САНОАТИМИЗ ТАРИХИДА МИСЛСИЗ НАТИЖАЛАР

САНОАТИМИЗ ТАРИХИДА МИСЛСИЗ НАТИЖАЛАР

haqiqatonline_24


Яна саноқли кунлардан сўнг катта қувонч билан Янги йилни қарши оламиз. Бу байрам бугуннинг сарҳисоби, эртанинг мақсад ва режалари билан янада шукуҳли ва аҳамият­лидир. Шу маънода, бизнинг салоҳиятли меҳнат жамоамиз ҳам поёнига етаётган йилни улкан меҳнат ютуқлари билан якунлаётгани ва Янги йилда бунданда залворли марралар сари дадил одимлаётгани билан фахрланишга тўла ҳақлидир.

Шубҳасиз, 2024 йил комбинатимиз тарихида алоҳида шонли саҳифа бўлиб қолади. Жорий йилда комбинатимиз ташкил топганининг 75 йиллигини катта тантана билан нишонладик. Президентимизнинг мазкур сана муносабати билан жамоамизга йўллаган табриклари барчамизни бениҳоя ғурурлантириш билан бирга, олдимизда турган шарафли ва мураккаб вазифаларни бекаму кўст рўёбга чиқаришда қудратли куч ва ишонч бағишлади.

Табрикда алоҳида қайд этилганидек, ўзининг шонли анъаналари билан дунё миқёсида шуҳрат қозонган кўп тармоқли комбинат юксак малакали кончи ва мутахассислар, ишчи ва хизматчиларнинг фидокорона меҳнати билан республикамизнинг иқтисодий қудрати ва халқимиз фаровонлигини оширишга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Хом ашё захираларидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган миллий саноатни ривожлантиришдек устувор вазифани адо этиш мақсадида кейинги йилларда кенг миқёсдаги модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда гапирганда, “Қалмоққир”, ­“Ангрен”, “Чодак”, “Хонжиза”да жойлашган конларда, бойитиш фабрикалари, мис эритиш ва рух заводларида олиб борилган реконструкция ва модернизация жараёнлари, “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш доирасида бошқа ишлаб чиқариш инфратузилмалари барпо этилаётганини қайд этиш лозим. Ана шундай муҳим ўзгариш­лар туфайли комбинат мис ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги ўттизта энг йирик мажмуа қаторидан муносиб ўрин олди.

Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган минерал бойликларни кенг кўламда ўзлаштиришнинг беқиёс имкониятларини ўзида мужассамлаштирган комбинатнинг солиқ тўловлари давлатимиз бюджетининг қарийб 10 фоизини ташкил этиб, энг кўп солиқ тўловчи корхоналар рўйхатида 2-ўринни эгаллайди. 

Бугунги кунда комбинатимизда йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилиши якунига етказилмоқда. 

Жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Президентимиз Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Олмалиқда бўлиб, шундай қувватга эга янги 4-Мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт бердилар. Ушбу фабрикалар ишга тушиши билан комбинат бўйича йилига 160 миллион тонна хом ашёни қайта ишлаш имкони пайдо бўлади. Айтиш керакки, бу – Ўзбекистон саноати тарихидаги мислсиз натижадир.

Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари билан ўтказган мулоқотда вилоятнинг ҳали ишга солинмаган катта имконият ва захиралари мавжудлигини таъкидлаб, унинг бир қатор салоҳиятли қирраларини кўрсатиб ўтар эканлар, Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилиши инобатга олиниб, бу ҳудудда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун “саноат учбурчаги” дастурини тайёрлаш вазифасини ҳам қўйдилар. Саноатнинг драйвер соҳаларининг бундай жадаллик билан ривожланиши вилоятимиз аҳолиси учун минглаб янги иш ўринлари яратилишига ҳам замин бўлмоқда. 

Эътиборлиси, мана шундай кўламли ислоҳотлар туфайли Олмалиқ кон-металлургия комбинати кейинги йилларда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан нафақат юртимизда, балки жаҳонда ўз нуфузини муттасил мустаҳкамлаб бормоқда. 

Натижаларни рақамларда баён этадиган бўлсак, жамоамиз жорий йилни 38,1 трлн. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришдек жуда юксак маррани забт этиш билан якунламоқда. 

Маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперация алоқалари доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 3,9 трлн. сўмга етмоқда. Шу ўринда келгуси йилда 269 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари доирасида 1,5 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилишини таъкидлаш ўринлидир.

Шу муносабат билан “саноат учбурчаги”га кирувчи туман ва шаҳарларда камида 5 тадан корхонани жалб қилиб, кейинги йил комбинат импортини 25 млн. долларга камайтириш, мазкур йўналишда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва 1,5 млрд. доллар миқдорида экспортни амалга ошириш имкониятлари мавжуд. 

Бир пайтлар фаолиятини биргина “Қалмоққир” кони билан бошлаган комбинатимиз бугунги кунга келиб ўнлаб конларни, завод ва фабрикаларни ўзида бирлаштириб, тараққиётининг том маънодаги янги босқичига етиб келди. Бундай де­йишга асослар етарли.

Президентимиз ташаббуси билан комбинатимизда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича ишлар жадал кетмоқда. “Ёшлик-1” кони ҳам Янги Ўзбекистоннинг ёшлари, янги авлоди учун юз очмоқда, десак хато қилмаймиз. Мазкур конни ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси шубҳасиз, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга оширилаётган ва жаҳон рангли металлургия саноатининг диққат марказида бўлиб турган мега-лойиҳа ҳисобланади.

Бугунги кунда “Ёшлик-1” конида устки қатламларни очиш ишларига 400 дан зиёд техникалар сафарбар этилган. Узунлиги 4,2 км. бўлган магистраль конвейерлар маъданни фабрика хом ашё омборига ташишга тайёрлади. Мазкур лойиҳа доирасида бир қатор замонавий рақамлаштирилган энергетика ва таъминот иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

энергетика ва таъминот иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу ўринда янги бунёд этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикаси хусусида ҳам тўхталиб ўтиш зарур. Йилига 60 млн. тонна маъданни қайта ишлаш, 894 минг тонна мис концентрати ва 1,5 минг тонна молибден концентратини ишлаб чиқаришни ташкил этадиган мазкур корхона иқтисодий самарадорлиги, ишлаб чиқариш тизими, замонавий ва энг илғор технологияларни ўзида мужассам этиши билан ажралиб туради.

Яқин давр истиқболларини белгилар эканмиз, янги мис эритиш мажмуасини ­бунёд этишни асосий стратегик вазифа сифатида кўрамиз. Ҳозирда 148 минг тонна мис катоди ишлаб чиқарилаётган бўлса, янги мажмуа ишга тушиши билан бу кўрсаткич 300 минг тоннани ташкил этади.

Комбинатнинг муҳим маҳсулотларидан яна бири ҳисобланувчи сульфат кислотаси ишлаб чиқаришни 750 минг тоннадан 2,3 млн. тоннагача ошириш белгилаб олинган. Шу ўринда 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили доирасида олиб борилаётган ва белгилаб олинган вазифаларга тўхталиб ўтиш зарур бўлади.

Барқарор ривожлантириш соҳаси, фойдали қазилмаларни бойитиш, металлургия, норуда материаллари ишлаб чиқариш йўналишида дунёда ном қозонган “Metso Outotec” компанияси билан ҳамкорликда Рух заводи ҳудудида 2023 йилдан бошлаб барпо этилаётган 6-сульфат кислотаси цехининг истиқболлари аҳамиятга моликдир. Янги цех 180 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Янги цех ишга туширилиши билан технологик жараёнлар давомида ҳосил бўлган технологик газларни утилизация қилиш самарадорлиги оширилиб, атроф-муҳит муҳофазаси яхшиланишига эришилади.

Яшил иқтисодиётга ўтиш доирасида 2-Мис бойитиш фабрикасида 670 минг тонна шлакни қайта ишлаш, Поп туманида янги қурилаётган қуёш фотоэлектр станциясидан электр энергиясини етказиб беришни йилига 235 млн. кВт. соатга етказиш, карьерлардаги автосамосвалларни аккумулятор батареялари билан жиҳозлаш эвазига тўлиқ “яшил кон” мақомига ўтказиш, Ангрен кон бошқармасида оқова сувни тозалаш бўйича EPSI OY компания­сининг (Финляндия) пилот лойиҳасини амалга ошириш асосий вазифаларимиз сирасига киради.

Бундан ташқари, шу кунга қадар комбинатнинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларида умумий қуввати 9 минг 41 кВт. бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилди. Жорий йилнинг 11 ойи давомида уларда 3 млн. кВт. соатдан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу электр энергияси комбинат ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжлари учун йўналтирилмоқда.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, комбинат ҳудудидан оқиб ўтувчи «Таначи–Бўка» каналига қуввати 30 кВт. соатни ташкил қилувчи гидротурбинали генератор ўрнатилди.

Бу каби ишларни янги 2025 йилда ҳам жадал давом эттирамиз. Хусусан, “Рақамли ОКМК – 2030” концепцияси доирасида комбинатда кенг қамровли ишлар давом этяпти.

