САКУРА МАВСУМИ.

САКУРА МАВСУМИ.
(Hikoya)
“Негадир сени эсламаганимга жуда кўп бўлибди. Қанча вақт ўтди, буни ҳам билмайман. Балки ойлардир... балки кунлар? Балки бир сония ҳам ўтмагандир? Ёки асрга яқинлашиб қолдимикин?
Хуллас, уни куни кеча яна мен билан эканлигини, аслида ҳеч қаерга кетмаганлигини пайқаб қолдим. Уни кўзгуда кўрдим. Хаёлларимдан кўтарилгани учунми билмадим, менга негадир биринчи марта кўриб турганимдек туйилди. Ўзгарибди. Гуёки, мен заифлашганману, у катталашиб бораётганга ўхшайди. Жимгина куч тўплаб, мени забт этишга шайланаётган махлуқ каби панжалари кўксимни аёвсиз тимдалашга киришаяпди.
«Шошил, югур, вақтинг оз қолди, - дейди менга ўткир кўзларини тикиб. Тиззаларим қалтираб, вужудимни совуқ тер боссада, юз-кўзимдан ҳудди уни эшитмаётгандек, кўрмаётгандек тутаман ўзимни. Кўзгуга боқиб аччиқ жилмаяман. Нимадир дейишга оғиз жуфтлайман. Уни вақтинчаликка бўлсада тўхтатиб турадиган нимадир демоқни истайман. Аммо, тилимдан ихтиёрсиз, бегона бир калом янграйди. - Қанча вақтим қолди?!
Унинг кўзларидан зафар чўғлари сачрайди. Қимтилган лаблари ожиз ўлжа устидан қозонилган соф ғалаба нашидаси каби кибр ила ёйилади. У тиржайиб менга боқиб турар экан, мен ҳудди ўзимни масхараланган бечорадек ҳис қиламан. Ҳақиқат ҳам шу эмасми аслида?! Мен ҳар сафар ҳадик билан кўзгуга боқаман, у эса тиржайиб туради. Нақадар ожиз ва аянчлиман. Ёлғизман. Фақат у ва мен.
Бу сайёрани номини билмайман. Ер эмаслиги аниқ. Охирги марта қулаган космик кемамнинг кўзгусига қарайман. Сўнги марта ҳудди у менга қарагандек боқаман унга. Масхараомуз ва муқаррар зафар нигоҳи билан. У негадир пинагини бузмайди. Ёқтирганим сакура гулли оппоқ кўйлагимни эгнимга иламан-да бошпанам эшигидан ўқдек отиламан. Нотаниш сайёранинг сакура гули каби нимпушти, илиққина қуми оёқларимни сийпалайди. Энди скафандрни ечсам бўлгани, у мени забт этмасдан олдин уни ўзим билан олиб кетишга қарор қилдим. Айёрларча қилинган қарор тўғрими?! Иккаламиз учун ҳам муқаррар зафар ва муқаррар мағлубият.
Скафандрни ечдиму, кислород танқислигидан бутун танамда англаб бўлмас оғриқни, энг майда ҳужайраларимга қадар чўзилган қақшатқич босимни сеза бошладим. Қўлларим кўкариб, юзим бўғриқиб кетаверди. У ҳам мен каби безовта бўлиб, саросимага туша бошлади. Унинг тобора кучсизланиб, заифлашиб бораётганини бутун вужудим билан ҳис қилдим. У оғир-оғир нафас олди. Кутилмаганда эса бир сапчиб кўксимдан отилди. Ялт-юлт қилиб, жилоланиб турган пушти қум устига енгилгина қўнди. Мен охирги нафасимни оларканман, унинг оёқлари остига қуладим. Жон таслим қилаётиб, хаёлларимни биргина хитоб маҳв этди. “Умрибоқий экан!”
