ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ ЎТТИЗИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ ЎТТИЗИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ахборот хизмати

Куни кеча Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг ўттизинчи сессияси ўтказилди.

Унда ҳоким ўринбосарлари, депутатлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Кун тартибида 8 та масала кўрилди.

Биринчи масала сифатида шаҳар бандликка кўмаклашиш марказининг 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва бандликка кўмаклашиш бўйича давлат дастури доирасидаги прогноз кўрсаткичлар юзасидан маълумоти эшитилди. Шаҳар Кенгаши раиси ҳамда депутатлар томонидан янги иш ўринларини кўпайтиришда хусусий секторлар билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйиш ва бошқа мақбул йўллардан фойдаланиш лозимлиги юзасидан таклифлар берилди.

Шундан сўнг шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажариш борасида жорий йилнинг январь-февраль ойининг якуни билан амалга оширилган ишлар бўйича шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайиповнинг ҳисоботи эшитилди.

Шунингдек, сессияда 2021 йил январь-апрель ойларида шаҳар Халқ қабулхонаси, сектор ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлашнинг ҳолати ҳамда шаҳар “Халқпарвар комиссияси” томонидан жорий йил апрель ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари ҳам тингланди.

Навбатдаги масалада депутатлар Кенгашнинг “Шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини тасдиқладилар. Унга кўра камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги манзилли ишлардан келиб чиқиб мавжуд 299 та камбағал оилалар рўйхатидан 73 та оила чиқарилди.

 Кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича сўзга чиққан Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими бошлиғи Ф.Наджимов 2021 йилнинг 1-чорагида ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди.

Шу куни сессия давомида шаҳар маҳаллий бюджетининг 1-чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлар тўғрисидаги ҳамда шаҳардаги энг муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш ва уларга турар жой учун тўланадиган ижара компенсацияси суммасини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Шу билан сессия ўз ишини якунлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page