ШАҲБОЗ АМОНОВНИНГ ИШИГА ОИД
Ўзбекистон Республикаси Олий суди2020 йил 3 июлда YouTube тармоғида Инобат Нарзуллаева томонидан эълон қилинган мурожаат юзасидан маълумот
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2017 йил 6 мартдаги ҳукмига кўра, Ш. Амонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) нинг 1-қисми ва 166-моддаси (талончилик) нинг 1-қисми билан Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 60-модда (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) лари тартибида 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг 2019 йил 17 сентябрдаги ажрими билан ўталмай қолган 2 йил 6 ой 16 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) га асосан шу муддатга ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Ажрим нусхаси Кармана тумани ИИО пробация гуруҳи томонидан 2019 йил 1 августда ҳисобга олиниб, шу куннинг ўзида Ш. Амоновга суд ҳукми, жазо ўташ тартиблари ва инспекция талаблари тушунтирилиб, профилактик суҳбат ўтказилган ҳамда жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддаси (ахлоқ тузатиш ишлари) 4-қисмига асосан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини суднинг ажрими билан оғирроқ жазога алмаштирилиши тўғрисида расман огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан маҳкум Ш. Амонов ижтимоий меҳнатга нисбатан бўлган муносабати ижобий томонга ўзгармаганлиги, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажармаганлиги сабабли Навоий вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи томонидан жиноят ишлари бўйича Кармана туман судига тақдимнома киритилган.
Навоий вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғининг тақдимномаси қаноатлантирилиб, жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг 2020 йил 26 майдаги ажрими билан шу суднинг 2017 йил 6 мартдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмай қолган 2 йил 26 куни Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисмига асосан худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Бундан ташқари, Кармана туман ИИБ ТБ терговчиси Б. Ҳамдамовнинг қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” банди ҳамда 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Ш. Амоновга нисбатан 2020 йил 24 июнь куни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати