САЖДАИ САҲВ

САЖДАИ САҲВ

islom.uz

Намозда адашиб ёки эсдан чиқиб бирор рукнни бошқасидан олдин қилса ёки вожиб амални тарк қилса ёхуд ўрни алмаштириб қўйилса, «саждаи саҳв» (хатони ислоҳ қилиш саждаси) вожиб бўлади. Билган ҳолда фарз ва вожибни тарк қилган киши гуноҳкор бўлади ва бу нуқсонни тузатиш учун саждаи саҳв кифоя қилмаганидан намозини қайта ўқийди. Саждаи саҳв қилмоқчи бўлган киши ташаҳҳуддан кейин икки томонга (жамоат намозида ўнг томонига) салом берганидан сўнг «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиб яна икки марта сажда қилади, сўнг ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқийди ҳамда яна икки томонга салом беради. 

«Саждаи саҳв»ни бажаришнинг ўзига хос сабаблари бор: 

1. Агар намоз рукнларидан бирортасини эсдан чиқариб кечиктирса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун, намозни бошлаб сано дуосини ўқигандан сўнг қироатни бир рукнни адо қилиш миқдорича ўқимай кечиктирса ёки қироатни қилиб бўлиб, рукуъ қилишни кечиктирса, ёки биринчи ракатни ўқиб бўлиб, сажда қилгандан сўнг иккинчи ракатга туришни бир рукн адо қилиш миқдорича кечиктирса ва шу каби рукн (фарз)ларни кечиктириш сабаби билан саждаи саҳв қилинади. Бир рукн (фарз) бир тасбеҳ билан белгиланади. 

2. Намоздаги вожиблардан бирини эсдан чиқариб тарк қилса ҳам, саждаи саҳв қилади. Мисол учун, сураи Фотиҳани ёки ундан кейинги сурани, тўрт ракатли ёки уч ракатли намозлардаги аввалги қаъдани тарк қилса, саждаи саҳв қилади. Аввалги қаъдада ўтириш фарзда ҳам, нафл намозларида ҳам вожибдир. Ким аввалги қаъдада ўтирмай, қиёмга туриб кетса, намозини давом эттиради ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. Чунки у вожибни тарк қилди. Вожиб тарк бўлса, унинг ўрни саждаи саҳв билан тўлдирилади. Агар қиёмга тургандан сўнг ўртадаги қаъдада ўтирмагани эсига тушиб қолса-ю, кейин намозини давом эттирмай ўтирса, гуноҳкор бўлади. Чунки у фарздан вожибга қайтган ҳисобланади. Баъзи уламолар «намоз бузилади ҳам», дейишади, лекин намози бузилмаса-да, саждаи саҳв қилади. Аммо аввалги қаъдани ўтирмай қиёмга туриб кетмоқчи бўлса-ю, қаъда ўтириш кераклиги эсига тушиб қолса, ўша ҳолатига қарайди, агар қаъдага яқин бўлса ўтиради, ташаҳҳудни ўқиб, кейин учинчи ракатга туради. Саждаи саҳв қилмайди. Лекин қиёмга яқин бўлса, қаъдани тарк қилади-да, қиёмга туради ва намозининг охирида саждаи саҳв қилади. 

Намоздаги вожибларни тарк қилиш жумласига витр намозидаги қунут дуосини ўқимай рукуъга бориб қолиш ҳам киради. Имомнинг жаҳрий намозлардаги қироатни намоз жоиз бўладиган миқдорда, яъни узун бир оят ва қисқа уч оятни махфий қилиб қўйиши, махфий намозларда эса узун бир оят ва қисқа уч оятни жаҳрий қилиб қўйиши ҳам вожибни тарк қилиш жумласидандир. Ушбу ҳолларда ҳам намоз охирида саждаи саҳв қилинади. 

3. Намоздаги вожиблардан бирини ўз ўрнидан кечиктирса ҳам, саждаи саҳв вожиб бўлади. Мисол учун, Фотиҳа сурасини зам сурадан кейинга кечиктириб ўқиса ва ҳоказо. 

