ШАФОАТ 2

ШАФОАТ 2

Iymonli Qalblar

(Давоми)

У зот Ўзининг камоли ва жалолига мос бўлган ҳолда келади. Бу ҳақда кўнглингизга келган ҳар қандай кўриниш ва тасаввурларни тарк қилинг, Аллоҳ таоло унинг хилофича бўлади. «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11).

Тушиш сифати, юриш сифати, келиш сифати, ғазаб сифати ва шу каби Аллоҳ таолонинг барча сифатларини Унинг Ўзи ёки Пайғамбари қандай айтган бўлсалар, шундай исбот қиламиз (яъни тасдиқлаймиз), таҳриф, ташбиҳ, такйиф, таътил, тамсил қилмаймиз.

Мисол учун, Аллоҳ таоло: «У Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир» (Тоҳа: 5), деган.

Уламоларимиз айтадилар: Аллоҳ Ўзи хабар берганидек ва Ўзи хоҳлаган кўринишда ва Ўзи айтган маънода, биз билган маънодаги тушиш ва кўчишдан пок ҳолда кўтарилгандир.

(Шеър мазмуни)

«Арш Уни кўтарувчи эмасдир, курсий Унга суянчиқ ҳам эмасдир.

Аксинча, арш ва уни кўтарувчилар ҳам, курсий ва унинг улуғворлиги ҳам, барча-барчаси Унинг қудрати лутфи билан кўтарилган, Унинг қабзаси билан мақҳур (бўйсундирилган)».

Истиво (кўтарилиш) маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтириш фарз, у ҳақда савол қилиш бидъатдир.

Бир киши Исҳоқ ибн Роҳавайҳга деди: «Эй Исҳоқ! Сизлар қандай қилиб ҳар кеча ўз аршидан дунё осмонига тушадиган илоҳга ишонасизлар?!».

У деди: «Эй, сен! Гарчи сен ишонмасанг-да, биз ҳар кеча Ўз аршидан дуё осмонига тушадиган ва арши ҳам Ундан холи қолмайдиган илоҳга ишонамиз!!».

Қани, қай биримиз чумолининг гапиришини тасаввур қилардик?! Ҳар биримиз ҳам Қуръондаги мана бу оятни ўқигандан кейингина буни билган ва тасдиқ қилган: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деди» (Намл: 18).

Қай биримиз илонни қорни билан судралиб юришини кўрмасидан олдин бирон жонзотнинг оёқларсиз, қорни билан юришини тасаввур қиларди?!

Кимда-ким Аллоҳнинг зоти қандайлигини биламан деб даъво қилса, унинг даъвоси пуч бўлиб қолаверади. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

Жалла жалолуҳ.. Тенги йўқ, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, баробари йўқ.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У аввал ва охир зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).

Савол: Ким бутун башарият ўртасида ажрим қилишини сўраб, Аллоҳга воситачи бўлади?

Бу шарафли ва оғир вазифани Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларига оладилар.

Муваҳҳид дўстларим! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрларини фақат Аллоҳ таоло билади!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрлари Аллоҳнинг ҳузурида жуда буюкдир!

У зот мустафо – танлаб олинган, мужтабо – саралаб олинган зотдирлар. Аллоҳ таоло башарият ичидан пайғамбарларни танлаб олган, пайғамбарлар ичидан расулларни танлаб олган, расуллар ичидан улул-азм бўлган зотларни танлаб олган, мазкур улул-азм бўлган бешта улуғ пайғамбар ичидан Иброҳим ва Муҳаммад Мустафони танлаб олган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб, бутун башариятдан муфаззал қилган, у зотнинг қалбларини очган, зикр-номларини кўтарган, гуноҳларини кечирган, у зотни барча жиҳатдан поклаган.

Ақллари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!» (Ван-нажм: 2).

Ростгўйликлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «У (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас» (Ван-нажм: 3).

Кўнгиллари жиҳатидан поклаган:

Аллоҳ таоло айтади: «(Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади» (Ван-нажм: 11).

Илмлари жиҳатидан поклаган:

Аллоҳ таоло айтади: «Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бергандир» (Ван-нажм: 5).

Қалблари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизнинг қалбингизни (иймон ва Қуръон нури билан) кенг-мунаввар қилиб қўймадикми?» (Шарҳ: 1).

