СЎНГГИ ХОРАЗМШОҲНИНГ ОЛАМШУМУЛ ЖАСОРАТИ

СЎНГГИ ХОРАЗМШОҲНИНГ ОЛАМШУМУЛ ЖАСОРАТИ


ёҳуд қулликдан султонликкача шонли йўл босиб ўтган Сайфиддин Қутузни қачон элга танитамиз?

9-қисм.

Айрим мусулмон тарихчиларининг фикрича туркистонликлар ўз уйларида бор иқтидорини намоён қилолмайдилар, бироқ чет элда улар осонлик билан ўзларига йўл очадилар, юксак мартабаларга эришадилар. Мамулуклар мисолида биз бу фикрга яна бир бора амин бўлдик.

Шу фикрни мирзо Бобурнинг Моворауннаҳрда толеъсиз ҳарбий юришлар қилиб, бироқ Ҳиндда буюк империяга асос солганига нисбатан ҳам қўлласа бўлади. 

Туркистонлик қаҳрамон асир-жангчилар Мисрда, Сурия ва Ироқ шимолида, шунингдек, Онадўлининг жануби-ғарбида қўним топишди. Ироқ шимолида ҳозирга қадар яшаётган хоразмлик мамулуклар авлодларини туркманлар, Онадўлида эса уларни хурзумлу деб аташади. Хурзумлулар Эгей денгизи қирғоғида жойлашган Маниса вилоятида яшаб келишмоқда.

Юлий Цезарь, Марк Антоний каби хоразм асир-жангчилари Мисрни эгаллаб, эҳромлар ва фиръавнлар ватанида бир неча юз йил ҳукмронлик қилишди.

Инсоният тарихида муҳим бўлган воқеалар сабабчилари, гувоҳи бўлишди. Гарчи туркий тилда сўзлаб, фикрласаларда, Миср давлатчилигини, араб маънавий дунёсини, инсоният қулга киритган нодир илм-маданият ёдгорликларини босқинчилардан сақлаб қолишди, қадимги иншоотлар, куҳна кутубхоналар ёқилмади, бойликларга бурканган фиръавнлар мақбаралари толон тарож бўлмади.

Музаффар Сайфиддин Қутуз шубҳасиз Мисрнинг энг буюк султонларидан бири сифатида тарихдан ўрин олди. Балки эрта суиқасд бўлмаганда унинг империяси довруғи Бобур шоҳники қадар шонли ва давомли бўлармиди.

Мисрлик ижодкорлар Қутузни мадҳ қилиб қатор бадиий-тарихий асарлар яратган. Жумладан ёзувчи Нуриддин Халилнинг “Сайф ад-Дин Қутуз-қоҳир ал-мўғул [Мўғулларни енгган Сайфиддин Қутуз]”асари 2005 йили Қоҳира босилиб чиқди, бундан ташқари Миср халқи Бийбарс ва Қутуз қаҳрамонликларини мадҳ қилувчи икки томли “Ас-Сира аз-захирийа”(Захирийнинг ҳаёт йўли) халқ романи яратишган.

Мамулуклар даврида кўплаб илмий, тарихий, қомусий асарлар майдонга келди, илк мусулмон энциклопедиялари тузилди. Улуғ қурилишлар, мадрасалар, кутубхоналар бунёд этилди.
Миср ҳукумати томонидан ёдгорлик сифатида ҳимоя қилиб келинаётган мамулуклар даврида қурилган улуғвор кошоналар, ҳашаматли бино ва иншоотлар Ҳиндистондаги Тожмаҳал каби ҳануз Қоҳирада виқор ва салобат билан Туркистонлик қаҳрамон гладиаторларнинг шонли тарихидан шоҳидлик бериб туришибди. 

Эркин Мусурманов, профессор


Салоҳиддин Санақулов


Report Page