4. Намоз амалларидан бирортасини зиёда қилиб қўйса ҳам, саждаи саҳв вожиб бўлади. Мисол учун, бир ракатда икки бор рукуъ қилиб қўйса ёки уч марта сажда қилса ва ё ортиқча ракатнинг қиёмига туриб кетса ва ҳоказо. Агар намозхон охирги қаъдага ўтирмай, эсидан чиқиб ортиқча ракатга туриб кетса, то ўша ракатнинг саждасигача эсига тушиб қолса, қаъдаи охирга ўтиради ва сўнггида саждаи саҳв қилади. Чунки у охирги қаъданинг фарзини кечиктирди. Аммо ортиқча ракатнинг саждасини қилиб қўйса, ушбу фарз намози нафлга айланади ва олтинчи ракатни ҳам тўлдириб қўйиш маъқулдир. Чунки нафллар ракати тоқ бўлмайди. Намозни адо қилгач, фарзни қайтариб ўқийди. Чунки у намознинг рукнларидан бўлган қаъдаи охирни йўқотди. Рукн адо қилинмаса, намоз қайтариб ўқилади. Аммо вожиб тарк қилинса, саждаи саҳв билан намоз ўрнига келади. Агар қаъдаи охирда ўтириб ташаҳҳудни ўқиган бўлса-ю, кейин ортиқча ракатга билмай туриб кетса, эсига тушган заҳоти ўтиради ва ташаҳҳудни қайтариб ўқимай, салом беради. Аммо зиёда ракатнинг саждасини қилиб қўйган бўлса ҳам, фарз намози бузилиб, нафлга айланмайди. Чунки у охирги қаъдани ўтирган. Фақат яна олтинчи ракатни ҳам ўқиб, салом беришни кечиктиргани сабабли намоз охирида саждаи саҳв қилади. Кейинги икки ракати нафлга ўтади. Саждаи саҳвнинг кўриниши фарз ва нафлларда ҳам бир хилдир. 

Агар намозхон намозининг ракатларида шакка тушиб қолса ва ушбу шакланиши биринчи бор бўлаётган бўлса, намозини бузиб янгидан ўқийди. 

Албатта, намоз ўқувчи имкон қадар хушуъни ҳосил қилишга интилиши керак бўлади. Лекин шакланиш унда доим бўлса, энди намозини бузмайди, балки гумони ғолиб бўлган томонини ҳисобга олиб, намозини давом эттиради. Аммо гумони бир томонга ғолиб бўлмаса, унда шакланган ракатининг озини эътиборга олади. Мисол учун, «Учинчи ракатми ёки тўртинчи ракатми?» деб шакланган бўлса, учинчи ракат эди, деб ҳисоблайди ва ўша ракатда ўтириб, ташаҳҳуд ўқиши вожиб бўлади. Чунки у тўртинчи ракат ҳам бўлиши мумкин-да. Кейин яна ўрнидан туриб тўртинчи ракатни ўқийди ва охирида саждаи саҳв қилади. Биринчи ва иккинчи ракатда ёки иккинчи ва учинчи ракатлар орасида шакка тушиб қолса ҳам худди шу кўринишга амал қилинади. Мисол учун, тўрт ракатли пешин намозини ўқиётган киши биринчи ва иккинчи ракатда иккиланиб қолди. У нима қилади? Бунда у биринчи ракат деб озини ҳисобга олади. Иккинчи ракатни ҳам ўқиб, ўртадаги аввалги вожиб қаъдани ўтиради. Сўнг учинчи ракатга туриб, уни адо қилади-да, яна қаъда ўтиради. Чунки бу тўртинчи ракат бўлиши ҳам мумкин. Кейин яна туриб, биз тўртинчи ракат, деб эътиборга олган ракатни ўқийди ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. 

