Рустам Капгир "Тўрт унсур"

Рустам Капгир "Тўрт унсур"

Жамшид Чўмич

Бунақа иссиқни охирги марта ўтган йили кўрган бўлсак керак. Йилдан йилга мусаффо осмонли юртимиз Артель газ плитаси устидаги Кукмара товаси сингари қизиб бормоқда. Бу кетишда яна икки уч йилдан кейин ёзда кўчага чиққан эркаклар жўжа очиб қўяди…

—Чўмич, янги ноутбук олганизга ҳам бир йил тўлади яқинда. Унда ҳадеб сериал билан порно кўравермай, иккаламиз очган ишлар ҳақида ҳам бундоқ ёзсангизчи?

—Фош қилган ишларимиз шу қадар кўпайиб кетганидан, қайси бирини эпақага келтиришни билмаяпман. Сатторийни қўлга туширганимизни ёзайми ёки Жасур Умировни «кесворганимизни»? Ўзингиз ҳам Инстаграмъдан бош кўтариб, бирор маслаҳат берсангиз бўларди.

Охирги вақт Капгир Инстаграм жиннисига айланган. БигБон ичсаям расмга ёки видеога олиб тармоққа жойлаштиради. Беш—олтита доимий кузатувчилари бор, шулар лайк босганига хурсанд.

—Яхшиси, кечаги ишни ёзинг…

Кеча кечагидан олдинги кундагидек, у эса ундан олдинги кундагидек тунд, ҳаётга бўлган бир грамм умидсиз, бир-биримизга қараб нолиш, сўкиниш, Америкага кетиш орзу билан ўтаётганди. Лекин бу Қодиров деганлари ойига 200 доллар бериб, яна коммуналларни тўлаб яшаядиган ремонтсиз ижрадаги квартирамизга файз олиб кирди. Тўғри, Қодировни жиним суймайди. Йўқ, у терговчи бўлгани учун эмас, балки… Ўзим ҳам билмайман нега ёқтирмаслигимни. Сизларда ҳам шунақа бўладими ўзи: биринчи марта кўришгансан, юриш-туриши, одоб-муомаласи яхши, лекин сенга ёқмайди, феъли-хўйингни айнитади. Менда жуда кўп бўлади, одамлар ёқмайди — шунчаки ёқтирмайман, ҳеч қандай сабабсиз.

Соат 11:00 лар чамаси эшигимиз тақиллади. Харом ўлгур, “СаркорТелеcом”ни боллари янги тарифлари ёзилган брашураларни тарқатиб юрибдимикан деб очсам, йўқ, Қодиров экан. Капгир билан мени ёрдамимиз керак бўлиб қолибди. Иши тушса дарров югуриб келади. Ўтган йили карантин вақтида ГАИ тушиб қолганимизда қаерда эди у? Отни калласидай жарима тўладикку, телефонга ҳам жавоб бермади, маймун.

—Ким экан, Чўмич?, — Капгирнинг овози эшитилди ичкаридан.

—Ану пид*раз ўртоғиз келибди.

—Ээ, бля, Чўмич оғизга эрк берманг, — ўдағайлади ўртоқ майор.

—Қодировми? Кираверсин, ўзи бугун нимадир бўлишини кўнглим сезганди.

Капгирни кўнгли (кўнгли бўлсин ишқилиб) доим бирор корҳолни олдиндан сезади. Бунга шахсан ўзим бир неча бор амин бўлганман. «Семичка ёғи ошиб кетадиёв» дедими, орадан бир ҳафта ўтмай ошган. «Доллар курси кўтарилади шекилли», деганда ҳам доим кўтарилган. Бензин билан гўшт нархини айтмай қўя қолай. Қисқаси ярим авлиё.

—Капгир, серияли қотилликни ҳеч фош этганмисиз? Қодиров ичкари кириши билан Капгирни саволга тутди.

—Йўқ, мен доим биринчи сериясиданоқ фош этиб қўя қолганман. Чўзиб ўтиршни ёмон кўраман.

«Ким ҳам чўзини ёмон кўраркан», деб ўйладим ичимда.

—Бизда ҳатто сиз ҳам фаолиятингизда дуч келмаган бир иш бор. Серияли қотилликлар. Жиноятни фош этиш тугул, калавани учини ҳам топа олмаяпмиз.

—Учини топа олмаган, ишни ҳам еча олмайдида, орага гап суқдим мен.

—Қизиқтириб қўйдингиз, Қодиров. Қани батафсилроқ сўзлангчи. Фақат анави кўрпагача ўтирволинг, бўлмасам, сиздан Ҳадрани гуммасини ҳиди келаяпти.