Елкаларини поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Ва Биз сиздан елкангизни эзиб турган оғир юкингизни олиб қўйдик» (Шарҳ: 2-3).

Зикрлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни номингизни) баланд қилиб қўйдик» (Шарҳ: 4).

Меҳрибонликлари жиҳатидан поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар» (Тавба: 128).

У зотнинг бутун вужудларини поклаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам: 4).

Ота-онам у зотга фидо бўлсин..

 У зот қиёмат соатида ҳамма учун энг зарурий инсон бўладилар..

Маҳшар еридаги барча пайғамбарлар ҳавас қилувчи мақтовли мақом соҳибидирлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга бу мақомни ваъда қилгандир: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур»(Исро: 79).

Мақтовли мақом шудир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидиман, қабри биринчи бўлиб ёриладиган киши менман, энг биринчи шафоатчи ва шафоати қабул қилинувчи ҳам менман». (Муслим: №1178, Абу Довуд: №4763, Термизий: №3615).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен ва ўтган пайғамбарларнинг мисоли шундайки, бир киши иморат бино қилди, уни жуда чиройли ва яхши қилиб қурди-ю, бинонинг бир бурчида фақат бир ғиштнинг ўрни очиқ қолди. Одамлар уйни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам қўйилганидами?!», дейишади. Мен ўша ғишт (мисолида)ман ва мен пайғамбарларнинг охиргисиман»(Бухорий: №3535, Муслим: №2286).

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен (бошқа) пайғамбарлардан олти нарса билан афзал қилиндим: менга жавомиъ ал-калим (қисқа, лекин етук маъноларни ўз ичига олган сўзлар айтиш) берилди, (Бухорий ривоятида: бир ойлик масофа ичида душманларим қалбида) қўрқув билан нусратландим, менга ўлжалар ҳалол қилинди, ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, барча халқларга пайғамбар қилиб юборилдим, мен билан пайғамбарлар ниҳоясига етди» (Бухорий: №2977, Муслим: №523, Термизий: №1553, Насоий: 6/304).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақомлари ана шундай улуғдир.

Аллоҳ таоло саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қандай одоб сақлашлари, у зотни қандай эҳтиром қилишлари, у зотга хитоб қилишда қандай одобларга риоя қилишлари кераклигини таълим берувчи оятлар нозил қилди.

Лекин.. Бугунга келиб, умматга нима бўлди?!

Бугун уммат ўз пайғамбарининг қадрига етмай қўйди, пайғамбарини керакли даражада эҳтиром қилмай қўйди, у зотга нисбатан одобни унутди. Уммат у зотнинг шариатларидан юз ўгирди, у зотнинг суннатларини ҳаётдан четлатди. Уммат бугунга келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаш фақат мавлуд кечаларида у зотнинг мақтовларини завқ билан куйлаш деб биладиган бўлиб қолди.

Уммат бугун фақат куй-қўшиқ ва рақсни дўндиради. У ҳазил-ҳузулга ўч бўлиб, жиддийлик ва мардлик тушунчаларини унутди.

Уммат ўз пайғамбарига муҳаббатни даъво қилади, ҳар хил маросимларда у зот шаънларига мақтовли куй-ғазаллар ўқийди. Ваҳоланки, у зотнинг шариатларини ҳаётдан четлатган, суннатларидан юз ўгирган. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Қиёмат майдонига қайтамиз. Қуёш шундоққина бошлар устида қиздирган.. Тиқилинчнинг ўзиёқ нафасларни бўғиб юборади.. Одам атодан тортиб то қиёматгача яшаб ўтган одамзотнинг ҳаммаси қўрқув ва даҳшат ичида, ҳамма бир майдонга йиғилган.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳавзлари устида турибдилар. Ҳавзнинг суви сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй. Кўзаларининг сони осмон юлдузлари сонича. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидан бир бор нўш этган киши шундан кейин ҳеч қачон ташналик нималигини билмайди (Бухорий: №6579, Муслим: №2292).

Имом Бухорий Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Мен қиёмат куни сизлардан олдин ҳавзга бориб турувчидирман. Ким менинг олдимдан ўтса, ундан ичади. Ким ичса, ҳеч қачон ташна бўлмайди. Ҳавз олдига бир қавм келади, мен уларни танийман, улар ҳам мени танийдилар. Сўнг мен билан улар ўртамиз тўсиб қўйилади. Шунда мен: «Улар менинг умматимдан, улар менинг умматимдан», дейман. Менга: «Сиздан кейин улар нима ишлар пайдо қилишганини сиз билмайсиз», дейилади. Шунда мен: «Мендан кейин ўзгартириб юборганларга (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлик бўлсин, узоқлик бўлсин», дейман» (Бухорий: 6576, Муслим: №2304).

Бунинг маъноси шуки, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашиш зафар ва нажот йўлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига тўла бўйсунган, у зотнинг қайтариқларидан буткул тийилган муваҳҳид зотларга боқинг, улар ҳатто умрларининг охирги лаҳзаларида ҳам қандай ҳолда бўлганларини билиб оласиз.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётган ҳолларида тунга бориб, дардлари оғирлашиб қолди. Шунда асҳобларига боқиб: «Тонг отдими?!», деб сўрай бошладилар. Улар: «Йўқ, ҳали тонг отмади», дейишарди. Муоз йиғлаб: «Тонги дўзах сари олиб борадиган тундан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», дердилар.

Муоз ибн Жабалдек улуғ саҳоба дўзах аҳлидан бўлиб қолишдан шундоқ қўрқардилар!!

Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!»

Субҳаналлоҳ!!

Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)».

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат хушхабарини берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувсилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир».

Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар!! Бизга ўхшаган гуноҳкорлар ва ўз жонига зулм қилганлар сафига қўймоқдалар ўзларини!!

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», дедилар.

Суфён йиғладилар ва: «Эй Ҳаммод! Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайманки, мендек бир кимсани дўзахдан қутулиб қолади деб гумон қиласанми?!», дедилар.

Қаранг, улар қандай бўлганлар?! Нималар деганлар?! Энди қаранг, биз қандай аҳволга келиб қолдик?! Нималар демоқдамиз?!

Ҳайҳот!! Жуда катта фарқ бор!!

Биз ҳаммамиз ҳам: «Бизлардан қай биримиз жаннатга кирмас эканмиз?! Қай биримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан маҳрум бўларканмиз?!», деймиз.

Юқорида келган, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг йўлларини ўзгартириб, суннатларидан бурилиб кетган қавмларни ўзларидан тўсилишини хабар бермоқдалар.

Буюк Аллоҳдан сизу бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини ва бизни Ўз раҳмати остига олишини сўрайман.

 

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

 

Иккинчи: Қиёмат куни Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи энг бахтли инсон ким?

Бугунги суҳбатимизнинг сўнгги моддаси шу ҳақда бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Ўзини ҳақиқий мусулмонман деган ҳар бир киши ўзига савол бериб кўрсин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига бўйнсундимми?! У зот қайтарган ишлардан тийилдимми?! Тилим дилим билан ва бошқа аъзоларим билан боғланганми?!

Барча ишларимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига муҳаббат ва ихлос билан эргашдимми?!

Шоир айтганидек:

«Ким Пайғамбар севгисини даъво қилса-ю, унинг йўлидан юрмаса, унинг даъвоси қуруқ гапдир.

Агар севгиси чин бўлса, севгининг энг биринчи шарти итоат ва вафодир».

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатларига мушарраф бўлувчи энг бахтли инсон ким бўлади?

Жавобни бевосита «Саҳиҳул Бухорий»дан топамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, сизнинг ҳадисга бўлган иштиёқингизни кўрганим учун сиздан аввал бирор киши бу ҳадис ҳақида мендан сўрамайди, деб ўйлаган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир», дедилар (Бухорий: №99).

Ибн Ҳиббон ривоятида: «Менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган, дили тилини тасдиқлайдиган, тили дилини тасдиқлайдиган кишидир».

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг ижобат қилинадиган дуоси бўлади, ҳар бир пайғамбар у дуони қилишга шошилган, мен эса уни қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асраб қўйганман, у умматимдан Аллоҳга ширк келтирмай ўтган ҳар бир кишига – иншоаллоҳ – албатта етгусидир» (Муслим: №200).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни сизни шафоат қилишлари учун ўта муҳим бир шартни тўла-тўкис қилишингиз лозим бўларкан. Бу шарт – тавҳидни рўёбга чиқаришдир, тавҳид калимасини сидқидилдан айтишдир.