Аввал кучсизланиб, кейин ҳаётга қайтгани каби яна мени ҳайратга солиб, муздек қўллари билан елкаларимдан тутди. Кучли қўллар мени деярли кўтариб олди. Кейин мени шунчалар кучли ва оташин меҳр билан қучдики, кучсизланиб қовжираётган танам ҳамда охирги сониялари қолган капалак каби типирчилаётган руҳимга ўзгача ҳузурбахш сокинлик инди. Мени ҳеч нарса безовта қилмас, бўғилиш эса аллақачон ҳаёлларим билан қанот қоқиб қаёқларгадир ғойиб бўлганди. Хотиржамлик билан унинг кўзларига тикилдим. Шунчалар мафтункор эдики бу кўзлар. Ажиб бир сеҳр бор эди қорачиқларида. Қани энди қорачиқларида жо бўлсаму бир умр у билан қолсам.
Ўзимни ўй-хаёлларимдан ўзим қўрқиб кетдим. Ахир у эмасмиди шу кунга қадар мени қийнаб келган шавқатсиз. У эдику, орзу-умидларимни ўлдирган. Нима бўлдики, сониялар ичида усиз яшолмайдиган бўлиб қолдим. Шундай дейману, яна унга термуламан. У нур ёғилиб турган, барваста қоматини кўз-кўз қилгандек уфққа эврилаётган қуёш нурлари устида туриб, майин эгилиб, бақувват, аммо бармоқлари ҳудди аёлларники сингари нозик, силлиқ қўлларини менга тутади. Беихтиёр сеҳрланган каби қўлларимни тутаман. У билан қуёш нурлари узра парвоз қилиб, рақсга туша бошладик. Қўлларимдан тутиб, гир-гир айлантирар мен бахтдан сармаст эдим. Рақс тушар эканман, биздан пастда, пушти сайёра узра, сон-саноқсиз гуллаган сакураларни илғадим. Улар шунчалар чиройли гуллаган эдики, бутун сайёрани сакура гулбарглари ва унинг ўзига ҳос майин, ажиб ҳиди тутиб кетганди...”
***
- Кечирасиз, шарфингиз... - тепамдан қатъий шу билан бирга ҳудди мусиқа каби чиройли овоз эшитилди. Қўлимдаги китобимнинг саҳифаларидан кўзларимни зўрға олар эканман, барваста, узун бўйли, сариқдан келган бу йигитга беихтиёр тикилб қолдим. У қўлидаги нимпушти шарфимни менга тутиб турар, кўзларида ўзгача нимадир ёғду таратиб турарди гўё. Сеҳрлангандек кўзларига боқар эканман, у қачонлардир мени яқин инсоним бўлгану, тасодифан учратиб қолгандек сездим ўзимни. Унинг қалинга мойил лаблари жилмайди, оппоқ юзи ёришди. Ўнғайсизландим. “Аҳмоқ қиз, йигит кишига ҳам шундай тикиладими?" ичимда койидим ўзимни. Қизларни ўзига ҳудди мен каби маҳлиё бўлиб қолишига ўрганиб қолган шекилли, жилмайишида кибрнинг нақшинкор жилоси кўрингандек бўлди. Ўзимнинг аҳмоқона хаёлларим, парвоз бўйи таъсиридан чиқолмасдан ўқиб келган китобим туфайли бир нуқтага жамланиб қолган ортиқча диққатимни ҳижолат бўлиб, самолётда тушишга тайёрланаётган атрофдаги бошқа одамларга олдим.
- Раҳмат, -дедим унинг кўзларига эмас, шарфга тикилиб.
- Бу туришда самолётдан тушмасингиздан яна Ўзбекистонга қайтиб кетасизми деб турувдим, - самимий жилмайди у китобга ишора қилиб.
- Ҳа, - дедиму, ҳижолатомуз жилмайиб қўйдим.
- Майли, ишларингизга омад, балки кўришиб қолармиз, -дедида, нимпушти кўйлагининг ёқасини қизларники каби нозик бармоқлари билан ҳудди қоматидек тик қилиб кўтариб қўйди. Бошини ғоз қилиб, тилларанг, замонавий усулда шакл берилган қалин сочини бармоқлари билан тараганича, мендан узоқлашди. Эгнидаги кўйлагига кулгим қистади. Шарфимни берсам ранги тушаркан.
