БУЛУНҒУРДАГИ БАЪЗИ МАКТАБЛАРНИНГ АҲВОЛИ ҚОНИҚАРСИЗ
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов олис ҳудудлардаги умумтаълим муассасаларида сифатли таълим-тарбия жараёнлари учун яратилаётган шароит, янги ўқув йилига тайёргарлик, муассасаларда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида Булунғур туманида бўлди.

С.Усмонов Булунғур туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи Суярқул Бердиқулов ҳамроҳлигида тумандаги умумтаълим муассасаларидаги ҳолатни кўздан кечирди. Афсуски, уларнинг баъзиларида директорларнинг карантин баҳона ниҳоятда хотиржамликка берилгани, ўз вазифасига лоқайдлиги, янги ўқув йилига аллақачон тайёргарлик ишлари бошланган бўлса-да, уларни ҳали ҳам мудроқ босиб тургани кўзга ташланди. Жумладан, Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган мактаблар ўрганилганда мана шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик.
250 нафардан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олаётган 41-умумтаълим мактабининг ҳовлисида ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек олиб борилган. Аммо карантин эълон қилингандан сўнг 41-мактабда фаолият қандай тўхтаган бўлса шундайлигича қолиб кетган. Компьютер жиҳозлари, ўқув анжомлари чанг босиб, ивирсиб ётибди. Мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳамон бошланмаган.

Одатда битта мактабни таъмирлаш ва қурилиш ишларини ташкил этиш учун бир неча йиллаб ҳаракат қилинади. Энг муҳими, давлат бюджетидан миллиардлаб маблағлар сафарбар этилади. Минглаб мактаблар орасида тумандаги чегарадош ҳудудда жойлашган 10-умумтаълим мактабининг обод ва кўркам масканга айланишига эришилган. Бироқ, бу муассасада юқоридагидан ҳам ачинарли аҳволни кузатиш мумкин.
Гап шундаки, 10-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг пухта билим олиши, соғлом вояга етиши учун 2015 ва 2019 йилларда спорт зал билан биргаликда, иккита 350 ўринли янги бинолар қуриб, замон талаблари асосида жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилган. Минг афсуски, мактаб биноларининг бугунги аҳволини кўриб, "хайф" дегинг келади.



Бино пештоқидаги "10-мактаб" ёзувининг баъзи ҳарфлари кўчиб тушган. Синфхоналарнинг шифт қисми қорайиб кетган. Бинода бирорта соз ҳолатдаги эшикни учратиш қийин. Жиҳозлар остин-устин бўлиб, синфхоналарда турли чиқиндилар сочилиб ётибди. Директор қабулхонасига эса бош суқиб киргингиз келмайди. Янги ўқув йилига тайёргарлик ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас.
Дарҳақиқат, ушбу мактабнинг пештоқига “Ҳудуднинг ободончилиги раҳбарнинг фаросатига боғлиқдир” дея шиор қадаб қўйилган. Қизиқ, 10-мактабга 4 йилдан буён директорлик қилиб келаётган, кўп йиллар шу муассасада педагогик фаолиятини олиб борган Бахтиёр Мелибоев нега ўзи раҳбарлик қилиб келаётган муқаддас масканни бунчалик оёқости қилди экан?! Суриштирганимизда у мактабга тушликкача бир келиб кетган, холос. Мактабдаги аҳволни кўриб, яқин вақт ичида бу ерга на директор ва на директор ўринбосарларининг қадами етганига шубҳа туғилди...
Тўғри, 10-мактабда бўш турган ер майдонларидан унумли фойдаланишда ибрат олса арзийди. Мисол учун, 35 сотих майдонда ловия экилган, яна қарийб шунча қисмида ёнғоқ, олма ва гилос мевалари дарахтлари ўтқазилиб, парваришланмоқда. Аммо таълим-тарбия жараёнлари учун яратилган кенг имконият ва шароитни кўз қорачиғидек асраш ўрнига хароб ҳолатга келтириб қўйишган.


Ўрганиш давомида, нафақат 10 ва 41-мактаб директорлари, балки тумандаги аксарият мактаб директорлари Булунғурнинг яшил ҳудуд бўлишига қарамасдан карантин баҳона ўз-ўзига таътил эълон қилиб юборгандек тасаввур уйғотди.
Тумандаги 13-мактабда ҳам янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамон бошланмаган.
С.Усмонов ўрганиш натижаларига мувофиқ, Булунғур туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи С.Бердиқулов ҳамда мактаб директорларини қатъий огоҳлантирди ва тегишли топшириқларни берди. Халқ мулкини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда, халқимиз фарзандлари келажаги учун фидойилик кўрсатиб, доим интилиб, изланиб ҳаракат қилиш лозимлигини уқтирди. Ўқитувчилар билим ва малакасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишда директор ташаббускорлик қилиши зарурлигини таъкидлади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати