САМАРАСИЗ БЎЛГАН ЭКУ МУОЛАЖАСИДАН КЕЙИН ПАЦИЕНТНИ ДАВОЛАШ ҚАЙ ТАРЗДА ОЛИБ БОРИЛАДИ?

САМАРАСИЗ БЎЛГАН ЭКУ МУОЛАЖАСИДАН КЕЙИН ПАЦИЕНТНИ ДАВОЛАШ ҚАЙ ТАРЗДА ОЛИБ БОРИЛАДИ?

@ginekologim



     Муваффақиятсиз ЭКУ муолажасидан сўнг, ҳар қандай вазиятда ҳам кўнгилни чўктирмаслик керак! Аслида ЭКУ муолажасини ўтказиш анча руҳий ва жисмоний куч ва анча молиявий харажат талаб қиладиган жараён. Буни кичик бир қаҳрамонлик деса ҳам бўлади (ҳолбуки аёл кишини агар муваффақиятли ўтса олдинда 9 ойлик ҳомиладорлик ва туғишдек ҳақиқий қаҳрамонлик кутиб туради). Чунки муваффақиятсиз ЭКУ бу худди кичик ўлим ҳодисасига яқин бир нарса. Албатта бу ҳам жисмоний, ҳам рухий тушкунлик берадиган ҳолатни енгиб ўтиш бирдан ва осон бўлмайди.

Эркаклар кучли жинс вакиллари бўлгани учун бу ҳолатни аёлларга нисбатан осонроқ енгиб ўтадилар. Шунинг учун бу масалада эркаклар аёлларга кўпроқ далда бўлишлари керак. Зеро аёл ожиза ва заифа ҳамда ҳиссиётга берилувчан бўлгани учун жуфтидан дастак ва далда кутади. Қайнота ва қаноналар ҳам бунда асло ҳеч кимни айбламай далда берсалар ўзларига ва келинлари учун ҳам яхши бўларди.


Кимдадир заҳирада музлатилган эмбрионлари мавжуд бўлади. Бундай ҳолат сал бўлса ҳам вазиятни енгиллаштиради ва умид беради.

 Аммо заҳирада ҳеч нарса бўлмаса ҳам умидсиз бўлмаслик керак. Бу ҳали имконият тугади дегани эмас. Ўзингизни, жуфтингизни ёки бошқа бирини айбламасликка ҳаракат қилинг. Тўғри бу стрессли ҳолатни ҳар ким ҳар турлича ўтказади. Аммо маълум вақт ўтгач ўзингизни қўлга олиб тавба ва истиғфор билан машғул бўлганингиз маъқул. Ҳар бир нарса бир ҳикматга биноан бўлишини ўйлаб, нохушликни ҳам борича қабул қилишни ўрганишимиз керак бўлади. Бунинг учун кимдир ўзини рухий далда берадиган муҳит ёки шахс билан енгиб ўтар, кимдир психолог ёрдамига мурожаат қилишга эҳтиёж ҳис қилиши мумкин. Писхологик ёрдам олишдан чекинманг.


Тиббиёт қанчалик ривожланмасин у ҳеч қачон ХУДО бўлолмаслигини унутманг. Зеро яратиш фақат Худога ҳос сифат. Ҳақиқий натижани ҳам фақат ЎЗИ бера олади. Ижобий натижа бўлса Ундан деб билиб, Унга шукр қилинг, шифокор сабабчи холос унга дуо қилсангиз бўлди. Агар салбий натижа бўлса ҳам Унинг ҳикматига рози бўлинг. Шунда сизни яхшилик билан мукофотлашига ишонинг.  

Ушбу ҳолатда шифокор ҳам сизга имкон қадар келгуси муолажа харажати борасида чегирма қилишга ҳаракат қилади.

Спорт билан шуғулланинг, ишингизни давом эттиринг, қизиқарли тадбирларда иштирок этинг.  Холис яхшликлар қилинг, садақа ва эҳсонлар қилинг эҳтиёжмандларга, уларнинг дуоларини олинг. Булар ҳам жуда муҳим сабаблар. Биз қайси амалимиз сабабли раҳматга сазовор бўлишимизни билолмаймиз. Кичик бир холис амал учун баъзида катта мукофот берилиши Худонинг раҳматига зид эмас. Ҳаётда бунинг ўрнаклари кўп.


Агар сизда ЭКУ муолажасининг биринчи уриниши самарасиз ўтган бўлса, унда сиз ортиқча хавотирланмасдан ўзингизни қўлга олишга ҳаракат қилинг, аммо шунга қарамай, муваффақиятсизлик сабабини аниқлаштириш керак. Шуни таъкидлаш керакки, ЭКУ муолажасининг иккита уриниши орасидаги вақт оралиғи камида 1,5 - 2 ой бўлиши керак, шунда эр-хотин руҳий ва ҳиссий ҳолатларини тиклаб олишлари мумкин бўлади. Иккинчи ўринишга руҳий жиҳатдан ижобий ёндошиб ҳаракат қилиш натижага бевосита таъсир кўрсатишини ҳам унутманг.

