САМАРАЛИ ЕР НАЗОРАТИ АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ.

САМАРАЛИ ЕР НАЗОРАТИ АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ.


Eр умуммиллий бойлик, Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидандир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6061-сон фармонига асосан Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилиб, унинг функция ва вазифалари белгилаб берилган.

Хусусан, Кадастр агентлиги ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида:

ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ноқонуний ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш;

ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурилишини аниқлаш;

ер участкаси чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

давлат кадастрларини юритиш тартибига риоя этилишининг назорат қилинишини таъминлайди.

Хўш бу борада, Агентликнинг вилоят бошқармаси томонидан қандай ишлар амалга оширилди.

Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги фармонлари, шунингдек, жорий йилнинг 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5006-сон қарорига мувофиқ Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида аниқ вазифа ва функциялар белгилаб берилди.

Шу мақсадда, бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари, вилоят прокуратураси билан биргаликда вилоят ҳудудида ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ноқонуний ер участкаларини аниқлаш, шунингдек ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назорат тадбирлар олиб борилмоқда.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида, вилоят бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида 847 та ҳолатда 379 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.

Хусусан, ўзбошимачалик билан эгаллаб олиш ҳолатларининг

519 та ҳолатда 53 гектар ер уй-жой қуриш учун,

235 та ҳолатда 18 гектар ер нотурар-жойлар учун,

16 та ҳолатда 207 гектар ер балиқ ховуз учун,

31 та ҳолатда 48 гектар ер тупроқ каръер учун

45 та ҳолатда 53 гектар ер боғзорлар ташкил этиш учун эгаллаб олинган.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларнинг 292 гектари суғориладиган экин ерларини, 24 гектари кўп йиллик дарахтзорлар, 16 гектари яйловлар, 47 гектари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерларни ташкил этади.

Аниқланган қонун бузилиш холатлари юзасидан:

Ер қонунбузилиш содир этган шахсларга нисбатан бажарилиши мажбур бўлган 831 та, ердан фойдаланувчиларга 748 та ёзма кўрсатмалар, ҳамда туман, шаҳар ҳокимларига 831 та тақдимномалар, прокуратура органларига 831 та маълумотлар, судларга 84 та маъмурий баённомалар киритилган.

Ўз навбатида, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари таҳлил қилинганда, фуқароларимизнинг ер ажратиш қонун қоидалари бўйича ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмасли, ерни ижарага олган фермер хўжалиги бошлиғининг оғзаки сўзларига алданиб, “Сен қурилиш қилавер, мен ўзим ҳужжатини қилиб бераман” деган гапларига ишониб қурилиш қилаётганликлари, ёки айрим фермер хўжаликлар томонидан ерни менга узоқ муддатли ижарага берилган деб, ўзбошимчалик билан рухсатсиз қурилишлар қилиб олаётганликларини маълум бўлди.


Фуқароларимиз ва фермер хўжаликлари рахбарларидан сўраб қолар эдик, амалдаги қонунчилик бўйича туман, шаҳар ҳокимининг ер участкаси ажратиш ҳақидаги қарорисиз қурилган қурилмалар, фойдаланиб келинаётган ерлар ўзбошимчалик ҳисобланади.

Шуни унутмаслик керакки, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмайди ва давлат заҳирасига тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра фойдаланишга рухсат берилади.


МУҲИТДИНОВ СОДИҚЖОН.

Кадастр Агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи.

Report Page