Демак, гумони ғолиб томонига амал қилиб кетса, саждаи саҳв қилмас экан. Лекин гумони ғолиб бўлмаса, шакланган ракатларининг озини эътиборга олиб, учинчи ракатдан сўнг албатта қаъдаи охирни ўтирар экан. Чунки у тўртинчи ракатни ўқиётган бўлиши ҳам мумкин. Тўртинчи ракатдан сўнг қаъдаи охирни ўтирмаса, маълумки, фарз намоз нафлга айланиб кетади. Шунинг олдини олиш учун шакланган киши албатта учинчи ракатдан сўнг ўтириб, ташаҳҳудни ўқийди ва кейин кам томонини ҳисобга олгани сабабли тўртинчи ракатга ҳам туриб, уни адо қилади. Бу янглишмовчиликнинг барини саждаи саҳв билан тўлдириб қўяди. 

Ким ракатнинг ададида иккиланиб, уни топиш учун бир тасбеҳ миқдорича ўйланиб туриб қолса ҳам, намоз охирида рукнни кечиктиргани учун саждаи саҳв қилади. 

Агар намозхон намоз асносида саҳв саждаси вожиб қиладиган бирор амални содир этиб қўйса, у намозини юқорида баён қилинганидек охирига етказади-да, саломни фақат ўнг томонига беради, сўнгра худди намоздаги каби икки марта сажда қилади. Кейин яна ташаҳҳудни қайтариб ўқийди. Бу амал вожибдир. Салавоту Иброҳимийяни ўқишлик эса мустаҳабдир. Кейин намоздан чиқиш учун ўнг ва чап елкасига қараб салом беради. Шу билан нуқсон етган намози ўрнига келиб, комил бўлади. 

Саждаи саҳвни қилиш ушбу ҳолатларда соқит бўлади: 

1. Агар бомдод намозини ўқиётганда вақт зиқ бўлиб, қуёш чиқиб кетиш эҳтимоли бўлса ёки аср намозида ҳам вақт кам қолиб, қуёш ботиб қолиши мумкин бўлса, саждаи саҳв тарк қилинади;

2. Агар имом жума ёки ҳайит намозларида саждаи саҳвни вожиб қиладиган хатога йўл қўйса, жамоатга ташвиш туғдирмаслик учун уни тарк этади. 

3. Имомга иқтидо қилган киши ҳам ўз хатоси сабабли саждаи саҳв қилмайди, балки агар имом саждаи саҳв қилса, шунда у ҳам имомга эргашгани учун уни қилади. Буни ўзининг адашгани учун эмас, балки имомга эргашиш вожиб бўлгани учун қилган ҳисобланади. Масбуқ, яъни имомга кечикиб иқтидо қилган киши агар имом саждаи саҳв қилса, унга тобе бўлган ҳолда сажда қилади. Кейин туриб етолмай қолган ракатларини ўқиб олади. Имом бир томонга салом берса, иккинчи томонга салом беришини масбуқ бир оз кутиши лозим. Чунки шунда имомнинг хато қилган-қилмагани маълум бўлади. 

4. Агар намозхон саҳв саждасини қилаётиб адашса, бунинг учун саждаи саҳв қилмайди. Киши саждаи саҳв қилишини эсидан чиқариб, салом бериб қўйса, модомики, намоздан ташқаридаги амаллардан бирини қилмаган бўлса, яъни қибладан бурилиб кетмаган ёки бирор сўз айтмаган ва шу каби амалларни бажармаган бўлса, у саҳв саждасини қайтариб қилади. Саҳв саждасини вожиб қиладиган амаллардан бир нечаси содир бўлса-да, уни бир марта қилиш кифоя. 

Саҳв саждасини лозим қилган бир неча сабабга фақат бир саждаи саҳв қилинади. 

Саждаи саҳв қилишга сабаб бўлувчи омиллар рукн такрорлаб қўйиш, рукнни илгари бажариб қўйиш, рукнни кечиктириб юбориш, вожибни ўзгартириш, вожибни тарк қилиш, вожибни кечиктириш, жаҳрийни махфий ва махфийни жаҳрий қилиш кабилардир. 

