САФДОР ҚОДИР РАМАЗОНОВ
Кун қаҳрамони
Ҳар бир осойишталик посбонининг фаолияти, у қандай лавозимда хизмат қилишидан қатъи назар, юрт тинчлигига қўшган ҳиссасию касбига бўлган садоқати билан баҳоланади. Дарвоқе, ички ишлар органларининг ҳар бир ходими ўз хизматини ҳалоллик, яхшилик билан бойитиб борса, билингки, у чиндан ҳам шу соҳанинг ҳақиқий жонкуяри бўлади. Ана шундай фидойи ходимлардан бири сафдор Қодир Рамазоновдир.
У 1991 йил 10 октябрда Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани “Бобоҳайдар” маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган. 2012 йилдан бери ички ишлар органларида фаолият кўрсатиб келяпти. Айни пайтда вилоят ИИБ Кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими 4-сонли кинология гуруҳи кичик инспектор-кинолог лавозимида хизмат қиляпти.
Сафдор Қ. Рамазонов ўзига бириктирилган хизмат ити билан вилоят миқёсида ўтказилаётган ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, тадбирлар чоғида жамоат тартибини ҳамда фуқаролар хавфсизлигини сақлаш борасида муносиб ҳисса қўшяпти. Шунингдек, Вобкент тумани ҳудудида содир этилган жиноятларнинг воқеа жойларига соҳа ходимлари ҳамкорлигида чиқиб, хизмат ити имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида учта ўғрилик ва иккита гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар “иссиқ изида” фош этилди.
Ўрни келганда мисолларга мурожаат қилсак. Вобкент туманидаги “Сўфидеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Д. Анвар (исми ўзгартирилди) ноқонуний ўсимликни томорқасида парваришлаб келаётгани “Қорадори − 2021” тадбири давомида аниқланди. Яъни, у ўзига бириктирилган “Дадон” лақабли хизмати ити билан йўналиш бўйича текширганда, Анварнинг яшаш уйи экин ерида 448 туп кўкнор экиб етиштираётгани маълум бўлди. Шунингдек, туманнинг Шифокор маҳалласида яшовчи М. Бозорованинг яшаш уйидан кундузи тилла тақинчоқлар ўғирлангани юзасидан тезкор гуруҳ таркибида кичик инспектор-кинолог, сафдор Қ. Рамазонов “Рая” лақабли хизмат ити билан қатнашиб, жиноятни иссиқ изида фош этишга ҳисса қўшди.
Бир сўз билан айтганда, сафдор Қодир Рамазонов каби ғайрат-шижоатли, касбига меҳри баланд, хизмат вазифасига виждонан ёндашадиган ёшлар сафи осойишталик посбонлари орасида кўпайиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Postda” мухбири.
Бухоро вилояти.