«Сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетди», — ИИВ
Расмий хабарларРивожланган давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам рақамли технологиялар ҳар бир соҳада кенг татбиқ этиб келинмоқда. Интернет тармоғи кириб бормаган манзилнинг деярли ўзи қолмади.
Республикамизда 25 млн. нафардан ортиқ интернет фойдаланувчилари мавжуд.
Ўтказилган таҳлил натижалари бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликни ўсиш тенденцияси кузатилаётганлигидан далолат бермоқда.
Сўнгги 3 йилда кибержиноятлар сони бир неча бараварга ошиб кетган. Жумладан, кибержиноятчиликнинг бир қатор турлари содир бўлаётганлиги кузатилмоқда.
- фирибгарлар пластик карта фойдаланувчиларига келган СМС-хабарномадаги кодларни тўловни амалга ошириш, ютуқни бериш каби баҳоналар орқали эгаллаб, ундаги маблағларни ўзлаштириш;
- шахсий маълумотларни эгаллаш ва уларни ошкор қилиш билан қўрқитиб товламачилик қилиш (кибертовламачилик);
- ижтимоий тармоқда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, ҳақорат, суицид ҳолатлари (кибербуллинг) ва бошқалар.
Хорижий давлатлар (Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари) тажрибаси ўрганилганда, аҳолида интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш орқали уларни эҳтимолий хавфлардан барвақт огохлантириш бу – интернетдаги таҳдидларга қарши курашишдаги энг самарали усули эканлиги маълум бўлди.
Шу мақсадда, Интернет тармоғида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, уларни барвақт олдини олиш бўйича бевосита Ички ишлар вазирлиги томонидан биринчи навбатда фуқаролар ўртасида фаол тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, аҳолини барча қатламини кибертаҳдидлардан барвақт огохлантириш ва интернет тармоғидаги содир этиладиган жиноятлар қурбонига айланиб қолмасликларини олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида комплекс тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Тадбирларда қатнашган аҳоли вакилларидан тарғибот ишлари мазмуни, интернетдаги ҳуқуқбузарликлардан ўзларининг яқинларини ҳам огохлантириб боришлари тўғрисида тушунтирилди.
Тарғибот тадбирлари билан аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан “Кибер-ёрдамчи” платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, матбуот анжумани давомида унинг имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот берилади. Тадбир давомида блогер ва ОАВ вакилларинининг саволларга Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.