Ҳанеда аэропортидан қандайдир оғир кайфиятда чиқдим. Ҳар доимги парвоз қолдирадиган бош оғриғи туфайли юзага чиқадиган асоратлардан бири. Эътибор бермасликка ҳаракат қилдим ва кўм-кўк осмонга, узоқ-узоқларга тикилдим. Илиққина қуёш нурлари елкамдан сийпаларкан, тоза ҳаводан ўпкаларимни тўлдириб нафас олдим. Майин сакура ифоридан бошим айланиб кетгандек бўлди. Ҳозир айни сакуралар гуллаган пайт. Лекин, бу шабада чор атрофдан олиб келган ҳақиқий иформи ёки ўқиган китобим таъсирими англай олмадим. Таксида манзилим томон кета туриб негадир ҳудди ортимдан кимдир тикилиб тургандек, машинанинг орқа ойнасига ўгрилдим. Биз анчагина узоқлашиб қўйган аэропортнинг чиқиш йўлаги адоғида ҳалиги тилласочли танишим қўлида мени шарфимни силкитарди. Таксини тўхтатиб ёнига борсаммикин деб ҳаёлимдан бир ўтдию, лекин шу заҳоти бу фикримдан қайтдим. Хаёлимга келган иккинчи фикрдан эса жуда кулгим қистади ва унга қараб жилмайиб қўйдим. «Кўйлагингни рангига жуда тушади...» Телбанамо хаёлим қўлида хилпираётган ҳарир шарфимни унинг бўйнига чиройли қилиб боғлаб қўйди. Мен эса жилмайганимча, машина ойнасидан унга қўл силкитдим.
Кечаси жуда ёмон ухладим. Тушунарсиз қорамтир тушлар сабаб шундай бўлдими ёки чарчоқ оқибатида шунақа бошоғриқ тушлар кўриб чиқдимми англаёлмадим. Тушимда уни кўрибман. Қўлларида менинг пушти шарфим, эгнида пушти кўйлаги, ҳатто сочлари ҳам пушти рангда эмиш. Шарфимни қўлларимга тутди. Аммо ногоҳ келиб қолган кучли шамол юлқиб олдию, осмону фалакка учириб кетди. Биз бир- биримизга тикилиб қолдик. Кейин қаердадир қийғос гуллаган сакуралар орасида пайдо бўлдик. Бу сафар у рақс учун қўлларини тутди. Шу онда биринчи бор уни самолётда кўрганимда нега яқин инсонимдек кўрганимни тушундим. У китобда ўқиганим ўша қаҳрамонимнинг ўзгинаси эди. Юрагим гуёки ҳозир ёрилиб кетадигандек, оловланиб ура бошлади. Қўлимни у томонга узатаётиб, зимистон ичида қолдим. У тинмасдан исмимни айтиб чақирар, аммо борган сари узоқлашиб бораётганимизни унинг тобора пастлаётган овозидан ҳис этаётгандим...
- Севара, Севара турақол энди!
Синглимнинг овозидан чўчиб уйғондим. Ўзимдан кулдим. Бунчалар аҳмоқ бўлмасам-а. Бир марта тасодифан учрашиб қолган йигитни ҳам тушида кўрадими одам?!
Ўйлайвериб тарқоқ ўйларимни жамлаб ололмайман, гоҳида. Орзу - умидларимни, ҳаётимни барбод қилган касаллик чанг солмаганида ҳозир мен қаерларда нималар билан банд бўлардим? Балки, суюкли ёрим ва бир этак болаларим билан ўралашиб, ўйнаб-кулиб юрармидим? Англаганим шу бўлдики, мавқе, мартаба, зафар, интиқом, мағлубият каби йўқотсак ёки орттирсак бизни саросимага солувчи кучлар бу ўткинчи дунёда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас экан. Ҳаётда шунчаки инсон каби яшаш керак экан. Ҳаммани бошида ўлим бор, аммо мени вақтим оз қолди. Саратоннинг охирги босқичидаман. Кўзларимга жовдираган отам билан онамга даволанаман деб сўз бердим. Аммо, сарғайиш ва туганмас оғриқлар, шифтга тикилиб ётиш билан умримни ўтказмоқчи эмасман. Умрим сўнгида одамдек яшамоқчиман. Ҳа, инсон каби. Оддийгина инсон каби...