Одамлар борки, ушбу калимани тилда қайтаришади, бироқ, нима деяётганини билишмайди. Одамлар борки, ибодатни Аллоҳ азза ва жаллага холис қилишмайди, балки бунда бошқаларни У зотга шерик қилишади.

Одамлар борки, тили билан «ла илаҳа иллаллоҳ»ни қайта-қайта айтишади. Кейин эса хоҳиш-ҳавосига тўғри келган ҳар қандай ишларни ҳеч тортинмай қилишади, Исломни бир четга суриб қўйиб, кўнгиллари чопган йўлни танлашади.

Одамлар борки, тавҳид калимасини айтишади, бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига эргашишмайди.

Одамлар борки, тавҳид калимасини айтишади, бироқ валоъ ва бароъ (Исломдаги дўст ва душман тушунчаси)га бепарво қарашади.

Одамлар борки, тили билан «ла илаҳа иллаллоҳ»ни қайта-қайта айтишади. Бироқ, намозни тарк қилган, закотни зое қилган, қодир бўла туриб, ҳажга боришни пайсалга солган, судхўрлик қилган, маст қилувчи ичимлик ичган, етимларнинг молини ноҳақ еган, амру наҳийларни эшитиб туриб, унга ҳеч қандай алоқаси йўқдек, истеҳзо билан елка қисиб кетаверади. Панд-насиҳатларни эшитиб туриб, унга тааллуқи йўқдек, кулгига олади.

Тавҳидда ихлос зарурдир. Тавҳид калимаси инсон фақат тилида қайтариб қўйиши билан кифоя қиладиган калима эмас. Балки, иймон – тил билан талаффуз қилиш, дил билан тасдиқлаш, аъзолар билан амал қилишдир..

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: «Иймон таҳаллий (зийнатланиш) ҳам, таманний (орзу-хаёл қилиш) ҳам эмасдир, балки у қалбларда ўрнашган ва амаллар уни тасдиқлаган нарсадир. Ким яхшиликни гапирса ва яхши амал қилса, ундан қабул қилинади. Ким яхшиликни гапирса ва ёмон амал қилса, ундан қабул қилинмайди».

«Саҳиҳайн»да Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва расули, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, расули, чўрисининг ўғли ва Марямга туширган сўзидир, жаннат ва дўзах ҳақдир деб гувоҳлик берса, амали қандай бўлган бўлмасин, Аллоҳ уни жаннатга киритади» дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №3435, Муслим: №2640).

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоятида: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир».

Аллоҳга қасамки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатлари билан фақатгина ихлос билан тавҳидни рўёбга чиқарган кишигина, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чин дилдан эргашган кишигина саодатли бўлади.

Имом Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, шунингдек Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам фарзанди, мудом Менга дуо қилар экансан ва Мендан умид қилар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам (қандай катта гуноҳ бўлишидан) қатъий назар кечираман. Эй Одам фарзанди, агар гуноҳларинг осмондаги булутларга қадар етиб борса ва Мендан мағфират сўрасанг, (қандай катта гуноҳлигидан) қатъий назар, мағфират қиламан. Эй Одам фарзанди, агар Менинг ҳузуримга ер юзичалик гуноҳлар билан келсанг-у, Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқсанг, Мен сенга ер юзичалик мағфират билан рўбарў бўламан»(Термизий: (2/270), Доримий (2/322), Аҳмад (5/172) ривоятлари).

Бу тавҳиддир.. Қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоатлари ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир. Тавҳид калимаси Аллоҳ таоло томонидан жуда оғир шартларга боғлиқ қилиб қўйилган.

Бу калима бир пок дарахтдир, унинг илдизлари муҳаббат ва ихлос, танаси, ишонч ва қабул, барглари бўйсунишдир. У сувсиз ва нурсиз яшай олмайди, илм унга нур, сидқ-ростгўйлик унга сувдир.

Улуғ арш соҳиби бўлган Буюк Аллоҳдан оқибатларимизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодирдир

Давоми бор...

Ўтган қисм - Шафоат 1

Каналга кириш!

T.ME/IYMONLIQALBLAR

Report Page