“СЕН БАРИБИР МУҚАДДАССАН, МУҚАДДАС АЁЛ!”

“СЕН БАРИБИР МУҚАДДАССАН, МУҚАДДАС АЁЛ!”

https://telegra.ph/

Аёл - миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади. Аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади.

Бугун Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 8-март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Аёлга эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос олижаноб қадрият” шиори остида “Муқаддассан аёл”  мавзусидаги байрам тантаналари бўлиб ўтди. 

Байрам кечасини университет ректори, профессор Худайназар Юнусов табрик сўзи билан очди ва барча меҳмонларни ва тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлади. Маърузачи ўз нутқида бугун жамиятимизда аёллар ва хотин – қизларга кўрсатилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътиборни алоҳида таъкидлади. 

“ - Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида жами 775 нафар профессор - ўқитувчилар, ишчи ҳодимлар фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 295 нафарини, 6 ярим минг нафардан зиёд талаба – ёшларнинг 32 фоизини, яъни 1632 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.  Университетни бир оила деб, тасаввур этсак, хотин - қизлар, аёллар хонадонимиз, катта аҳил жамоамизнинг фаҳри - ифтиҳори ва ғуруридир. Улар билан ҳаётимиз гўзал, файзли ва фараҳбаҳшдир. Улар орасида мамлакатимизга таниқли бўлган олима аёлларимиз, аълочи ва билимдон талаба қизларимиз, меҳнаткаш ва фидойи ишчи - ҳодимларимиз борлиги мени ҳамиша ғурурлантиради. Жорий йилда давлат стипендияларига сазовор бўлган талабаларимизнинг икки нафарини ҳам қизлар ташкил этади. Уларга кўрсатилаётган эътиборнинг натижаси ўлароқ,  университетимизда Магистратура бўлимида таҳсил олаётган 16 нафар талабамизнинг контракт маблағлари давлат томонидан  тўлаб берилмоқда!” – деди таълим маскани раҳбари професссор Юнусов ўз сўзида. 

Тадбир давомида Ёшлар масалалари ва маънавий – маърифий ишлар  бўйича биринчи проректор Алибек Ғаффоров томонидан университет ректорининг буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, байрам муносабати билан таълим масканида фаолият кўрсатаётган барча аёллар, хотин – қизларга бюджет маблағлари ҳисобидан пул мукофотлари ажратилганлиги эълон қилинди. 

Шундан сўнг тадбирда таълим соҳасида алоҳида хизмат қўрсатган фидойи аёллар, хотин – қизларга университет ректорининг “Фаҳрий ёрлиғи” ва “Ташаккурнома” лари тақдим этилди. 

Хотин – қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Жамила Сайфиддинованинг саъй – ҳаракатлари билан тадбирга катта Устозлар – нуроний онахонлар ҳам таклиф этилгани кўпчиликни ҳушнуд этди. Университетда узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, айни кунда нафақада бўлган Устозлар даврага янада файз киритдилар. Уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, байрам совғалари тақдим этилди.  

Санъаткорлар ва ижодкор талаба - ёшларнинг чиқишлари даврани жонлантирди. Шундан сўнг барча меҳмонлар байрам дастурхони атрофида кечани давом эттирдилар. 


Ахборот хизмати

Report Page