Апрель ойининг илк кунлари одатдагидек кунчиқар мамлакатда қуёшли келди. Синглим билан хайрлашиб, чароғон, майин ҳарорат уфуриб турган кўчага чиқар эканман, афсонавий шаҳар Токио манзараларидан ҳайратланаман. Жанубдан шимолга томон ҳаракатланадиган гўзал сакура гуллаш мавсуми Токиони ҳам забт этибди. Гуёки, бутун шаҳарни пушти туман қоплагандек, еру-осмон сакуранинг нимпушти гулбарглари билан қопланган. Ҳаводан сакуранинг майин ва анвоий ифори таралади.
Тсукижи кампуси-Япония миллий саратон марказига етиб борганимда тушлик вақти бўлиб қолганди. Курсдошим Саид хонасида берилиб нималарнидир ёзиб ўтирарди. Эшикдан киришим билан ҳижолатомуз жилмайиб, қўлимдан оҳиста сиқди.
- Келдингми, Севар?!
- Уялмайсанми, куёв отинг бор. Опа дейишинг керак! - дедим жиддий оҳангда.
- Хўп бўлади, опа, - деди Саид кесатиб.
Иккаламиз ҳам бирдан кулиб юбордик. Саид энг яқин дўстим, курсдошим, куёвим. Синглимга ошиқ бўлиб, ТошМИни тугатиш арафамизда уйланди. Кейин ўқишини Токиода давом эттирди. Неча йилдирки, унинг ёнига тез - тез келиб тураман. У жуда кўп бора ўқишимни давом эттиришимни, ишни ҳам бирга олиб боришни сўради. Мен хоҳламадим. Ўз юртимда, ота-онам бағрида қолишни, токи тирик эканман, уларнинг меҳрини ҳис этиб яшашни истадим.
Бу марказда ўзимни ҳеч қачон бегона сезмаганман. Тиббиёт ходимлари беморларга самимий, ҳудди ўз оила аъзоларидек муомала қилишади. Аслида, Япон ҳалқида одамийлик, самимият қон-қонига сингиб кетган. Бу эса тиббиётида ҳам ўз ифодасини топган. Бугунча таҳлилларимни топширдим. Эртагача эса Худо пошшо. Нима қиламан, қай вақтда қаерда бўламан менга қоронғу.
Саид тушликка таклиф қилди. Аммо иштаҳам ва кўнглимда кечаётган тушунарсиз туғёнлар бунга йўл қўймади. Яна уни ўйлай бошладим. Ҳозир қаерларда экан? Нималар билан банд, ўй-ҳаёллари қаерда? Биринчи марта ўз мулоҳазаларимга, қарорларимга ҳайратланиб турибман. Олдинги қатъиятли, кибрли, ғайратли Севарадан асар ҳам қолмади. Тошкентда ўқиб юрган вақтларим илм олиш, ташкилий ишлар, югур-югурдан бошқасини билмасдим. Ошиқман деган ҳар қандай йигитнинг изҳорлари, ҳозирги ҳолатим каби изтироблари менга бир пул бўлган экан ўша пайтларда. Лекин курсдошим Нодирнинг оташин севгиси мени жуда қийнаганди. У билан яқин дўст эдик. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлардим. Лекин битирар чоғимизда Нодир «ёрилди». Шу бўлдию, мен энг яқин дўстимни, у эса муҳаббатини йўқотди. Қанийди юракка буйруқ бериб бўлганида эди. Тошкент-Навоий орасида сарсон бўлган Нодирнинг ёлворишларига ва совчиларига рад жавобини бермасмидим. Энди ўйлаб кўрсам тўғри қарор қилганимни англайман. Бахтсизлик ёлғизлик билан узукка кўз қўйгандек ярашишади. Унга шерикнинг кераги йўқ! Бу бахтсизликни янада кучайтиради холос.
