ШАФФОФЛИК ВА ОЧИҚЛИК КОМПАНИЯ ОБРЎСИНИ ОШИРАДИ, МИШ-МИШНИ КАМАЙТИРАДИ 

ШАФФОФЛИК ВА ОЧИҚЛИК КОМПАНИЯ ОБРЎСИНИ ОШИРАДИ, МИШ-МИШНИ КАМАЙТИРАДИ 



Замонавий иқтисодиётда компаниялар қанчалик очиқ ва шаффоф бўлса, уларга ишонч шунчалик юқори бўлади. Чунки компания маҳсулотлари ҳақида истеъмолчиларга, молиявий ҳолати ҳақида акциядорларга маълулотлар керак. Компания ташқаридагиларга қанчалик сифатли ва кўп маълумотларни тақдим қилса, у шунчалик шаффоф ва очиқ бўлади. Шу билан бирга компания ички ва ташқи бозорда ўзига тегишли маълумотларни ўрганиб, таҳлил қилиб ва уларга ўз муносабатини тез билдириб бориши лозим. Акс ҳолда, компания ҳақида турли миш-мишлар, "симулятр"лар (ҳақиқатда оригинал бўлмаган нарсанинг нусхаси), фейклар кўпайиб кетади.   

        Ҳозирги вақтда компаниялар жуда катта ахборот майдонида фаолият кўрсатишига тўғри келмоқда. Шунинг учун ахборот воситалари компанияларни самарали бошқаришнинг асосий усулларига айланмоқда. Оммавий ахборт воситалари, ижтимоий тармоқлар, ахборотларнинг бошқа каналлари компанияларнинг иқтисодий ҳаётида янада кўпроқ аҳамиятга эга бўлмоқда. Улар компания ҳақида ижтимоий фикрни, ҳозирги рақобат кучли бўлган замонда муҳим бўлган номоддий активлари - имижи, обрў-эътибори ва брендини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.  Масалан, 2020 йилда Apple компанияси дунёнинг энг қимматбаҳо бренди бўлиб, унинг қиймати  241,2 млрд доллар баҳоланган[1], бу компания номининг баҳоси, холос. Ушбу қиймат кўпчилик давлатлар ялпи ички маҳсулоти қийматидан юқоридир.

        Ҳозир ҳар қандай компаниянинг жамият билан алоқаларини ривожлантириш, аниқ мақсадли аудиторияларга йўналтирилган маълумотларни шакллантириш, уларни самарали алоқа каналлари орқали тарқатиш ва натижада компаниянинг номоддий активларини шакллантиришда матбуот котибларининг ўрни беқиёсдир. Айнан улар компаниянинг ахборот оқимини самарали бошқаришни таъминлаши лозим, айнан улар ташқи муҳит билан алоқаларнинг асосий элементи ролини ўйнайдилар, айнан шу ерда ахборот фронтининг олдинги чизиғи ишлайди.

        Бежизга давлатимиз Президенти ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш мақсадида қарор[2] қабул қилмаган. Ушбу қарорда ахборот хизматларининг  вазифалари, жумладан, турли замонавий ахборот воситалари орқали аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш, давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш белгиланган. Шунингдек, ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланган.

        Мамлакатимиз Бош вазирининг «Ўзавтомоторс» АЖга бағишланган селекторида  «Ахборот муҳитидаги ҳолат, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, улар томонидан ахборот манбалари билан ишлашдаги муаммо ва камчиликлар тўғрисида» мавзу ҳам жой олиши бежизга эмас. Аммо ижтимоий тармоқларда бунга хайрон бўлгандек қаралган (https://t.me/ruziohunov/1721).

         «Ўзавтомоторс»нинг ахборот хизмати турли оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали компанияга оид маълумотларни аҳолига мунтазам, тез ва тўлиқ тақдим қилиб бориши жуда муҳимдир. Кейинги вақтларда оммавий ахборот воситаларида   «Ўзавтомоторс» фаолиятига, айниқса, автомобиллар баҳосига доир танқидий материаллар ва муҳокамалар кўпайиб кетди. Компания ахборот хизмати ахборотларни мониторинг қилиб, уларни таҳлил қилиши, кўпчилик муҳокама қилинадиган танқидий ахборотларга, масалага бевосита тегишли мутасаддилар билан пресс-тадбирлар ўтказиб муносабат билдириши, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки ҳамда ушбу тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиши мақсадга мувофиқ. Танқидий материалларга муносабат билдириш даражаси юқори савияда, асосли ва мақсадли аудиторияни қониқтирадиган бўлиши лозим. Ва ушбу ахборотлар компания расмий веб-сайтида, мессенжерларда ва ижтимоий тармоқларда ҳам тезкорлик билан берилиши зарур. Натижада компания ҳақида миш-мишлар камаяди, унинг обрўси ошади. 


Фозил Додиев

Иқтисод фанлари номзоди


[1] https://vc.ru/finance/145915-forbes-nazval-100-samyh-dorogih-brendov-v-2020-godu-ih-obshchaya-stoimost-vyrosla-s-2-33-trln-do-2-54-trln

[2] Ўзбекистон республикаси Президентининг "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборт хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли қарори. https://www.lex.uz/docs/4390513/





Report Page