САМАРҚАНД ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛДИ

САМАРҚАНД ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛДИ


Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши олдидан, Тошкент шаҳридан Самарқанд шаҳрига борадиган делегация аъзоларига транспорт хизматларини кўрсатиш ҳамда ушбу тадбирни юқори даражада ўтказиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳозирги кунга қадар ШҲТ делегацияси аъзоларига хизмат кўрсатувчи, уларга ҳамроҳлик қилувчиларнинг бир қисми Тошкент шаҳридан замонавий поездларда Самарқанд шаҳрига олиб келинди ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 12 сентябридан 18 сентябрига қадар «Самарқанд-Тошкент-Самарқанд» йўналишида қўшимча 767/768-сонли«Афросиёб» электропоезди қатнови йўлга қўйилди.

Шунингдек, “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Тошкент” йўналишида ҳаракатланувчи 10/09, 12/11 – сонли Шарқ йўловчи поездларига 2 тадан қўшимча вагон уланди

ШҲТ саммитида иштирок қиладиган делегацияси аъзоларига транспорт хизматларини кўрсатиб, қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент Шимолий ҳамда Самарқанд темир йўл вокзалларида штаблар ташкил қилиниб, уларда жадвал асосида, жами 30 нафардан зиёд масъул шахс тайинланган ва Республика бош штаби билан ҳамкорликда бевосита иш олиб борилиши йўлга қўйилган.

Самарқанд темир йўл вокзали замон талаблари асосида қайта таъмирдан чиқарилиб, нафақат ШҲТнинг навбатдаги саммитига келадиган меҳмонларга, балки, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ҳам етарлича қулайликлар яратилди.





Хусусан, ушбу нуфузли тадбир олдидан вокзалнинг ички қисмида, янги, юқори даражада хизмат кўрсатиш зали фойдаланишга топширилди. Айни кунда вокзалда бундай хизмат кўрсатиш заллари сони учтани ташкил қилмоқда. Бундан ташқари вокзал биносининг ичида қишки боғ ташкил қилиниб, унга турли хил гуллар ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.


Вокзалнинг ташқи кўриниши ҳам тубдан янгиланди. Вокзалнинг олд қисмига мусиқали фаввора ўрнатилиб, ён атрофида жуда катта ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Фаввора атрофига ШҲТнинг навбатдаги саммитида иштирок этадиган давлатлар байроқлари ўрнатилди.


Бундан ташқари , Самарқанд вокзалидаги назорат ўтиш пунктлари вокзалнинг ташқи ҳудудида, янги қурилган, замонавий ускуналар билан жиҳозланган бинога кўчирилди ҳамда бир босқичли назорат тартиби жорий қилинди.

Шунингдек, Тошкент Шимолий ҳамда Самарқанд темир йўл вокзалларида ШҲТ делегация аъзоларига чипталарни тезкорлик билан расмийлаштириш мақсадида махсус чиптахоналар фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу темир йўл вокзалининг юқори даражада хизмат кўрсатиш заллари орқали шаҳарга чиқиш йўлагининг икки ёни ҳар қандай кишининг эътиборини тортиши табиий. Сабаби, бу ердаги чиқиш йўлагининг бир ён деворига Самарқанд шаҳрининг қадимги кўриниши, тарихий обидалари, қадимда транспорт ўрнида кенг фойдаланилган карвонлар, иккинчи деворига эса янги Ўзбекистон давридаги Самарқанд шаҳрининг кўриниши, тарихий обидалари, замонавий "Афросиёб" поездларининг тасвири моҳир рассомлар, ҳунармандлар, уста дизайнерлар томонидан, ноёб асар қилиб жойлаштирилган. Буни кўрган ҳар қандай киши Самарқанд ҳақида бирламчи таассуротга эга бўлиб, шаҳарни кўришга бўлган қизиқиши янада ортиши табиий.


Қисқача қилиб айтганда Самарқанд темир йўл вокзалида ШҲТ нинг навбатдаги саммити олдидан пухта тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра ҳар куни бир вақтнинг ўзида 900 нафарга, бир кеча кундузда эса 3 ярим мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратилган.

Report Page