Марказдан чиқдиму, ўйланиб қолдим. Шу тобда гарчи синглим ва жиянларимни соғинган бўлсамда, уйга боргим келмас, мени чорлаётган гўзал сакуралар билан рақс тушишни хохлаётгандим. Шинагава станциясига етгунимга қадар илиқ қуёш нурлари остида, йўл бўйлари, истироҳат боғлари, ён-атрофни забт этган қийғос сакуралар ва уларнинг парвоз этаётган гулбаргларидан завқланиб бордим. Баланд, ниҳоятда тиғиз замонавий осмонўпар бинолар эса ўлкан тоғлар каби қад кўтариб, гердайиб туришибди.
Уларга боққан саринг ақлинг шошади. Инсон ақли ҳамда қўллари ҳар қандай мўъжизага қодир эканлигига амин бўласан киши. Майин шабада сакура гулбарглари билан биргаликда қуёш учун жозибадор рақс уюиштиради, гўё. Боғларда, махсус терассаларда японлар аллақачон Ханами-сакура байрамини бошлаб юборишган. Оилавий дастурхон атрофида, қўшиқлар куйлашади, гурунглашишади, қувонишади...
-Ҳой, гўзал сакура!
Ўйга берилиб кетаётган бир пайтимда, қўққисдан ёнгинамда эшитилган бу овоздан чўчиб тушдим. Қайрилиб қарадиму, юрагим чўғ каби ёнди. Танишим Пушти шаҳзода кўзлари чарақлаб кулиб турарди.
-Салом! Қаердан пайдо бўлдингиз? -дедим ҳайратланиб.
-Самолётдан тушганингиздан буён ортингиздан таъқиб қилиб юрибман. Пушти шарфингиздан бўлса яна битта керак эди.
-Нима? Биттаси етмайдими сизга? - кулдим унинг қув кўзларига боқиб.
-Йўқ, иккинчиси сизга. Кечагини менга ташлаб кетдингизку, эгнингизга мос тушаркан бўйнингизга бойлаб олинг деб.
Унинг бу гапидан кейин қўрқиб кетдим. Наҳотки хаёлларимни ўқияпди? Қўрқиб кетганимни сезди шекилли, шарақлаб кулиб юборди. Тиззаларига уриб, кўзларидан ёш чиқиб кулади-я, тентак!
-Кўринишингиздан ўхшамайсиз, жуда содда экансиз! Танишганимдан хурсандман, -оппоқ, нозик бармоқларини тутди. -Жавоҳир.
-Севара, -дедим унинг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб.
-Қаёққа йўл олдингиз, Севара? Аниқ биламан, сиз бугун уйингизга боришни истамаяпсиз. Сакуралар билан сирлашмоқчисиз. Балки, бирга айланармиз?!
-Майли, -дедим қуруққина, ичимдаги тошиб келаётган қувончни сездириб қўймасликка ҳаракат қилиб. У эса жуда хотиржам эди. Ҳудди келишган қоматини кўз-кўз қилаётгандек, бир маромда чиройли қадам ташлар, юзи жиддий тус олган, озроқ кибр учқунлари ҳам йўқ эмасди.
Жавоҳир Шинагава станцияси яқинидаги Шаҳзода Сакура минорасига боришни таклиф қилди. Юзлаб бахтидан, гўзаллигидан ажралаётган, жимгина бош эгиб турган сакураларни томоша қилдик. Улар ичидан тўкилмоқда, биз эса уларга қараб жилмайиб, завқланамиз. Ҳатто об-ҳавога қараб, айрим сакура гуллари бир соатгина яшаркан. Қайсидир бир кунда, қайсидир икки кунда... Ҳудди мен каби аччиқ тақдирга маҳкум экан улар.
Жавоҳирни кузатар эканман, у ҳам мен каби ўйга ботгандек кўринди.