Меҳмонимизга яхшилаб эътибор бера бошладим. Лабида бироз ёғ аломатлари бор, кўйлагини енги ҳам тоза. Гумма еганини қаердан фол очяпти экан? Лабига қарабми? Шу вақт ўзи савол беришимга ҳам ҳожат қолдирмай, Капгирни ўзи жавоб бера қолди.

—Пахта ёғининг бунақа сассиқ ҳиди фақат Ҳадрани гуммачиларида бўлади. Ўзиям қозонига қуйилган ёғ ҳавода парланиб, бутунлай йўқолиб кетмагунча ишлатаверади-ишлатаверади. Қани, ишдан сўзланг, ким ўлди, нега ўлди, нима учун ўлдиришяпти?

—Ким эмас, кимлар денг Капгир. Бизга фақат ўлганлар маълум, қолганига ақлимиз етмаяпти. Ҳеч қандай жиноят белгисини қолдирмаяпти. На бирор камерага муҳрланган бирор сурати бор, на бармоқ изи ва на яримта соч толаси? Ўлдиради ва изсиз ғойиб бўлади?

—Бир дона ҳам соч толаси қолмаётган бўлса, демак қотил кал. Мана, сизларга биринчи белги. Давом этингчи, балки уйдан чиқмасдан жиноятни фош этиб қўя қоларман.

—3 июнь — Юнусобод 19-кварталда 48 ёшли аёлнинг кўкрагига ёғоч бўлаги қоқиб кетилган, 4 июнь — Қора-қамишда 31 ёшли эркакнинг устига қайнаётган сув қуйиб юборилган ва 5 июнь Максим Горкийда 52 ёшли эркак чўмилаётганида жакузисига ишлаётган фен солиб ўлдирилган.

—Балки, бу жиноятлар бир-бирига боғлиқ эмасдир? Шунчаки тасодиф бўлиши мумкинку? Масалан, кунда-кунора йўлларда одамлар авария, юрак ҳуружи ва бошқа бахтсиз тасодифлар оқибатда ўлади, лекин буларни кимдир қасддан амалга ошираяпти, атайдан одамларни ўлдираяпти дея олмаймизку, тўғрими?

Капгир билан фикримиз бу борада жуда кескин фарқ қилади деб ўйлайман. Шу каби инфратузилма, шу каби йўллар, қоидабузарларга имконият, имтиёз яратиб қўяётган ҳокимиятни қотиллардан нима кам жойи бор?! Авария бўлиши кундек равшан бўлган йўлни тўғриламасликни ёки чекланган тезлик белгиси ўрнатилган жойда унга риоя қилмайдиганларни пассив қотиллардан фарқи йўқ деб, менимча.

—Боғлиқлик борда, Капгир. Марҳумларнинг ҳар бирини ўртанча бармоғи кесиб кетилган.

Мана сиз айтингчи, ўртанча бармоқ деганда қайсини тушунасиз? Тўғри, ҳамма ўша «факю»ни тушунади, жумладан, мен ҳам. Лекин Қодиров иккала қўлидаги ўртанча бармоқларини намойишкорона менга кўрсатиб, «шу бармоқлар» дейди. Атайлаб қилди у, баҳонада менга фикрини билдириб олди.

—Жуда қизиқ… Қурбонини тишини қоқиб оладиган валютафурушлар, асбобини кесиб кетадиган гўрков қотиллар ҳақида эшитганман, лекин ўртанча бармоқ нега керак? Бу билан қотил нима демоқчи?

—У бу орқали нимадир демоқчилигига шубҳам бор. Шунчаки кесиб кетаётган, тамом. Балки ип ўтказиб, бўйнига осиб юрар, шунчаки хоббисидир, дейди Қодиров.

Капгирнинг бу ишни очишга бўлган қизиқиши кўзларидан маълум эди. Вақтни зоэ ўтказмай, сўнгги қотиллик содир бўлган жойга отландик. Ўзиям «Салом» чойхона тарафда экан. Казо-казолар маҳалласида. Бир нарса доим мени ўйлантирган, одам шунақа қаср уйда яшаши учун қаерда ишлаши керак? Қайси давлат ишида ҳатто раҳбарга ҳам шунча ойлик беради? Дадаси сенатор, турмуш ўртоғи оддий бўлим бошлиғи бўлганларни ҳовлисида битта Малибу билан Траилблазер туради. Сенаторларни ойлиги шунча каттами ёки бўлим бошлиқлариники? Йўқ, гап бошқа ёқда. Ўша дадаси сенатор бўлиш билан бирга, бутун бошли университетни ректори ҳамдир балки. Нега шунисини айтмайди? Битта абитуриентни ўқишга киритишдан қанча фойда кўришию, ҳайдашидан қанча ишлашини? Оддий ишчи деб қўя қолади… Ҳашаматли хонадонга кириб, марҳум ўлдириб кетилган ҳудудни кўздан кечира бошладик.