Саждаи саҳв қилиш вожиб бўлган ўринлар: 

Намозни адо этиш чоғида саждаи саҳв қилишга сабаб бўладиган янглишишлар ва хатога йўл қўйишлар бир неча хил бўлади: 

– намоз ичидаги рукн (фарз)ларни ўз вақтида адо этмаслик ёки ўрнини ўзгартириш;

– намоз ичидаги вожиблардан бирини ўз вақтида адо этмаслик ёки ўрнини ўзгартириш;

– вожиб амаллардан бирини тарк этиш. 

 

Қуйидаги ҳолларда саждаи саҳв қилинади: 

– аввалги қаъдада ташаҳҳудга қўшиб салавот («Аллоҳумма, солли ало Муҳаммадин») гача ўқиб қўйса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасини тарк қилса;

– аввалги икки ракатдан бирида зам сура ўқишдан олдин ташаҳҳуд ўқиб қўйса;

– намознинг уч ёки тўрт ракатини ўқиганига шубҳа қилсаю, у билан машғул бўлиб, салом беришни кечиктириб қўйса;

– аввалги қаъдада ташаҳҳудни такроран ўқиб қўйса;

– рукуъ қила туриб шубҳа билан ўйланиб туриб қолса;

– сажда қила туриб шубҳа билан ўйланиб туриб қолса;

– намозда туриладиган ўринда ўтирса;

– ўтирадиган ўринда туриб кетса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасидан олдин бирор сурани ўқиб қўйса;

– зам сурадан бир-икки калима ўқиганидан кейин Фотиҳа сурасини ўқимаганини эслаб қолиб, Фотиҳани ўқиса;

– аввалги икки ракатда Фотиҳа сурасидан кейин ташаҳҳудни ўқиб қўйса;

– охирги қаъдани унутиб туриб кетсаю, охирги қаъдалигини эслаб ўтирса;

– рукуъда туриб қироат қилиб қўйса;

– саждада туриб қироат қилиб қўйса, қаъдада ташаҳҳуд ўрнига Фотиҳа сурасини ўқиса;

– Фотиҳа сурасини ўқиганидан кейин қайси сура ўқишни фикр қилиб бир тасбиҳ миқдори туриб қолса;

– охирги қаъдада ўтирганидан кейин адашиб туриб кетса ва сажда қилиб қўйган бўлса, фарзи тамом бўлади ва унга бир ракат қўшиб, кейин саждаи саҳв қилиб қўяди;

– қовмани тарк қилса, яъни рукндан тўлиқ қайтмай туриб саждага кетиб қолса (чунки таъдилул аркон вожибдир);

– фарз намозининг аввалги икки ракатида зам сура қилмаган бўлсаю, учинчи ракатга зам сура қилса;

– жаҳрий (овоз чиқариб ўқиладиган) намозларни (яъни шом, хуфтон ва бомдодни) қазо қилиб қўйиб, қазосини ўқишда имом адашиб, намозини махфий ўқиб қўйса, саждаи саҳв қилади;

– масбуқ (кечикиб қўшилган киши) имом билан саждаи саҳв қилиб, қолган намозини ўқиётганида саждаи саҳв лозим бўладиган амални қилиб қўйса, намозининг охирида саждаи саҳв қилади;

– имом саждаи саҳв қилганда масбуқ туриб кетиб, қолган намозини давом эттираётган бўлса ва имом билан саждаи саҳв қилмаса, кейин қолган намозини ўқиётганда хато қилмаса ҳам, саждаи саҳв қилади. 

– намознинг аввалги икки ракатида ёки бирида Фотиҳа сурасини тарк қилиб қўйса (қолдирса);

– қунут дуосини тарк қилса;

– ташаҳҳуднинг баъзи калимасини тарк қилиб қўйса (чунки унинг бир қисмини тарк қилиш ҳаммасини тарк қилиш кабидир);

– Фотиҳа сурасининг озроқ оятини ўқиб, кўпроғини тарк қилиб қўйса (чунки кўпроғини тарк қилиш ҳаммасини тарк қилганга ўхшайди);

– Фотиҳа сурасидан сўнг қисқа оятлардан уч оятга етказмай зам сура қилса;

– аввалги қаъда (ўтириш)ни тарк қилиб қўйса;

Юқоридаги ҳолатларнинг барчасида саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. 



Report Page