Шунингдек, энергия самарадор янги технологияларни жорий этиш, трансформациялаш, тармоқлараро кооперациясини кучайтириш, халқаро рейтинг индексларида компания мавқеини янада ошириш каби вазифалар янги босқичга кўтарилади.

Маълумки, кейинги йилларда кучли ижтимоий ҳимоя янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу масалалар доим Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг диққат марказида бўлиб келди. Йилнинг биринчи ойида “Хонжиза” кон бошқармасида 200 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг ижтимоий соҳа объектларини (мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, шифохоналар, оилавий поликлиникалар) иситиш қозонлари ва иссиқлик тизимини таъмирлаш мақсадида 22,2 млрд. сўм ҳомийлик маблағи ажратилди.

“Юнусобод сити” ҳудудида подстанция ва 110 кВ. кабель тармоғини қуриш ишларига амалий ёрдам кўрсатилди. Ушбу ишларга 210 млрд. сўм маблағ сарфланди. Айни кунларда комбинат ҳомийлигида Бекобод шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада капитал таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Таъмирлаш йил якунига қадар тугалланиши белгиланган бўлиб, 2 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, шаҳримизда “Қурувчилар боғи”, футбол клубимиз академияси тарбияланувчилари учун қурилган яшил майдонлар ҳам фойдаланишга топширилди.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг эътирофига сазовор бўлган Муҳандислик мактаби хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Мазкур ўқув масканида 8 та ўқув ва 4 та лаборатория хоналари мавжуд. Технологик ўқув цехлари эса 36 турдаги 217 та ускуна билан жиҳозланган. Энг асосийси, эндиликда ўқув жараёнлари Германиянинг Фрайберг кончилик академияси техника университети, “Aurubis” ва “GünterPapenburg” компанияларининг кадр­лар тайёрлаш бўйича методологиялари асосида олиб борилади.

Маълумки, Ўзбекистон – қариялар қадр­ланадиган юрт. Комбинатимизда ҳам бу масалага доимо эътибор қаратиб келинади. 2024 йилнинг август ойида комбинат меҳнат фахрийлари учун “Нуронийлар маскани”нинг фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда олиб борилаётган хайр­ли ишлардан бири бўлди.

Комбинатимиз хайрия ишларидан ҳам четда турмайди. Мисол учун, Оққўрғон туманининг “Элтамғали” маҳалласида қурилиб, фойдаланишга топширилган болалар боғчаси ва тураржой биноси туман аҳолисига жамоамиздан туҳфа бўлди. Икки қаватли бинода жойлашган мактабгача тарбия маскани 80 ўринга мўлжалланган. Шунингдек, бинодаги 14 та 2 хонали хонадон ҳам ўз эгаларига топширилди. Эндиликда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 14 оила Янги йилни янги хонадонларда кутиб олишади.

ринга мўлжалланган. Шунингдек, бинодаги 14 та 2 хонали хонадон ҳам ўз эгаларига топширилди. Эндиликда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 14 оила Янги йилни янги хонадонларда кутиб олишади.

Шу ўринда спорт соҳасига ҳам тўхталсам. Жорий йилда комбинатимиз спортчилари ҳам қувонарли натижаларга эришишди. Хусусан, 2024 йилнинг май ва август ойларида гандбол бўйича Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё очиқ чемпионатида комбинатимиз эркаклар жамоаси 1-ўринни, аёллар жамоаси 2-ўринни эгаллашди. Ўзбекистон Республикаси Мус­тақиллиги кубоги баҳсларида гандболчи эркаклар жамоаси 1-ўрин, аёллар жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритишди. Гандбол бўйича жамоаларимиз мамлакат чем­пиони бўлишди. “ОКМК-W” аёллар футбол жамоаси мамлакат чемпионатида иккинчи ўрин соҳибига айланди. Профессионал футбол клубимиз суперлигада мавсумни 47 очко тўплаган ҳолда кумуш медаль билан якунлади ва жамоамизга “fair play” соврини топширилди.

Мухтасар айтганда, ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаришига йўл қўймаслик, муҳим инвестициявий лойи­ҳаларни ўз вақтида рўёбга чиқариш, шу билан бирга, ишчи-ходимлар учун мақбул маиший ва меҳнат шароитларини яратиш, фаровон ҳаёт кўзгуси бўлган маданий-ижтимоий тармоқларни ривожлантириб бориш жамоамиз фаолиятининг бош мезонидир. Барча мақсад ва муддаоларимиз рўёбида, албатта, давлатимизнинг, хусусан, Юртбошимизнинг доимий эътиборидан руҳ олиб, салоҳият­ли ва аҳил меҳнат жамоамизга таянамиз.

Абдулла ХУРСАНОВ,

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси,

сенатор

Report Page