************************


—Криминалистларимиз ҳамма жойни тит-питини чиқариб ташлади, лекин ҳеч нарса топа олишмади.

—Ҳа, криминалистлариз тит-питини чиқарган жойдан бирор нарса топиб бўлармиди?! Кўздан кечираверайликчи, нимадир чиқиб қолар. Биз биринчи навбатда қотилликка нима сабаб бўлганини, ундан кейин қотиллик амалга оширилган восита ва сўнг, уни уддалаш имкониятини аниқлашимиз керак. Бу криминалистиканинг устуни ҳисобланади. Бирисиз, иккинчисини аниқлаб бўлмайди. Серияли қотилларда, айниқса, буни ёдда сақлаш керак, дейди Капгир.

—Дўстим, балки биз қидираётган қотил шунчаки туғмадир. Бирор нимани мақсад қилмаган бўлсачи?

—Қотиллар туғма бўлмайди. Уларни шунақа дейиш осонроқ бўлгани учун шу каби баҳоналар ўйлаб топилган. Ҳар бир қотиллик остида бирор сабаб ётади. Кейинчалик сабаб йўқолиб бориб, «нимага?» ва «нима учун?» деган саволни юзага келтиради. Бу эса ўз навбатида жиноятни «ким?» амалга оширганига жавоб бўлади.

—Қурбонлар билан нима бўлгани ва улар нима учун айнан шундай ўлдирилгани уни ким содир этганини аниқлашга ёрдам беради демоқчимисиз Капгир?, дедим бирор нима тушунмай.

—Ўзингиз фикр қилинг. Одам ўлдирилган, у зўрланмаган, туналмаган, бироқ майда бўлакларга бўлинган. Бизни ҳолатда эса ўртанча бармоқлари кесиб олиб кетилган. Гап қотил уларни нима учун ўлдирганида эмас, балки нима сабабдан айнан шундай ўлдирганида. Тўғри, одамларни тушуниш қийин, улар мураккаб, лекин улар барибир одам.

Хонани кўздан кечиришни давом этдик. Гилам усти тўзиб ётарди: Мохитўнинг алюминий банкаси «Эрмак» қуртини пакетчаси, бамбукдан ишлангани ёзилган бир пой пайпоқ, МСКТга рентгенга тушгани тасвирланган плёнка ва ҳоказо. Қотилни қидиришга ёрдам берадиган бирор белги кўзимга ташланмади. Менимча, Капгир ҳам бирор нима топмаган кўринади. Кулдонга ётган сигарет қолдиғини чайнаб кўрди, музлаткичда қўйилган товуқ дўлмасидан тотди…

—Қодиров уйга кираверишда кузатув камерасига кўзим тушганди, ҳойнаҳой у ердан ҳам ҳеч нарса чиқмаган бўлса керак-а?

—Шундай, Капгир. Қотиллик содир этилган вақт — соат 21:00 билан 22:00 лар оралиғида камерада ҳеч нарса қайд этилмаган. У шунчаки ишламаган. Мутахассисларимизни текширишича, камералар тизимига кирилмаган ёки бирор ускуна ёрдамида унга помех берилмаган. Проста ишламай қолган.

—Бу дунёда ҳеч нарса проста бўлмайди, дўстим. Фақат сизни бошингиз проста ишламаслиги мумкин, холос. Неча кундан бери, Тошкентда свет ўчаяптику, қотил шу вақт кирган уйга.

—Бу жонивор қурбон қаерда ишлайди экан?, дедим қизиқиб.

—Кўриниб турибдики Чўмичжон. Ҳовлини ҳашаматидан камида бирор вазирлик ёки қўмитада бошқарма бошлиғи бўлса керак. Қанақа вазирлик ёки бошқарма эканлигини эса фарқи йўқ. Хоҳ Коммунал вазирлиги бўлсин, уйи бундан кам бўлмайди. Лекин девордаги суратларга қаранг, кимларни танияпсиз?