ЭКУ муолажасининг муваффақиятсизлигига таъсир қилувчи психологик омилларга қуйидагилар киради:

·       онгостида ёрдамичи репродуктив усулларни нотабиийдек қабул қилиш (аслида уруғланиш ва эмбрион ҳосил бўлиши табиий бўлади, фақат спермага туртки бериш ва уруғлантириш муҳити сунъий бўлади холос);

·       жуфтларнинг ўзаро ишончсизликлари ва бир-бирларига далда бермасликлари;

·       она бўлишга тайёр бўлмаслик;

·       шифокорга ишончсизлик ва салбий кайфиятнинг ҳукмрон бўлиши.

Келгуси муолажаларда буларни бартараф этишга ҳаракат қилинг. Ўз хаёлингизни доим ижобий тасаввурларга тўлдиринг. Ижобий фикрлар қилинг. Салбий нарсалар хаёлга келса эътибор берманг, улар зарар беради деб ҳам ҳисобламанг. Шунда ўзи йўқ бўлиб кетади.

Энди муваффақиятсизликнинг мумкин бўлган жисмоний сабаблари ҳақида гаплашайлик.

* Эмбрионлар сифати

ЭКУ муолажасида ижобий натижага эришиш учун эмбрионнинг сифати биринчи даражали аҳамиятга эга.

Агар мутахассис эмбрион геномида меъёрдан четлашиш борлигидан гумон қилса, қўшимча маслаҳат олиш керак бўлади. Генетика мутахассиси сизга оиладаги касалликлар ҳақида савол беради ва сизнинг ҳолатингизда ирсий касалликлар хавфи қанчалик эканлигини аниқлай олади.

     Бундан ташқари, кариотип таҳлили ўтказиш керак бўлади – бу сизнинг хромосома тўпламингизни баҳолайдиган таҳлил. Меъёрдан четлишишлар мавжудлиги ҳомилада хромосома аномалиялари хавфи юқори эканини кўрсатади. Бундай ҳолда, имплантацияолди генетик ташхиси тавсия этилади, бу эса фақат соғлом эмбрионларни бачадон бўшлиғига кўчириб ўтказишга имкон беради.


     Шуни ёдда тутиш керакки, эмбрионларнинг сифати ҳар қандай касалликлар ёки танланган стимуляция схемасига эмас, балки кўпроқ аёлнинг ёшига боғлиқ бўлади.

     Кўпинча бундай нуқсонли эмбрионлар умуман бачадонга имплантация бўлмайди ёки ҳомиладорликнинг дастлабки босқичларида ривожланишдан тўхтайди.

     Шундай экан, агар пациент 40 ёшдан катта бўлса, қуйидаги муқобил вариантлар қўлланилиши мумкин.

• Бачадонга кўчирилган эмбрион генетик жиҳатдан меъёрда бўлади деган умидда янгитдан ЭКУ муолажалари ўтказиш;

• ЭКУ муолажасини ИГТ (имлантацияолди генетик ташхис) билан бирга ўтказиш.

* Бачадон шиллиқ қаватининг ҳолати:

Нафақат эмбрионнинг сифати, балки имплантация бўлишга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган эндометрийнинг (бачадон шиллиқ қавати) ҳолати ҳам муҳимдир.

ЭКУ муваффақиятсизлигини таҳлил қилганда, шифокор кейинчалик текшириш мақсадида эндометрий тўқимасининг намунасини олиш учун гистероскопияни таклиф қилиши мумкин. Бундай ҳолатда ультратовуш текшируви унчалик етарли маълумот бермайди ва ҳолатнинг тўлиқ тасвирини бера олмайди.

Гистологик текширув сурункали яллиғланиш жараёни ва эндометрий етишмовчилиги каби патологияларни аниқлаб бера олади. Бундан ташқари, олинган натижаларга асосланиб, шифокор эмбрионларни бачадон бўшлиғига кўчириб ўтказмасдан олдин даволаниш кераклигини аниқлаши мумкин.

* Гормон миқдори даражаси:

Пациентнинг гормонал фони эмбрионни кўчиришдан кейинги даврда катта рол ўйнайди. Бу ҳолат, айниқса, тухумдонлар, қалқонсимон без ва гипофиз безлари каби эндокрин безларнинг фаолияти бузилган аёллар учун жуда муҳимдир.

Эҳтимол, мутахассис кейинги эмбрионни кўчириш пайтида гормонал фон ҳолатини қатъий равишда кузатиб боради ва уни амалга оширгандан сўнг гормонлар даражасини меъёрда сақлаб қолиш учун бошқа воситаларни буюради.