Сакура гуллари юзини безаган оқ-пушти йўллар бизни Шаҳзода Сакура минораси яқинидаги Гранд Принсе Ҳотелга чорлади. Меҳмонхона боғида уюштириладиган фестиваль гўзаллиги ва завқи бизга ҳам юқди. Боғдаги 400 га яқин сакуралар бағрида завқланар эканман, маҳзунлигим ҳам ортиб борарди. Жавоҳир эса яна шўх, хушчақчақ йигитга айланган, тинмасдан гапирар, мени ҳам шунга ундарди, назаримда. Мен эса фақат уни тинглар, онда-сонда савол бериб қўярдим. Ресторанда овқатланиб чиққанимизда қош қорайиб қолганди. Энди биз ҳудди гапларимиз тугаб қолгандек сўзсиз, ўйга чўмиб кетардик. Мени Гранд Принсе Ҳотелнинг ўша машҳур балконидан кўришга муяссар бўлган Токионинг мафтункор сакурага чўмилган гўзаллиги карахт қилиб қўйган, ичганимиз сакура шарбати ичимлигини ўзимга, сакура гулбарглари ва денгиз тузидан тайёрланган музқаймоқни Жавоҳирга ўхшатардим. Шарбат аччиқроқ ва сизни тез тарк этадиган бегона майин таъмга эга эди. Музқаймоқ эса аввалига тушунарсиз, озгина аччиқ ва охирида ҳузурбахш ширин таъмни туҳфа қиларди...
Мен Жавоҳирга шунчалик боғланиб қолдимки, хаёлларим фақат унда, кўзларим танҳо уни қидирарди. Мен бутун дунёга ўт қўйишга тайёр эдим, бу алангаю-оташ бўлиб ёнаётган юрагим билан. Ўт қўйишни эса аллақачон ўзимдан бошлаб бўлгандим. Жисму-жоним қип-қизил чўғдек яллиғланар, ўзимни ўзим қутқаролмай овора эдим. Жавоҳир ҳам ҳар куни синглим Нафисаларнинг кўчасида кутиб турар, мени иложсизликдан алдаганим-ишхонам саратон марказигача кузатиб борарди. Жавоҳирни ҳечам тушунолмасдим. Гоҳида меҳр билан тикилиб тургандек бўлар, гоҳида эса шунчаки бир олис ўлкада топишган, меҳртортар бир дўстдек тутарди ўзини. Менга хуш ёқадиган ҳазил ва шўхликларини гоҳида тўғри қабул қилсам, бошқа пайти масхаралаб устимдан куляпти деган алам мени тарк этмасди. Тушунарсиз, ишончсиз пўртаналар ичида юрагим адо бўлаёзганди. Аммо энди мени Жавоҳирнинг менга бўлган туйғулари қизиқтирмас, илк марта ташриф буюрган покиза муҳаббатни вақтим етгунича қалбимда пинҳон сақлашга аҳд қилгандим. Шавқатсиз ҳаётдан биргина ўтинчим Жавоҳирни кўриб турсам, овозини эшитиб ёнимда эканлигини ҳис қилиб турсам бўлгани эди.
-Севара, юр сакураларни қувлаймиз, -деди у бир куни, -Фақат иккимиз ҳамма нарсага қўл силтаймизда Япония шимолига томон йўл олаверамиз. Биласанми, сакуралар мавсуми қаерда тугайди? Энг шимолий орол Ҳоккайдода! Қани гўзал сакурам, мен билан кетишга тайёрмисан?
-Ўзинг кетавер, мени отам уришади. Мени ким деб ўйлаяпсан? -дедим мен ҳам сенлагани учун энсам қотиб.
-Сансирама! Аёл киши эркакни сансирамайди, -деди мен ҳалигача рангини аниқлаб ололмаган сариқ соч-соқолига ва оппоқ юзига монанд кўзлари билан кўзимни таъқиб қилиб.
-Азизим! Ёдингда бўлса, мендан тўрт-беш баҳорни камроқ қаршилагансан!
- У юзимга бир оз тикилиб турдида, мен кутмаган ҳолатда тезлик билан қўлларимдан ушлади ва ўзига қаратди. Жавоҳирнинг қўллари ҳудди муз каби совуқ, сезилар сезилмас титраб турарди. Бутун вужудим титраб, юрагим алғов-далғов урар, тош ҳайкалдек қотиб қолгандим. У олов каби ёнаётган юзимга шу қадар яқин келдики, атирининг аччиқ ифоридан бошим айланар, қайноқ нафаси ёноғимга уриларди. Овози титраб қулоғимга шивирлади:
-Чин муҳаббат ёш танламайди, азизам!
Шусиз ҳам ёрилиш арафасида турган юрагим ақлимга бўйсинмас, тартибсиз зарбалари гумбурлар, бусиз ҳам мудом тебранишга маҳкум кунчиқар мамлакатни зир титратиб, осмонўпар биноларигача коптокдек сакратарди. Мен сурат каби қотиб қолдим, гўё. Юрагим эса биқирлаб қайнаётган қонимни ҳар доимгидан юз баравар кўпроқ айлантириб, вужудимга пуркар, олови куйдириб кул қилаётганди мени. Мен нима дейишимни билмас, тилим лол, танамда жон қолмади. Ўз ёғимда қоврилар эканман, тўсатдан кучли қаҳқаҳа янгради. Жавоҳир тўхтовсиз кулар, оппоқ юзи қизариб кетганди. Қув нигоҳини менга масхараомуз тикиб, кулавериб ёш чиқиб кетган кўзларини артди.
-Холажон, ёдингизда бўлса ўттизни уриб қўйгансиз! Тентак, ўзингни ўн саккизда деб ўйлайсан шекилли? Аҳволингни қара? Хушингдан кетиб қолма!
Жавоҳир яна кула бошлади. Мен аҳмоқлигимдан ўкиндим. Қаттиқ асабийлашиб, жаҳлим ғолиб кела бошлади. Шартта бурилдимда, тез-тез югуриб кетавердим. Энди негадир юрагим дукури эшитилмай қолган, нафасим тиқилар, кўзларимдан ёш қуйиларди. Ортимдан югураётган Жавоҳир улгиролмади. Мен силжий бошлаган электр поездга чиқдиму, оломон ичига сингидим.
Мендаги кескин ўзгаришдан Саид билан Нафиса ҳавотирга тушиб қолишди. Улар буни касаллигим билан боғлашаётганди. Мен эса ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламас, на еб-ичар ва на уйқумда ҳаловат бор эди. Ўзимни хўрланган, масхараланган ҳис қилардим. Энди даволаниш учун Саидни қабулига боришни ҳам бас қилдим. Табиийки, Нафиса аҳволимни отам ва онамга айтолмасди. У мени беш қўлдек биларди. Шунинг учун жимгина кутаётганди. Ёрилишимни эмас, чунки “ичимдагини топ”лигимни жуда яхши билади. Шунчаки, воқеалар ривожини кутаётганди у. Мендаги ўзгаришларни умуман касалликка алоқаси йўқлигини Нафиса сезиб бўлганди. Жавоҳир эса ўша охирги кундан буён қорасини кўрсатмас, қўнғироқ қилиш ҳам, хабар ёзиш ҳам хаёлига келмасди. Биринчи куни ўзимни нақадар аҳмоқлигимдан ўкинган бўлсам, уч кундан кейин мени масхаралаб ҳақорат қилган Жавоҳирдан нафратлана бошладим. Йиғи-сиғи қилиш менга бегона. Кўз ёш қилмасдим. Лекин дунёларга сиғмай кетаётгандим. Туғёнларим ҳам Жавоҳир каби бир тушунарсиз ва беъмани эди. Юрагим ёнар, ҳам ғазабдан вужудим музларди. Уни ўлгудай кўргим келар, қаттиқ соғингандим. Шу билан бирга унинг эътиборсизлиги ва совуқлигидан кўришни ҳам истамаётгандим. Тинмай дераза оша у мени ҳар куни кутиб турадиган қаҳвахона ёнидаги ўриндиққа боқардим. Уни кутаётганимни тан олишни ҳам хоҳламас, гўёки шунчаки қараётгандек, қаҳвахонага кирган-чиққан одамларни санаб ўтирардим. Ўзимни алдаётганимни сезиб турардим. Тан олишга ғурурим йўл қўймасди. Ўриндиққа кўзим тушиши билан кўзларим қақшай бошларди. Жавоҳирни кўрмаганимга атиги беш