Меҳмонхонанинг кириш қисмида анави «Диктатор» фильмидаги соқолли брат Меган Фокс билан амалга оширган ишқий саҳнасидан кейин бирга тушган расмини эслайсизларми?! Шунақа машҳурлар инсонлар билан тушган суратлари илинадиган девори экан. Бироқ бу ерда қаҳрамонимиз Саша Барон Коэндан фарқли ўлароқ кимларни итаргани билан тушган суратларини эмас, балки кимнинг кетини ўпганлари тасвирланган десак тўғрироқ бўларди. Портретлар ҳам у ердаги инсонларнинг мансабидан келиб чиқиб жойлаштирилган. Ўрта қатордан эстрадамизни Президент бўлиш орзусидаги юлдузлари билан тушилган расмлар ўрин олган бўлса, пастроқда турли раҳбарлар, вазир ўринбосарларини кўриш мумкин. Юқори қатордагиларнинг эса аксариятини ҳар куни телевизорда кўрамиз. Энг юқоридаги турган портрет эса кўзимга жуда иссиқ кўринди. Бу инсонни YouTube’даги «Анавилар» ёки «WalterEgo» лойиҳасига берган интервьюсини кўрган эдим… Исмиям бир бало эди… Суратларга қараб, энг юқоридаги инсонни исмини эслашга уриниб турганимни кўрган Капгир, гап қўшди.

—Ҳа, бу ўша Чўмич. Марҳум мижозимиз «Ҳудудий электр тармоқлари»да бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлайди. Қабул кунлари, душанба ва чоршанба соат 16:00 гача, электрон почта манзили info@het.uz.

Капгирнинг ҳамма нарсани миридан-сирисигача билишига қойил қолиб, ортимга ўгирилсам, эшак марҳумнининг полда ётган визиткасини ўқиб бераётган экан.

—Дўстим, Қодиров бу уч сериядан иборат қотиллигизни фош этишимиз учун «фильмни»ни бошидан кўришимиз керакка ўхшайди. Бу ердан бирор жўяли маълумот ололмадим. Балки уччала ҳолатни ўрганиб чиқсак, якуний тасвир шаклланар.

—Унда Юнусободга кетдик, дея мелиса дўстимиз хизмат машинасини чақирди. Шу иссиқда кондиционери ишламайдиган машинада кетишни ўзи бўлмас экан. Тер чиқмаган жойимиз қолмади. Аксига олиб, шаҳарда охирги кунлар свет кўп ўчаётгани боис светофорлар ҳам ишламаяпти. Тирбандлик. Одатда 25 дақиқада етиб бориладиган жойга бир соатда судралиб кириб бордик.

Қодиров йўл болаган ҳовлига кирдик. Бу ҳам аввалгисидан қолишмайдиган экан. Фақат бечора аёл жуда табиатсевар бўлган шекилли ҳамма жойга турли дарахтлар экиб ташланган. Улардан чиқаётган кислород ва тушаётган соя ҳовлига ўзгача файз бағишлаб турибди. Чинорларни кўрсангиз, менимча, ёшиям 600 йилдан ошган. Бунақаси ҳозир фақат Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида қолган бўлса керак. У ерда ҳам таъмирлаш ишлари бошланади дейишаётганди, кесиб юборишмаган бўлса ҳали.

Қодировнинг айтишича, марҳуманинг қариндошлари ҳар ёзда Малдив оролларига дам олгани кетишаркан. Мана, орадан уч кун ўтган бўлсаям, улар онасини моргдан олиб чиқиш учун кела олмаяпти эмуш. Бунга пандемия оқибатида рейсларнинг бекор қилингани сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Хонадонга кирдик. Оғзимиз етарлича катталикда очилди. Эрон гиламлари, олтин суви юритилган зинапоялар, фил суягидан ишланган ҳайкалтарошлик намуналари, деворга илинган ва биз фақат «Зоология» дарслигида кўрган жониворларнинг тулумлари, «Қизил китоб»га киритилган айиқ териси… Аёл ўлдирилган ётоққа кирдик. Қон излари қотиб қолган, тўрт киши сиғадиган каравотда кўрпалар йиртиб ташланганини кўриб, кўнглим беҳузур бўла бошлади.

—Аёл дарахт шохи бўлаги билан ўлдириган дедингиз-а Қодиров?

—Ҳа, шунақанги куч билан кўкрагига урилганки, бечоранинг жони бир зумда чиқиб кетган.

Шу пайт Қодировнинг телефони жиринглаб қолди. Афтидан, ходимлари шекилли, ниманидир ҳисоботини бераётганди. Қодиров уларни гапини эшитиб, «Бу ҳақда бошлиққа ҳеч нарса демай туринглар, борганда ўзим кириб айтаман», деб телефонини ўчириди.