* Қон ивиши:

Агар пациентда қон ивиши юқори бўлса, имплантация юз бермаслиги мумкин.

Шунинг учун, ЭКУ муолажаси муваффақиятсизлигининг сабабларини ўргангач, репродуктолог одатда гемостатик тизим генларида мутациялар мавжудлигини таҳлил қилишни буюради. Агар таҳлил натижаларида патологик ўзгаришлар мавжудлиги аниқланса, кейинги ЭКУ дастури пайтида пациентга қон ивишини камайтиришга қаратилган дорилар буюрилади.

Аммо, баъзида ЭКУ муолажаси давомида аёлда қон ивишининг бузилиши, ҳатто бундай мутациялар бўлмаганда ҳам қайд этилади.

 

* Иммун омиллари:

Ота-онанинг антигени бир-бирига мос келмаслиги керак, чунки акс ҳолда аёлнинг танаси эмбрионни назоратсиз фаол равишда ажрала бошлаган ўз ҳужайралари тўплами сифатида қабул қилади ва уни йўқ қилиш учун курашади. Шундай қилиб, ҳомиладорлик якун топади.

Эркак ва аёлнинг антигени ўхшашлигини билиш учун шифокор HLA-тип (одам лейкоцитар антигени) таҳлилни буюради. Агар бир қатор антигенлар мос келса, шифокор аёлга ЭКУ дастурини бошлашдан олдин ва эмбрион кўчирилишидан кейинги даврда олиши керак бўлган иммуносупрессив ва иммуномодуляцион воситаларни буюриши мумкин.

Бундан ташқари, муваффақиятли имплантацияга халақит берадиган АФА (антифосфолипид антитанчалари)нинг мавжудлигини ўрганиш тавсия этилиши мумкин. Антифосфолипид антитаначалари майда томирларда тромб ҳосил бўлишига олиб келади, шу сабабли эмбрион бачадон деворига ўрнаша олмайди ва кўпинча асоратларни келтириб чиқаради ва ҳомиладорликнинг якун топишига олиб келади. Бундай ҳолда, шифокор қон ивишини тўғрилайдиган дориларни буюради.

ЭКУ МУОЛАЖАСИДА ЭНГ КЎП УЧРАЙДИГАН МУАММОЛАР

* Ҳар етти аёлнинг биттасида организм керакли миқдордаги тухум ҳужайра олиш учун тухумдонларни стимуляция қилиш мақсадида ўтказиладиган гормонал даволашга жавоб бермайди. Бундай ҳолатларда ЭКУ муолажасини бекор қилишга тўғри келади.

* Эмбрионни кўчиришдаги қийинчиликлар: баъзи аёлларда аёл жинсий тизимида айрим анатомик ва физиологик хусусиятлар мавжуд бўлиб, улар эмбрионнинг тўғри кўчирилишига халақит беради. Бундай ҳолатларда ҳомиладорлик юзага келиш эҳтимоли камаяди.

Уруғлантиришнинг содир бўлмаслиги: тухум ҳужайраси териб олинган аёлларнинг 5 фоизида қандайдир сабабга кўра сперматозоид тухум ҳужайра билан бирлашмайди, яъни уруғланмайди. Кўпинча бу сперматозоидлар миқдори етишмаслиги ёки тухум ҳужайрадаги муаммолар туфайли юзага келади. Ушбу нуқсон номаълум сабаб билан ҳам келиб чиқиши мумкин.

* Сперматозоидларнинг йўқлиги: ТЕСЕ усули қўлланилган эркакларнинг 40 фоизида уруғ суюқлигида сперматозоидлар топилмаган. Шу сабабли кейинги муолажаларни давом эттириш маъносиз бўлади.

* Бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликнинг эҳтимоллиги: ЭКУ муолажаси ўтказилган аёлларнинг 1-3 фоизида кузатилади. Хавф гуруҳига бачадон найчаларида жарроҳлик амалиёти ўтказилган аёллар киради.

* Тухумдонларнинг гиперстимуляция синдроми (ТГС)

Бу ЭКУ муолажасининг энг жиддий асоратларидан биридир.

 Ҳозирги вақтда унинг пайдо бўлиши вазоактив моддаларнинг (қон томирлари деворига таъсир этувчи моддалар) таъсири билан боғлиқ бўлиб, аёлнинг танасида уларнинг миқдори овуляцияни стимуляция қилиш давомида хорионик гонадотропинни овуляция триггери (яъни, якуний етилишга олиб келадиган дори бўлиб ЭКУ муолажаси пайтида тухум ҳужайраларни фолликуляр суюқлик билан бирга тухумдондан пункция қилиб териб олишга имкон туғдиради) сифатида киритишга жавоб тариқасида кўпаяди.

