдини олишга қаратилган.

в) Шартномада бажарилиши назарда  тутилган мажбурият ўз вақтида бажара олинадиган бўлиши керак. Шартнома тузишдан мақсад (харидор нуқтаи назаридан) шартнома туфайли келадиган нарсадан олинадиган қулайлик ёки манфаатдан фойдаланишдир. Шу боис йўқлиги туфайли етказиб берила олмайдиган буюм, хусусан, йўқотилгани ёки таъқиқ ёки гаровга қўйилган мулк, ҳақиқий ёки тўлиқ шартнома мавзуси бўла олмайди. Гаровдаги мулкнинг олди-сотдиси гаров эгасининг розилигига боғлиқ.

г) Мулк табиати тегишли битим шартларига мувофиқ бўлиши керак. Мисол учун, Истисно шартномасига кўра, шартнома мавзуси қурилаётган бино ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бўлиши мумкин. Мавжуд мулк ёки маҳсулот Истисно мавзуси бўлолмайди, негаки Истисно шартномаси хом-ашёнинг қайта ишлаш жараёнида муайян даражада ўзгариб, тайёр маҳсулотга айланишини назарда тутади. Лизинг / Ижара шартномасига кўра, (ижарага берилган) мулк табиати ундан фойдаланиб бўлингандан сўнг ҳам ўзгаришсиз қолиши лозим. Шундай қилиб, кимдир транспорт воситаси ёки уйини ижарага бериши мумкин, аммо мева-сабзавот ёки ёқилғини эмас, чунки булар истеъмол қилинганидан ёки фойдаланилганидан сўнг ўз асл табиатини сақлаб қолмайди.

Тўлов

Тўлов - шартнома қонуний кучга эга бўлиши учун бажарилиши лозим бўлган сўнгги талаб. Бу, одатда, харидор ёки ижарачи (лизингга олувчи) томонидан сотувчи ёки ижарага берувчига тўланадиган тўловдир. Олди-сотди шартномасида бу - нарх, ижара шартномасида эса ижара ҳақи деб аталади. Тўлов - кўрсатилган хизматлар, хусусан, Вакала шартномаси доирасида кўрсатилган хизматлар учун тўланадиган ҳақ сифатида амалга оширилиши ҳам мумкин. Ислом қонунчилигида шартномалар доирасидаги тўлов масаласини тартибга солувчи тамойиллар қуйидагилардан иборат:

а) Тўлов ўз табиатига кўра ҳалол бўлиши лозим, негаки ислом тижорат қонунчилигига кўра, тўлов пул, мол ёки хизматлар шаклида амалга оширилиши мумкин. Истисно шартномаси доирасида харидор тўловни пул ёки мол кўринишида амалга ошириши мумкин, жумладан, сотувчига ўз транспорт воситасини бериши ёки унга бухгалтерлик хизматларини кўрсатиши мумкин. Тўлов сифатида фойдаланиладиган мол-мулк ва хизматларга дин нуқтаи назаридан рухсат берилган бўлиши керак.

б) Ноаниқликнинг олдини олиш мақсадида тўлов миқдори аниқ белгиланган бўлиши керак. Шартномада тўлов миқдори, вақти ва жойи аниқ келишилган бўлиши лозим. Ижара шартномасида ижара ҳақи ўзгарувчан бўлиши кўзда тутилган бўлса, ижара ҳақи миқдори нимага боғланган бўлса (яъни нимага боғлиқ бўлса) шу кўрсаткич маълум бўлиши ва иккала томон ўртасида келишилган бўлиши шарт.

в) Шартнома мавзуси (предмети) сингари тўлов ҳам бошқа томонда етказиб берилиш имконияти мавжуд бўлиши керак, акс ҳолда бу, шартноманинг бекор қилинишига сабаб бўлади.

Ислом Молияси каналига аъзо бўлиш

Report Page