—Уч кунлик таҳлиллардан сўнг, аёлни қандай хода билан ўлдирганини аниқладик, Капгир. Балки бу ишда ёрдам берар…

—Чинорникиман?, деди Капгир.

—Қаердан била қолдингиз?, деди Қодиров кўзлари ола-кула бўлиб. Одатда бунақа қотилликлар чинор ёғочидан ишланган ўткир тиғли қурол ёрдамида амалга оширилади. Wikipedia’да ўқиган эдим. АҚШда 1886 йилда шакарқамиш плантацияларидан қочишга уринган қора танлиларни шу йўсинда ўлдиришган экан. Кейинчалик бу усул Австрия ва Норвегияда кенг тарқалган.

—Демак, қотил чет эллик, демоқчимисиз Капгир? Ундай бўлса, тезда охирги бир ҳафтада мамлакатимизга келган хорижликлар рўйхатини топиб, суриштирувни бошлаб юбориш керак.

—Шундай қилинг, дўстим. Бизни бу ерда қиладиган ишимиз йўқ. Иккинчи қурбонникига ҳам кириб ўтишимиз керак.

—Шофёрга айтаман, сизларни керакли манзилга олиб боради. Мен рўйхат билан шуғулланай, кўп вақт кетса керак бунга ҳам.

—Ҳа, фақат тезроқ ҳаракатланинг, яна мамлакатдаy учиб кетмасин. Айтганча, ўлган аёл қаерда ишлар экан?

—Обод маҳалламидией, ёки «Махсус трансмиди» эсимда йўқ. Ҳозир аниқлаштириб, сизга СМС ёзвораман.

Хонадондан яна ҳовлига чиқдик. Баҳаво жойлар экан ўзиям. Одамни ташқарига чиққиси келмайди. Раз ўладиган бўлсанг, шунақа салқин жойда ўлсангда.

—Капгир нега Қодировни кераксиз ишга кўмиб, биздан узоқлаштирдиз? Eйга киришда биринчи бўлиб кўзим тушган чинорнинг билагимдек келадиган шохи cинганига кўзим тушганди. Қотил марҳумани шу ёғоч бўлаги билан ўлдиргани шубҳасиз эдику.

—Кўрдингизми, Чўмич, сизга ўхшаган мол дўхтирни фаҳми етган нарсани аниқлаш учун булар уч кун экспертиза қилган. Ишни очишимизда бунақа одамларни ёрдамида кўра, зарар кўпроқ тегади.

Капгирни деярли барча фикрига қўшилган ҳолда, секингина «мол дўхтирмас, ветеринарман» деб тўнғиллаб қўйдим.


************************


Ташқарига чиқсак, қоронғу тушган, бироқ иссиқ тафти ҳали сўнмаган эди. Дўзах каби қизиб ётган машинага ўтириб, иккинчи қурбонникига отландик. Манзилга етай деганимизда Қодировдан СМС келди. Марҳума аёл «Экология» бошқармасида ишлаган экан. Капгир Қодировга телефон қилди. Шу вақт хонада кўрган қон изларим кўз олдимда пайдо бўлиб, қайт қилиб юборай дедим. Шофёрни калласига уриб, тўхташини тушунтирдим. Тўхтади, кўнглим ағдарилди. Балки кун бўйи бирор тузукроқ овқат емасдан, фақат сув ичиб юрганимгадир… Бет-қўлимни ювиб машинага ўтирсам, Капгир Қодиров билан гаплашиб бўлган экан.

—Чўмич ҳомиладормисиз?

—Бемаза ҳазилингизни қўйингда, шу ишни тезроқ фош этиб уйга қайтайлик, иссиқ ёқмаяпти.

—Мен фош этиб бўлдим буни, фақат жиноятчини ушласак бўлди.

—Қанақаси, ким экан у? Қаердан ушлаймиз?

—Шошмай туринг, барчасини кейин тушунтириб бераман. Ҳозир биз Мегапланет тарафга боришимиз керак.

Шундай дея Капгир бизни олиб кетаётган ҳайдовчига манзилни тушунтирди. Кўнгилочар савдо марказини орқа тарафидаги маҳаллага кириб бордик. Бирдан свет ўчди. Бутун маҳалла, ана боринг ярим Тошкент зим-зимистонга айланди. Неча йилдан буён пойтахтда яшаб келаётган бўлсам ҳам бунақасини кўрган эмасман. Одамлар бир зумда ваҳимага тушиб қолди. Ҳамма уйидан чиқиб, бақир-чақир, кимларгадир қўнғироқ қила бошлади. Ёшроқ йигитлар телефонида видеога олиб, «Мана Тошканимиздаям свет ўчвотти…” деб ТикТокка контент қилишга киришди. Ўзи охирги кунларда ростдан ҳам свет кўп ўчаяпти. Шу дейман иссиқ ҳавога кабелларимиз дош бермаяпти шекиллида, бўлмасам атайлаб ҳеч ким ўчирмайдику.