Баъзи вазоактив моддаларнинг таъсири қон томирлари деворининг ўтказувчанлигини оширишга олиб келади, қоннинг суюқ қисми томирлар деворлари орқали бошқа тана бўшлиқларига чиқади, қорин бўшлиғи (асцит - қорин бўшлиғида эркин суюқлик тўпланиши), плевра (ўпка атрофида), оғир ҳолатларда, ҳатто перикардиал (юрак атрофида); томирлардаги қон миқдори камаяди, қон қуюқлашади, бу тромблар ҳосил бўлишига, натижада ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларнинг нотўғри озиқланишига олиб келади. ТГС кузатилган пациентларнинг энг кўп учрайдиган шикояти - ҳолсизлик, бош айланиши, қорин оғриғи ва дам бўлиши, иштаҳанинг йўқлиги, кўнгил айниши, қусиш, оғир ҳолатларда нафас олиш қийинлишуви ва қон ивиш тизимидаги бузилишлар. Кўпгина пациентларда ушбу синдром осон кечади ва 5% да у оғир кечади ва стационар даволанишни талаб қилади.

ЭЪТИБОР БЕРИЛАДИГАН ЯНА БИР МУҲИМ ЖИҲАТЛАР

ЗАРАРЛИ ОДАТЛАР

* Чекиш:

     Чекиш ҳомиладорликни режалаштиришда ва тўғридан-тўғри ҳомиладорлик пайтида зарарли таъсир кўрсатади. Тамаки тутуни таркибида зарарли моддалар кўп - никотин, углерод оксиди, водород цианиди, қатронлар ва баъзи канцерогенлар. Ушбу моддаларнинг барчаси биргаликда ва алоҳида ҳам ривожланаётган ҳомила учун жуда хавфлидир. Бундан ташқари, чекиш пайтида танадаги В ва C витаминлари, шунингдек фолий кислотаси фаол сўрилади ва натижада уларнинг танқислиги марказий асаб тизимидаги нуқсонларни келтириб чиқариши мумкин. Чекиш бепуштлик, бачадоннинг ҳомила ушламаслиги, эрта ёки кеч ҳомила тушишлари, шунингдек эрта туғилиш хавфини оширади. Кўпайишни режалаштирган оилавий жуфтликлар (агар чекиш одатлари бўлса) ҳомиладорликдан 3-6 ой олдин никотин истеъмол қилишни тўхтатишлари керак. Чекишнинг сперматозоидлар сифати ва миқдорига салбий таъсири ҳақида ҳам унутманг.

* Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар

     Жуфтликнинг ҳар иккаласи ҳам спиртли ичимликларни истеъмол қилса бу ҳомиладорликка тўсқинлик қилади, агар ҳомиладорлик юзага келса, ҳомила тушиш эҳтимоли ортади ва ҳомилада аномалияларга олиб келади.

     Гиёҳванд моддаларни ҳомиладорликдан олдин ва ундан кейин истеъмол қилиш эрта ҳомила тушишига, ҳомила аномалияларига ва мажруҳликка олиб келади. Гиёҳванд онадан туғилган болалар, одатда, гиёҳвандликка мойил бўлиб туғилади.

* Ҳаддан зиёд иссиқ ҳарорат

     Бу омил эркак ёрғоқ тизимига салбий таъсир қилади. Юқори ҳарорат, тез-тез саунага бориш ва иссиқ ванна олиш, шунингдек тор кийимлар, шу жумладан тор ички кийимлар сперматозоид ишлаб чиқаришга салбий таъсир қилади.

* Тана вазни меъёрининг бузилиши

  Жуда семиз ёки аксинча жуда озғин аёлларда ҳомиладорлик борасида жиддий муаммолар бўлади. Одатда, бундай аёлларда овуляция ва ҳайз цикли бузилиши кузатилади. Эркакларда тана вазнининг ортиши ёрғоқларнинг исишига ёрдам беради, бу эса сперма ишлаб чиқаришнинг камайишига олиб келади.

* Оғир жисмоний ҳаракат

     Жисмоний фаолиятдан оқилона фойдаланмаслик (масалан: ҳар куни узоқ вақт югуриш, юракни ортиқча чарчатадиган оғир ишлар) ҳайз цикли бузилишига (тартибсиз ҳайз кўриш), гормонал даражадаги ўзгаришларга, гормонлар ишлаб чиқаришнинг камайишига олиб келади. Шунга ўхшаш ҳолат эркакларга ҳам тааллуқлидир.


Доим яхши, эзгу, ижобий фикр ва тасаввурлар қилинг, ниятингиз ва орзуингиз яқин кунларда рўёбга чиқиш тилаги билан...

Репродуктолог ва гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади


КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

Report Page