кун бўлганди. Аммо мен ойлаб-йиллаб кутаётган одамдек азоб чекардим. Неча марталаб қўнғироқ қилишга уриндим. Қайсар ғурурим эса кеккайиб ёнимда тикилиб қўймасди. Хабар жўнатишга чоғланардиму, нафратим сабаб фикримдан қайтардим. Бу нафрат Жавоҳирга эмас, ўзимга қаратилганди. Телба, ақлсиз, - дердим ўзимга ўзим, -У сенга севдим дедими ёки бирор умид бердими? Агар заррача қадринг бўлганида, ортингдан келарди... Телбаларча соғиндим уни. Онгим, юрагим, бор вужудим унинг хаёли билан банд. Ўзим истамасамда фақатгина уни ўйлаётгандим. Ҳаётимни, кунларимни заҳарлаётган Жавоҳирнинг ёди энди тушларимда ҳам мени таъқиб қиларди. Бугун ҳам кўрибман. У ёнимга келганмиш. Бир ёшгина, соҳибжамол қизни таништирар эмиш менга. Қизнинг бўйнида пушти шарфим ҳилпирармиш. Уйғониб кетаману, рашк ўтида ёнаман. Хаёлларимда Жавоҳирнинг оппоқ юзига тарсаки тушираман. У ҳайратланиб юзига кафтини босганича, менга тикилиб қолади. Энди мен ёнмаяпман. Ўзим оловга айланиб қолдим. Ҳеч қачон сўнмайдиган. Тинмасдан ўзини ёқадиган...
Ётоғимдан турмоқчи бўлдим. Ёниб кул бўлаётган танам ўзимга бўйсунмади. Оғиз-бурнимдан илиқ нимадир оқаётганини ҳис қилдим. Бор кучимни тўплаб, қўлларимга таяниб, танамни кўтариб ўтирдим. Шундагина кийимларим, оппоқ ётоғим алвон рангга бўялганини сездим. Гуёки хона гир-гир айланаётганга ўхшар, борган сари жонсизланиб бораётгандим. Нафисани чақиришга уриндим. Аммо овозим чиқмади. Хушимдан кетар эканман, уй бурчагида менга қараб қаҳ-қаҳ ураётган Жавоҳирни кўргандай бўлдим...
Қулоғимга нималардир эшитилар англаб ололмасдим. Кимлардир йиғлар, бақирар, мен ҳеч нарсани ҳис қилмасдим. Аммо онгимда тўхтамасдан Жавоҳирнинг овози эшитиларди... “Севги ёш танламайди, азизам"... Аччиқ атир ифори. Унинг қайноқ нафаси...
Қўлимга муздек нимадир тегди. Кўзларим ярақлаб очилди. Тепамда йиғлаб турган Нафисани, Саидни кўрдим. Англадим, саратон марказидаман. Энг сўнгги кучимни ишга солиб, ёнимга қарадим. Ҳайрат ва афсус юрагимни ўртади.Муз каби совуқ қўллар чўғдек қўлларни қучди. Совиб келаётган танамни писанд қилмасдан, қайноқ юрагим кучини кўзларимга жо қилдим. Ҳа ёнгинамда, қўшни ётоқда қўлларимдан тутганича, озиб-тўзиб кетган, ранги янада оқарган, аммо ҳали ҳам ҳар доимгидек мени мафтун этган кўзларида муҳаббат балқиб турган Жавоҳир ётарди. Танамдаги қаҳратон мени забт этар экан, иккаламизни ҳам қўлларимиз бўшашиб, бир-бирларини тутиб қолишга кучлари ҳам, вақти ҳам камлик қилди. Охирги кўрганим бўйнидаги қора қонга бўялган шарфим ва унинг ҳудди меники каби соғинчдан сарғайган, ҳайрат ва афсус билан тикилганича қотиб қолган кўзлари бўлди...
[Сакуралар мавсуми тугади. Фақатгина қовжираган гулбарглар ва заъфарон хотиралар қолди...]
Мастура Абдураим қизи.