СЕССИЯ КУН ТАРТИБИДА 10 ТА МАСАЛА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

СЕССИЯ КУН ТАРТИБИДА 10 ТА МАСАЛА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Axborot xizmati

Куни кеча Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги қирқ биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессия кун тартибида 10 та масала муҳокама қилинди.

Дастлаб, кун тартибидаги биринчи масала яъни, шаҳарда аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг ҳисоботи эшитилди.

Шаҳар ҳокими Г.Алимова шаҳарда аҳоли томонидан тушаётган мурожаатлар ва уларда кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида сўз юритар экан, мурожаатларни ўз муддатида ижросини таъминлаш, такрорий мурожаатларни олдини олиш, мурожаатларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, аҳоли ўртасида мунтазам равишда учрашувлар ва сайёр қабуллар ўтказиш, аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади ва бу борадаги мутасаддиларни ушбу масалага жиддий ёндашишлари лозимлигини таъкидлади.



Шундан сўнг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажариш борасида жорий йилнинг январь-август ойининг якуни билан амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайипов ҳисобот берди.


Сессияда депутатлар навбатдаги масалалар юзасидан шаҳарда “Обод маҳалла” дастури доирасида 1-сектор ҳамда 3-сектор ҳудудидаги “Оқ- олтин” ва “Нуробод” маҳаллаларида  амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ж.Аҳмедовнинг ҳамда шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи А.Умаровнинг ҳисоботини эшитдилар.




Шу куни сессияда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Каттақўрғон шаҳарлараро Қўриқлаш бўлими бошлиғи Ф.Завқиевнинг шаҳарда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти ҳам депутатлар эътиборига ҳавола этилди.

Кун тартибида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2021 йил 17-августдаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ўтказиш ҳақидаги 50-сонли фармойиши муҳокамаси тўғрисидаги, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб варағидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун маблағ ажратиш, шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳамда “Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг Регламенти” ва “Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлаш ҳақидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.



Охирги масала сифатида сессияда депутатлар Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг доимий комиссияларини қайта тузиш ва шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар ҳамда барча кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорларни қабул қилдидар.


Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 


Report Page