ШАРОИТ ЯХШИ, ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ҲАМ ШУНГА ЯРАША

ШАРОИТ ЯХШИ, ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ҲАМ ШУНГА ЯРАША


Узоқ йўллар ва транспортларда мактабга қатнайдиган болаларнинг оналари эса уларнинг мактабдан қайтгунича юрак ҳовучлаб яшаганлари ҳам бор гап. Энди аҳвол батамом ўзгарди. Болалар уйлари яқинидаги мактабга қатнайди, йўлларни кесиб ўтиш деган гаплар йўқ. Бундан оналарнинг кўнгли хотиржам. “Шундай чиройли шароитлар яратиб берган давлатимизга минг раҳмат”, -дея дуо қилишдан бўшашмайди.

Ота-оналарнинг қувонганича ҳам бор, мактабда болаларнинг ўқишидан тортиб ҳунар ўрганиши, иқтидорини юзага чиқаришигача – барча шароитлар яратилган. 40 нафар ўқитувчилар бўлса, уларнинг барчаси ёшлар. Ўқитувчилар мактаб очилишидан олдин тест марказидан синовдан ўтиб, танлаб-танлаб, чертиб-чертиб олинишган. Шу боисдан ҳам қайси синфга кирмайлик, ўқитувчиларнинг ёшлик шижоати билан дадил дарс ўтаётганликларининг гувоҳи бўлдик.

–24 та синф хонамиз бор, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Дилором Азизхўжаева. – 11 тасида бошланғич синфлар ўқийди. Ўқитувчиларимиз болаларга пухта билим бериш билан бир қаторда уларни турли тўгаракларга ҳам жалб этмоқдалар. Масалан, спорт тўгарагимиз бор, кечқурун ҳам ишлайди. Болалар кикбоксинг билан шуғулланишмоқда. Ташқаридаги футбол майдонимиз ҳам ёғин-сочинли кунлардан ташқари ҳамма вақт ўқувчилар, ҳаттоки маҳалла ёшлари билан гавжум. Тикувчилик, технология, робототехникага қизиқувчи ёшлар ҳам жуда кўп.

Синфларни айланамиз. Информатика хонасида  ўқувчилар навбатдаги машғулотни катта иштиёқ билан ўрганишаётган экан.

– 15 та компьютеримиз бор,– дейди ўқитувчи Матлубахон Гулямова. – Технологиялар асри эмасми, ўқувчиларнинг бу фанга қизиқишлари жуда катта. Ҳар бир топшириқни зўр иштиёқ билан бажаришади. Уларга компьютердан фойдаланишни ўргатиш билан бир қаторда интернет орқали келадиган хавфлардан ҳам огоҳ этаман, ундан турли кераксиз ўйинларни ўйнашни эмас, билимларини бойитиш мақсадида фойдаланишлари кераклигини уқтираман.

4-“А” синфида математика дарси экан. Ўқувчиларнинг бири олиб, бири қўйиб, бу фанни катта қизиқиш билан ўрганаётганликларини айтишди. Фан ўқитувчиси Нозима Тожибоева яна бир нарсани фахр билан қўшиб қўйди:”Ўқувчим Муҳаммадюсуф Якубов куни кеча менталь арифметика бўйича бўлиб ўтган мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, ютуқ билан қайтди.

–Мен математикага жуда қизиқаман, – дейди Муҳаммадюсуф Якубов. – Уч йилдан бери ментал арифметика билан шуғулланаман. Бу борада қўлга киритаётган ютуқларимни эса устозларимнинг меҳнатлари туфайли деб биламан.

– Туманимизда робототехника бўйича тўгарак биринчилардан бўлиб бизнинг мактабимизда очилди, – дейди мактаб директори Муҳаммадбобур Якубов. – Бунинг учун бизга туман ҳокимлиги томонидан 530 миллион сўм ажратилди. Лойиҳани “Transformer Edication” компанияси раҳбари Абдулҳай Мадаипов киритган. Машғулотлар пайшанба, жума, шанба кунлари бўлади. Келгусида лойиҳа туман бўйича ёйилади.

7-“Б” синф ўқувчиси Хожиакбар Шукуруллаев ҳам робоботехникага қизиқадиган ўқувчилардан бири экан.

–Бу билан шуғулланаётганимга 9 ой бўлди, – дейди у. – Аввал шаҳарга қатнардим, мактабимиз очилгач, бу ерда шуғулланиш имконияти яратилди. Ўртоқларимнинг ҳам бунга қизиқишлари катта. Устозимиз Диёрбек ака Маҳмудов бизга сунъий интеллектни ҳам эринмасдан ўргатаяптилар.

У шундай дея ўртоқларидан бири билан ўзи ясаган ўйинчоқ робот машинасидаги сўнгги ишларни давом эттиришга киришди.

Мактабни айланишда давом этамиз. Кенг, ёруғ, шинам бинода ҳақиқий таълим-тарбия нафаси уфуради. Бинонинг юқори қаватларига бошланғич синфлар бошқа, юқори синфлар бошқа томондаги зиналардан чиқишар экан. Танаффус бўлишига қарамай болаларнинг ортиқча шовқин-сурони йўқ, улар ёнингиздан қўлларини қўксиларига қўйган ҳолда салом бериб ўтишади.

Эътиборимизни тортган нарсалардан яна бири кўзга кўринарли жойга қўйилган миллий кроват, унинг устидаги хонтахта, кўрпача, кроватнинг устидаги мевасини кўз-кўз қилиб турган узум сўриси бўлди. Болаларни ўз миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашда бу ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Меҳнат хонасида эса қизғин иш устидан чиқдик. 6-синф ўқувчилари юбка тикишаётган экан.

– Бугунги кунда тадбиркорлик ривожланиб, тикувчилик корхоналари тобора кўпайиб бораётган бир пайтда қизлар учун тикувчилик энг яхши ҳунар, – дейди ўқитувчи Наргиза Ҳошимова, –бугун ўрганганлари бир кун келиб асқотади. Ўргангани ўзларига, тикканига бизларга фойда, дегандай, юқори синф ўқувчиларининг қўллари тикишга яхшигина келиб қолган. Мана, улар бошланғич синф ўқувчиларига миллий матодан бир хилда нимча тикиб беришди. Бу ишни яна давом эттирмоқчимиз. 7 та тикув машинамиз бор. 

У шундай дея бичими ҳам, тикилиши ҳам рисоладагидек бўлган нимчаларни бизга кўрсатди.

Қиз болалар тикувчилик билан машғул бўлаётган бир пайтда ўғил болалар ўқитувчиси Раҳимжон Зоҳидов билан бирга фанердан пенал ясаш билан шуғулланишаётган экан. Болалар томонидан ёғоч маҳсулотларидан тайёрланган шахмат доскаси, салфетка қўядиган мослама, қуш уяси, қутича ва бошқа буюмлар ўзининг жозибадорлиги билан ажралиб турарди.

Мактабнинг кимё, физика лабораториясида тажрибадан самарали фойдаланиш, тўлақонли натижа олиш учун барча керакли асбоб, ишлатиладиган модда ва воситалар бор. Булар эса ўз навбатида ўқувчиларни ўтилган мавзуни янада чуқурроқ ўрганишларига хизмат қилмоқда.

Маълумки, лаборатория хонасидаги ҳар бир  лаборатория ишларини бажариш бўйича машғулотлар пайтида ўқувчилар ўз билимларини оширишлари, олган назарий билимларини мустаҳкамлашлари, физиканинг асосий тушунчалари ва қонуниятларини чуқурроқ тушуниш ва англаб олишга эришишлари, масалалар ечиш малакалари ва кўникмаларини ҳосил қилишлари, физик асбоб ва қурилмалар, шунингдек, ўлчов асбоблари билан ишлашни, кузатиш ва тажриба натижаларини ишлаб чиқиш кўникмаларини ҳосил қилишлари керак.  

– Физика жону дилим, – дейди 8-“А” синф ўқувчиси Муҳаммадбилол Якубов. – Лаборатория мен учун кашфиётлар хонаси. Ток ҳосил қилишни қизиқиб ўргандим. Бу ерда тажриба ўтказиш учун керакли бўлган ҳамма нарсалар бор.

Устозларнинг айтишича, Муҳаммадбилолнинг физика фанига бўлган қизиқиши шу даражадаки, у барча физик асбоб-ускуналарни ҳамиша саранжомлаб қўяди. Тажрибаларни эринмай ўрганади. Физика бўйича бўлиб ўтган олимпиадада ҳам муваффақиятли иштирок этиб қайтди. У келгусида физик бўлмоқчи.

Мактаб кутубхонасида 600дан зиёд бадиий адабиётлар бўлиб, уларнинг ўз ўқувчилари бор.

– Мен дарслардан бўш пайтимда озми-кўпми бадиий адабиётлар ўқиб тураман, – дейди 9-синф ўқувчиси Рисолат Муҳаммедова. – Ҳозирда Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асарини мутолаа қилаяпман. Жуда таъсирли асар. Биз бадиий адабиётлар орқали ҳаётни ўрганаяпмиз.

Кутубхонада газеталар таҳламлари ҳам мавжуд бўлиб, улар орқали ўқувчилар туман, вилоят, республика янгиликларидан воқиф қилинмоқда.

Мактабда ота-оналар билан ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Ота-оналар фарзандларининг қандай ўқиётганлиги билан қизиқиб, мактабга тез-тез келиб туришади. Яқинда юқори синфлар ўқувчиларининг ота-оналари билан фарзандларининг касб танлашлари борасида суҳбат ўтказилди. Эндиликда бундай суҳбат 8-синфлар ўқувчиларининг ота-оналари билан ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Биз янги мактаб ҳаётидан қисқача ҳикоя қилдик холос. Бу ерда таълим-тарбияда юксак самарадорликка эришиш, болаларни касбга йўналтириш, иқтидорларини юзага чиқариш каби бир қатор йўналишлар бўйича ишлар олиб борилаяптики, бу тажрибалар ўрганса арзигулик. Сўнгги сўз ўрнида шуни айтиш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий кўчат экиш ҳаракати бу мактабни ҳам четлаб ўтмаган, мактаб жамоаси ва ўқувчилар биргаликда мактаб ҳудудига 400 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб қўйишган. Бир кун келиб бу ниҳоллар катта дарахтга айланиб, сояси ва меваси билан ҳаммани сийлайди.

Жамила АРСЛОНОВА,

Дилбар ШАРИПОВА.

Раҳимберди СУЛТОНОВ олган суратлар.   


Report Page