Сўғдиёна

Сўғдиёна


“...Аслини олганда, ота-онаси Ҳотамни "эсини киритиш" учун уйлантиришган...” 

 Сўғдиёна (барча исмлар ўзгартирилган) мактабда аъло баҳоларга ўқир, келгусида шифокор бўлиш орзусида эди. Аммо мактабни битириши биланоқ ота-онаси ундан бир оғиз сўраб ҳам ўтирмай, орзу-ниятлари билан қизиқиб ҳам кўрмасдан шартта турмушга бериб юбришди.

 Эри – қўшни маҳалладаги Ҳотам бирор бир касб-ҳунарнинг бошидан тутмаган, йўл-йўлакай учраган ишларни қилиб кетаверарди. Топган арзимаган пулини ҳам ичкиликка сарфлаб йўқотарди. Аслини олганда, ота-онаси Ҳотамни "эсини киритиш" учун уйлантиришган. Баъзи ота-оналар сингари, улар ҳам оила қуриш ўғилни тузатиши мумкин, уйланганидан кейин у масъулиятли бўлиб қолади, ичишни ташлайди, деган хато фикрга асосланишган. "Ақли кириб қолар!", деб мулоҳаза қилишган ота-она, бироқ, уларнинг бу фикри нотўғри эди, албатта... 

Ҳотамнинг кўпинча маст-аласт келиб, жанжал чиқараверишидан безор бўлган отаси охири тоқати тоқ бўлгач, боғ четидан икки хонали уй кўтариб, ёшларнинг рўзғорини алоҳидалаб қўйди. Сўғдиёнага янада қийин бўлди, эри иккинчи фарзанди туғилганида ҳам уни ҳаттоки туғруқхонадан олиб чиқиш учун бормади. Иккинчи чақалоқ ўғилни ўртоқлари билан “ювди-ювди” қилишдан бўшамади....

Эрининг масъулиятсизлиги, аксарият ҳолларда икки ёш бола билан оч қолиб кетишлар Сўғдиёнани ҳаётдан бездирди. Бунинг устига, болаларнинг эҳтиёжи, озуқаси ёки турмушнинг майда-чуйдаларига деб учун эридан пул сўраса ёки бироз нолий бошласа, Ҳотамдан калтак ерди. Доимий уруш-жанжаллар Сўғдиёнанинг тинкасини қуритди. Бир-икки марта маҳаллага чиқиб, арз қилгач, аёлга эридан Ҳимоя ордери берилди. Аммо эрини тинчитишга бу ҳужжат ҳам кор келмади. Навбатдаги калтакдан дунё кўзига қоронғу кўринган Сўғдиёна қайнонасидан мадад сўраб чиқди: 

– Ойижон, невараларингиз оч. Уйда ейишга ҳеч нарса йўқ. Ўғлингиз эса яна ичиб келди.

Ҳар доим ўғлига танбеҳ бериб, келинини овутадиган Ҳалима холанинг ғазаби бу сафар Сўғдиёнанинг ўзига қаратилди:

– Ўзинг бир эрни эплай олмайсан. Мен нима қилай? Қачонгача мени, дадангни пенсиясига кун кўрасанлар? Сен ҳам бундоқ бошқаларга ўхшаб, рўзғор тебратишни ўрган. Ана, сенга ўхшаган қанча аёллар кўчага чиқиб ҳам ишлайди, ҳам бола боқади. Ўғлимни айблаб, милицияга арз қилгунча, пул топиб, болаларингни боқишни ўйла. Ички ишларга яна ўғлимни устидан шикоят қилсанг, мендан яхшилик кутма.

– Ахир, булар фақат менинг болаларим эмаску...

Шу пайт Сўғдиёнанинг қайнонаси билан тортишуви устига келиб қолган ширакайф Ҳотамнинг кўзи қонга тўлди ва хотинини дуч келган жойига аёвсиз уриб-тепиб кетди. Бақир-чақирга югуриб чиққан қўшнилари маҳалла нозирини чақиришди. Ҳимоя ордерининг муддати тугамай, яна хотинига қўл кўтарган Ҳотам бу сафар 10 суткага қамалди. Сўғдиёна эса аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига йўналтирилди. 

– Сўғдиёна марказимизга келганида жуда ҳам асабий, ҳаётдан умидини узган тушкун кайфиятда эди. Аламини асосан болаларидан олиб, уларни беҳудага жеркир, сал ўйнинқароқлик қилишса урарди. Психологимиз Сўғдиёна билан анчагина ишлади. Ниҳоят, аёлнинг асаблари бироз жойига келди. Эри, қайнона-қайнотаси билан ҳам гаплашдик. Бундан ташқари эри билан ҳам ишладик, унга тазйиқ ва зўравонлик давом эттирилса каттароқ жазога сабаб бўлишини тушинтирдик. Ҳозир бу оила назоратимизда. Ишимиз ҳали тугамади. Маҳалла фаоллари ҳам оилани яраштиришга уринишди, аммо ҳали натижа йўқ, – дейди Каттақўрғон туманлараро аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Туримтош Алимова.



Report Page