Капгир шофёрга тезроқ юришини айтди. Аксига олиб, кўчада одам тўлганига тез ҳаракатлана олмадик. 15 дақиқа деганда катта сариқ дарвозали ҳовли қаршисида тўхтаган ҳам эдик, унинг ичидан бир киши югуриб чиқиб кетди.

—Чўмич ортидан югуринг, қандай бўлмасинг ушланг! Капгир шундай деганча бақириб, ўзи хонадон ичига кириб кетди. Икки сония нима бўлганини тушуна олмай, Капгирни буйруғини бажаришга киришдим. Машинадан сакраб тушишим билан чироқ ёнди. Чамаси 30 метр узоқликда югуриб кетаётган эркакни кўрдим. Ортидан қувишга тушдим. 200 метрлар югургач, унга етишимга ишончим сўниб қолди. Атрофдаги одамларга эса по**уй. Кимниди қувлаяпмпними, деман қандайдир сабаб бор. Ёрдам берса бўлади, йўқ, уларга тегишли эмасми, аралашмайди... Қачон, қаердан ва қай йўсинда пайдо бўлган билмайман, лекин бу қорин ўлгур югуришимга жуда халақит берди. Ўзим эмас, худди танамга тош боғлаб қўйишгандек югурардим. Бунинг устига иссиқ. Ҳансираб қолдим… Қўлларимни букилган тиззамга қўйиб, ерга қараб икки дақиқача нафас ростладим. Ортимдан шофёр йигит етиб келди. Иккимиз Капгир кириб кетган ҳовлига қайтдик.

Кирсак, ёши чамаси 50—55 ёшлар атрофида бўлган эркак боши газ плитасига тиқилган ҳолда кўкариб ётарди. Сассиқ газ ҳиди хонани тутган. Униям ўртанча бармоғи кесиб олинган.

—Капгир мени кечиринг, қўлдан қочирдим.

—Ўзи ета олишингизга кўзим етмаганди, лекин барибир озгина умид қилгандим. Энди унга ҳеч ким ета олмайди, уни ушлаб бўлмайди. Жиноятчи ўз миссиясини якунлади деб ўйлайман.

—Нега энди? Ким экан ўзи бу одам? Нега буларни ўлдириб кетишмоқда?

Капгир саволимни жавобсиз қолдирди. Қодировда қотилни қўлган чиқарганимизни айтган эдик, у шофёрини чақириб олди. Шунақа бўлишини била туриб, унга олдидан айтмаганимиз учун уйга автобусда кетаверишимизни тайинлади.


************************


Ўзи автобусга чиқмаганимизга ҳам анча бўлганди. Капгир ўйчан. Бекатдан ҳаракатланганимиздан буён бирор нима дегани йўқ. Телефонини чуқалаб кетаяпти. Кўзимни қирини ташласам, яна Инстаграмда экан. Одам бўлмайди бу. Шунча одамлар ўлиб ётибдию, буни қилаётган ишини. Кечки иссиқда манзилимиз томон кетар эканмиз, кўзим илинибди. Қанча ухлаганимни билмайман, бир пайт Капгирни биқинимни туртганидан уйғониб кетдим.

—Бля, шунақа иссиқда, яна автобусда ухлагунча иш билан шуғллансангизчи Чўмич?!

—Ўзингиз Инстаграм кавласангиз, мен бирор нима демаяпманку.

—Мен бекорга кавламайман. Мана кўринг нима топиб олдим. Капгир телефонини юзимга яқинлаштирди. Бир сулув қиз Rolls-Royce машинасини олдида турган экан. Ўзиям бунақа машинадан Ўзбекистонда иккита ё битта бўлса керак.

—Машина ростдан зўр экан.

—Қанақа машина-э?! Капгир телефонига қаради. —Блин, бош саҳифага ўтиб қолибди. Бошқа бир пост ичига кириб, расмни очди. Экранда мармар билан қопланган дарвозахонада бир инсоннинг кесилган бармоғи ётар эди. Сурат остига «Кимдир бармоғини менга совға қилибди» дея изоҳ ёзилган ва юракчаларни смайлиги қўйилган.

—Ие, бу мен ўйлаган нарсами Капгир?

