САРИОСИЁ ИИБ ХОДИМЛАРИ ВИЛОЯТ ҲОКИМИ БИЛАН ТОРТИШГАН ЎҚИТУВЧИНИ ЯНА ҚАМАШДИ

САРИОСИЁ ИИБ ХОДИМЛАРИ ВИЛОЯТ ҲОКИМИ БИЛАН ТОРТИШГАН ЎҚИТУВЧИНИ ЯНА ҚАМАШДИ

eltuz.com

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28 мактабнинг собиқ директори Умида Турсунова бугун ўн кунлик маъмурий қамоқдан чиқиб, Термиз шаҳридан Сариосиё тумани “Дўстлик” МФЙдаги уйига келган пайти уйи ўнгида 7 нафар Ички ишлар ходимлари томонидан куч билан Сариосиё ИИБга олиб кетилган.

Ҳодиса эрталабки 10:30 да , яъни Элтуз намойиш этган шов-шувли видеодан икки ярим соат ўтиб юз берган.

Яқинларига кўра, 41 яшар ёлғиз аёл Умида Турсунова ҳозирга қадар Сариосиё Ички ишлар биносида ушлаб турилибди.

НИМА БЎЛГАНДИ?

Умида Турсунова устидан 26 июль куни Сариосиё туманидаги 12 мактаб мажлис залида юз берган ҳодиса ортидан маъмурий иш қўзғатилган.

Термизда туриб видеоселектр ўтказган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Умида Турсуновани ўзи раҳбарлик қилган 28 мактабдаги иш муҳитини бузишда айблагани англашилади.

Вилоят ҳокими Умида Турсуновага қарата “бутун дунёга шарманда қилдингиз” дейди.

Бунга жавобан Умида Турсунова вилоят ҳокимига асл воқеликдан хабардор эмаслигини айтади.

Улуғбек Қосимов эса 28 мактабга директор бўлишга Умида Турсунованинг ҳаққи йўқлигини билдиради.

Ўз навбатида мактаб директори вилоят ҳокимига “милтиқ бўлса, отиб ташланг,” дея эътироз билдиради.

Даҳанаки тортишув сўнгида Умида Турсунова ички ишлар органлари ҳамроҳлигида мажлис залидан олиб чиқилади. Чиқиб кетаркан у вилоят ҳокимига қарата: "Ҳайф сизга вилоят ҳокими!" дея хитоб қилади.

Яқинларига кўра, Улуғбек Қосимов мажлисдан чиқариб юборишга буйруқ бериши ортидан Умида Турсунова ўша куннинг ўзидаёқ ҳибсга олинган.

Залдан уни Сариосиё туман ИИБ бошлиғи Омон Тўраев куч ишлатиб олиб чиққан ва тўғри ИИБ биносига олиб борган.

Суд ҳукми


Ўша куннинг ўзида Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди залида Умида Турсуновага нисбатан  маъмурий жавобгарлик тўғрсидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194- моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) бўйича иши кўрилган.

Қизиғи шундаки, ушбу ишда жабрланувчи сифатида Сариосиё туман ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари И. Жумаев аризаси қабул қилинган.

Унда жабрланувчи Умида Турсуновани “бақир чақир қилганлик”, Ҳокимга “Қўлингизда милтиқ бўлса, отиб ташланг”, “Ҳайф сиздек вилоят ҳокимига” деб айтгани, Ички ишлар ходимларининг тинчлантириш уринишларига бўйсунмаганини ноқонуний амал сифатида тақдим этган.

Яқинларига кўра, Умида Турсунованинг талабидан кейин давлат тайинлаган “судга хизмат қилувчи” адвокат тайинланган.

Суд ярим соат ичида “юмалоқ-ёстиқ қилиб” Умида Турсуновани 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм этган ва яна 1 миллион 650 минг миқдорида жарима тайинлаган.

Икки кундан сўнгра Сурхондарё вилоят суди айни ҳукмни ўз кучида қолдирган.

1 августда эса Олий Суд кассацияси ҳукмни қисман тўғри, аммо жазони оғир дея малакалаган.

БИР КУНГА ЕТМАГАН ОЗОДЛИК

Ўн кунлик жазони ўтаб Термиздан қайтаркан Умида Турсуновани уйи ўнгида 7 нафар Ички ишлар ходимлари қарши олганлар ва чақириқ қоғозига бўйсунмаганликда айблаб, яна Сариосиё ИИБга олиб кетганлар.

Умида Турсунованинг “энди ҳибсдан чиқдим, ҳеч бўлмаса ювиниб олай, кийимимни алмаштирай” деган илтимоси ҳам инобатга олинмаган.

Умида Турсунова эшиги бузиб кирилган


Яқинларига кўра, Умида Турсуновадан мактабдаги хонаси калити тортиб олинган.

У қамоқда экан хонаси эшиги Ички ишлар ходимлари томонидан бузиб кирилиб, хонада тинтув ўтказилган ва сўнгра муҳрланган.

Унинг бу гал нима учун олиб кетилгани маълум эмас.

ТРОЛЛАР ВА ВАЗИРЛИК

Айни пайтда Сурхондарёдаги “троллар фабрикаси” зўр бериб, жамоатчилик тафаккурида Умида Турсунова "руҳий носоғлом" деган фикрни шакллантиришга уринмоқда.

Ўз ҳақини талаб қилган директорни маъмурий қамоқ жазосидан озод этилганини маълум қилган вазир Ҳилола Умарова вазиятни шахсан ўз назоратига олганини айтиб ўтган.

Аммо, Ҳилола Умарова мактаб директорининг яна олиб кетилганини билармикин?

Ҳилола Умарова ўқитувчи ўз фикрини баралла айтгани учун қамоққа олинганига эътибор қаратмай таълим соҳаси ҳодимларига одоб аҳлоқ меъёрларини ҳам эслатиб ўтган:

 «Шу ўринда таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчиман», дейди вазир.

Умида Турсунова барчага ўрнак бўладиган директор бўлмаслиги мумкин, лекин унинг хатти ҳаракати на маъмурий ва на жиноий ишга тортмаслиги ойдек равшан.

Сурхондарё вилоятининг хатти-ҳаракати эса унинг Ўзбекистонда мавжуд қонунларни қанчалар менсимаслигига яққол мисол бўла олади.

 Ҳилола Умарованинг муносабати у раҳбарлик қилаётган вазирликнинг нақадар нотавон ва ожизлигини кўрсатади.

Report Page