САЛАФИ СОЛИҲЛАР ТУШУНЧАСИ
fitrat.uzДини исстилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир”(Имом Бухорий ривояти).
Уламолар мазкур ҳадисга асосланиб саодат асрида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар.
Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу атама қўлланилмайди. Таъкидлаш лозимки, мазкур уч даврда яшаган барча инсонлар ҳам “салафи солиҳ”лар дейилмайди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитначи, бузғунчи тоифалар чиқди. Уларга нисбатан “салафи солиҳ” ибораси қўлланилмайди.
Аҳли сунна валжамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги тоифалар пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.
Улар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар. Уларнинг фикрича, салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотнинг турли шакллари авж олди. Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидадир, деб таъкидлайдилар.
Бу тоифалар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар:
– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар;
– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;
– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;
– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.
Аслида айнан 4 мазҳаб эгалари салафи солиҳлар йўлини тутишганлиги шубҳасиз.
Аммо бу тоифа учун асл мақсад ҳақиқат эмас, аксинча ихтилоф.
Шундай экан бунақа тоифалардан ҳазир бўлиш лозим.