—Йўқ сиз ўйлаган нарса бошқа, бу мен ўйлаган нарса.

—Балки иккимиз ҳам бир нарсани ўйлаётгандирмиз? Майли, ким бўлди бу қиз. Ҳали шу қизни деб тўртта одам ўлиб кетдими?

—Бу қизни деб эмас, унинг отасини деб. Капгир профиль эгаси кимлиги ва унинг отаси ҳақида маълумот берди. Исм-шарифини очиқлаган бўлардим, лекин эртага раддия ёзиб ўтиргим йўқ. Қисқаси бу инсон ҳозирги, эртанги Тошкент.

—Қаранг Чўмич, ёшларимизга ҳар нарсани интернетга жойлайвермай деймизу, лекин шунақа пайтда фойдаси ҳам тегиб қолар экан. Хуллас, дўстим, қотилни ушлашга яна бир имконимиз борга ўхшайди. Уни қаердан ушлашни биламан.

Автобусдан тушиб, такси тўхтатиб, Ҳасанбой маҳалласига йўл олдик. Олдинлари бу ерга келмаган эканман ҳеч. Бошқа бир давлатга тушиб қолгандек бўлдим. Оддий уй йўқ. Энг оддийси ҳам бизни қишлоқдаги мактабдан катта. Ҳар қадамда «секуритй»лар. Йўл бўйидаги қизил томли уйлардан бирининг қаршисида тўхтаб, Капгир кўрсатган ҳовлини кузата бошладик. Маҳалла шу қадар ёруғки, худди бу ерга қоронғу тушмагандек, йўллар ҳам ойна каби асфальтланган.

Таксичи амакига 100 минг сўм бериб, овозини чиқармаслигини тайинладик. Унгаям фарқи йўқ экан, хурракни ота бошлади. Капгир билан эса навбати билан хонадонни кузатишга келишиб олдик. Бир соат у, бир соат мен ухлаб ола бошладик. Иккинчи марта ухлагани ётганимда, Капгир уйғотди.

—Анавини қаранг!

—Бошимни секин кўтарсам, биттаси биз кузатаётган хонадон дарвозасидан ошириб ниманидир отди. Кейин иккинчи чўнтагидан яна бир нарса чиқариб отди. Шу вақт Капгир машинадан тушдида дарвозадан секин узоқлашаётган эркакни бир тепиб йиқитди. Мен ҳам югуриб бориб, Капгирга ёрдамлашдим ва уни машина олиб босдик. Нималар бўлгандидан бехабар таксичи амакини уйғотиб, шаҳар мелисахонасига ҳайдашини айтдик.

Капгир билан ўртамизда кетаётган эркакнинг ёши чамаси 40 ларда. Кўриниши туппа-тузук, билагида кучи бор. Бир оғиз ҳам гапирмай, бирор эътироз қилмай жим кетаверди.

—Нима учун?, — катта йўлга чиққанимизда Капгир савол берди.

—Улар шунга лойиқ!

—Нега энди, энг катталарини ўлдирмай, фақат буйруқни бажарганларни ўлдирдинг?

—Катталарига етиб бўлмади. Бунинг устида улар фақат буйруқни бажармаган, балки шу ишни қилишни хоҳлаган. Хоҳламаган инсон бундай қилмасди.

—Ким бўлиб ишлайсан?

—Собиқ тадбиркорман.

—Банкрот бўлганингни аламини нега улардан олаяпсан? Демак, яхши тадбиркор эмассанки, касодга учрагансан.

—Минглаб товуқларим свет ўчишидан ўлиб қолса, айни қиш чилласида иссиқхонамни гази атайлаб ўчириб қўйилса, қурган боғим янги уй қуриш учун яксон қилинса, иситиш тизими йўқлиги сабаб корхонам ишлай олмаса, мен ёмон тадбиркорманми?

Капгир жавоб қайтармади. Ниманидир ўйлаб қолди. Қўлга олган жиноятчимиз ҳам ҳеч нарса демай кетаверди. Селхоз чоррахасига етганимизда, Капгир таксичи амакига тўхташини айтди.

—Тушинг, кетаверинг.

—Ие, қанақасига, дедим мен ҳайрон бўлдим. Эркак ҳам нима бўлаётганини тушунмай бир менга, бир Капгирга қаради.

—Тушинг дедим!, қайтарди Капгир.

Эркак тушиб, чорраҳанинг Қибрай туманига элтувчи йўли томонга ўтиб, югуриб кетди.

—Капгир нимани ўйладингиз? Уни шерикларини қўлга олмоқчимисиз?

—Унинг ҳеч қанақа шериги йўқ.

—Унда нега қўйиб юбордингиз?

—Шунчаки, қўйиб юборгим келди.

Капгирни бунақа тўмтоқ жавобларига мени ҳам қўйиб юборгим келди. Одам дегани ҳеч бўлмаса, нега бундай иш қилганини жонажон шеригига тушунтириши керакку?! Энди бу қачон тилга кириб, барчасини айтиб беришини кутишдан бошқа иложим йўқ. Қистаганим билан гапирмайди…

Квартирамизга кириб келдик. У ўз каравотига мен эса доимгидек полга тўшалган кўрпачамга ётдим. Кўзим тез илинди, ухлаб қолдим. Эрталаб уйғонсам, кун аллақачон ёришиб кетган экан. Капгир эса ошхонада тухум қовураяпти.


************************


—Уйғондизми Чўмич?

Атайлаб бирор жавоб қайтармадим. Қани бир кўрсинчи саволни жавобсиз қолдиришни.

—Сиздан сўраяпман?

Яна жим туравердим. Ваннага кириб, юз-қўлимни ювиб чиқдим. Капгир қовурган тухумни индамай ея бошладим.

—Хўп, тушунтириб бераман, гапиринг энди.

Тушунтирмай қаёққа ҳам борасан. Одам зоти ўзи мақтанчоқ бўлади. Бирор нимани билиш учун икки соат ялингандан кўра, ярим соат ўзингни бепарводек тутсанг, барчасини айтиб беради.

—Нега қўйиб юбордингиз уни?

—Ўзингиз нима деганини эшитдингизку, унда айб йўқ.

—Қанақасига одам ўлдирган инсонда айб йўқ бўларкан. Аввал бошидан тушунтирингчи, уни ўша хонадонга келишини қаердан билдингиз?

—Кеча биринчи борган жойимиз эсингиздами? Максим Горкийда ўлдирилган эркак. Нима иш қилишини билдингизми?

—Ҳа, электр энергиясига алоқаси бор экан.

—Хўш, ўзингиз қаранг. Ўша элекетр энергиясига алоқаси бор эркак жакузисида электр токи ёрдамида ўлдирилган. Биринчи аёл эса ёғоч бўлаги билан. Қодиров ёзган СМСга кўра, у «Экология» бошқармасида ишлаган экан. Дарахт ва «Экология» — боғлиқликни сезаяпсизми?! Иккинчи қурбон иссиқ сув ёрдамида ўлдирилганини ҳисобга олсак, демак буларни боғлаб турувчи умумий нарса бор. Электр, дарахт, иссиқ сув ва нима қолди? Газ албатта! Қотилимиз табиркорлик қилиб, нималарга дуч келганини қисқача айтиб бердику кеча. Шундан хулоса қилаверинг. Инстаграмдаги кесилган бармоқ суратини қўйган ўша акахонни қизига раҳмат. У бўлмаганда қотилни ушлай олмасдик.

—Шунда, у ўзича мамлакатимизни энг оғирқли нуқталари бўлган соҳаларни етакчилари ўлдириб, қасд олганми?

—Етакчиларини эмас, уларнинг ёрдамчиларини, ҳамтовоқ, шерикларини. Етакчиларига тиши ўтмаган. Ўзингиз кўрдингизку, улар қанақа қўриқланадиган, свети бир зумда ўчмайдиган жойда яшашини. У ўз даражасидаги айбдорларни ўлдирган ва уларнинг раҳнамоларини қўрқитиб қўйиш учун ўртанча бармоқни уларнинг уйига ташлаб кетган.

—Худди «мана сенларга факю» дегандек-а, дедим ҳолатга тушуна бошлаб.

—Бу қандай тушунишга боғлиқ, дўстим. Мен «халқни устидан кулиб, кўрсатган ўртанча бармоқларингни кетларингга тиқаман» деб тушундим, масалан.

—Фантазиянгиз ажойибда, Капгир. Хўп, нега уни қўйиб юбордингиз, ахир у барибир қотилку, бир неча кишини ўлдирган бўлса. Бир—икки сўм кўрган зарари учун ҳамма одам ўлдиришга тушиб кетаверса нима бўлади?

—Йўқ, мен кеча бир кишини эмас, бутун бошли халқни дардини қўйиб юбордим. Тухумдан олинг.

— Ҳар бир соҳани катталарига кесилган ўртанча бармоқни отган бўлса, кеч биз кузатган хонадонга иккита нарса отмадими у?

—Ҳа, иккита отди. Ахир газ билан светни каттаси битта одам эмасми? Унга иккита факюда…


Report Page