Рустам Капгир — “Осон иш”
Kapgir
—Капгир кечга нима овқат еймиз?
—Кейинги ҳафта бошида Сенатни навбатдаги ялпи йиғилиши экан, унда мактабларга Миллий гвардия ходимларини бириктириш ва ички ишлар органлари ходимларини видеога олганларни жавобгарликка тортишга оид иккита қонун лойиҳаси кўриб чиқилармуш.
—Яхшику, ҳар икки қонун ҳам керакли.
—Мактаб болалар учун қамоқхонага айланмаслиги керак, ходимларни обрўсизлантириш мақсадида тасвирга олишни тақиқлаш эса нафақат сиз билан менга ўхшаган оддий фуқароларнинг, балки ўша тизимдаги ходимларнинг ҳам ўзларини зарарига ишлайди. Ҳай, сиз барибир тушунмайсиз. Овқатни сўрадингизми? Биринчисига лағмон қилинг, худди Қорасаройни лағмонидек мазали бўлсин, иккинчисига — манти. Бугун бир мазза қилайлик, баҳор ҳам келди, тестестеронларим жунбушга келишни бошлади, кучлироқ таомланмасак бўлмайди.
Ҳай, квартира пулининг катта қисмини у тўлаётгани сабаб овқат пишириш мени бўйнимда. Айтганидек, биринчисига БигБон қайнатдим, иккинчисига, буханкани тухумга белаб қовурдим. Ўзи бизга кўп нарса керак эмас, қорнимиз тўқ, wi-fi’имиз ишлаб турса, уйни эгаси ҳадеб безовта қилавермаса бас.
—Чўмич, сизгаям қойилманда, лағмон десам, лапша тайёрлабсиз. Эммануэл деса, фақат Франция президентини тушунадиган одамлардансизда вей.
—Ҳа, нима президентликдан кетибдими?
Капгир «бор-э», дегандек қўлини силтади. Овқатни еб бўлишимиз билан эшикни кимдир тақиллата бошлади. Бирорта мижоз бўлса керак, пул ишлаш имконияти пайдо бўляпти. Бутун қиш бекор ётавериб, қапалаб кетдик ўзи. Эшикни бориб очсам, тўлачадан келган, бироқ кўзлари йиғидан қизарган кўхлик бир аёл.
—Рустам Капгир ака шу ерда яшайдиларми?
—Ҳа, келинг хизмат? Мен шериги Жамшид Чўмич бўламан, дедим остонанинг ўзида. Охирги уч кундан бери одам кўп келяпти, лекин Капгирни қизиқтирадиган ишлар билан эмас, ҳаммаси майда-чуйда. Шунга, ичкарига таклиф қилишдан олдин, сўраб қўя қолдим.
—Ўтган ҳафта эрим аварияда вафот этганди. «Эски ТошМИ»га олиб кетишганди, экспертизадан кейин мурдасини олиб кетишинглар мумкин дейишганди, лекин ҳалигача беришмаяпти, шу масалада ёрдам бера оласизларми?
—Эрингизни фамилияси мободо Навалний эмасмиди?
—Йўқ, Соиповлармиз.
—Унда, эрта-индин беришади жасадини. Уларда тартиб шунақа, бир-икки кун ҳужжатбозлик қилишади, деб эшикни ёпдим. Ўзи биз билан битта курсда ўқиган собит ҳозир главморг. Шаҳардаги ҳамма ўликларни каттаси. Битта қўнғироқ билан ҳал қилсам бўлардию, лекин тўғриси, одамларга яхшилик қилгим келмай қолган. Кимгадир ёрдам қўлини чўзсам, бармоғимни тишлаб олишади.
Хонага кирсам, Капгир худди Китоб перевалидан олиб келинган тандир гўштни еб бўлгандек, тишини кавлаб ўтирибди.
—Кимакан?
—Биттасини ўлигини беришмаяпти экан, шу масалада келибди. Ўтган куни келган аёл эримни тополмаяпман, ундан олдингиси бўлса, 35 га кирган ўғлимни йўқотиб қўйдим деганди. Нима бало ҳамма эркаклар 8 март арафаси қочиб кетяпти ёки ўлворяптими?!, дейишим билан эшик яна тақиллади. Бу аёл битта гапга тушунмайди шекилли, деб очсам, ўзимизни сўхтаси совуқ майор Қодиров турибди.
**********************************
—Қодировмикан?, деди ичкаридан Капгир. —Кираверсин.
—Қойилманда сизга дўстим. Узоқдан эшитиладиган шаҳдам қадамларимдан мен эканимни билиб қўясиза?, дея Қодиров оёғини пала-партиш ечганча, хонага кириб кетди.
—Шерикларингиз киришмадими?, — деди Капгир Қодиров билан калла тўқиштириб кўришар экан.
—Аа, буни қаердан била қолдингиз? Ахир улар подъездга ҳам киришмадику ва ҳар сафар бир ўзим келсам?
—Сиз доим хизмат машинангизнинг орқа ўриндиғида ўтиришингизни ҳисобга олсак, костюмингизни ўнг елкаси эшикка тегиб тургани учун ғижим бўларди. Бу сафар чап елкаси ҳам ғижимланган, офицер сифатида пешонангиз каби ялтираб туриши керак бўлган пойабзалингизни чап пойи эса эзилган, бундан келиб чиқадики, ёнингизда кимдир ўтирган. Ўтирганда ҳам икки киши бўлишган, бўлмаса, бунчалик сиқилиб қолмасдингиз.
—Мана шу каби иқтидорингиз учун ҳам сизни яхши кўрамизда дўстим. Юринг, ўта муҳим иш чиқиб қолди, бормасангиз бўлмайди.
Қодиров ҳеч қачон оддий иш билан келмайди, унинг учун раҳбарияти берган ҳар қандай топшириқ ўта муҳим. Инсон қандай қилиб бунақа фидойи ходим бўлиши мумкин ҳайрон қоламан. Ватанпарвар десанг, доим суриш ҳақида гапиради, хизматидан нолигани нолиган, лекин ҳамма топшириқни чин кўнгилдан бажаради. Қисқаси буларнинг миясини ишлаш функциясига унча тушунарвермайман. Айтганча, Капгир ўзини ақлли кўрсатиб, ғижимланган костюм ва босилган туфли ҳақида ёлғон гапирди. Икки кун олдин wi-fi орқали домни икки бошига хавфсизлик нуқтаи назаридан қўйилган камерага уланиб олган. Телефонида шу билан кузатиб ўтирибди ҳамма нарсани. Одамларни дардини қудуққа айттириб, микрофон орқали уни эшитиб оладиган қўқонлик табибга ўхшайди бу ҳам. Ҳеэ, ўргилдим…
—Кўряпсизми Чўмич, бу Қодировни ишдан бошқа ташвиши йўқ. Мазза қилиб яшашни, ҳаётни, одамларни севишни билмайди. Хўп, давлат аҳамиятидаги иш бўлса бориш керак.
Тезда кийимларимизни алмаштириб, пастда кутиб турган, ҳамма жойи тонировка қилинган, номери BZU билан тугайдиган қора Mercedes’га миндик. Катта тезлик билан «Циалковский» томондаги уч қаватли данғиллама хонадонга етиб бордик. Келган жойимизни уй десам, ҳақорат қилган, сарой десам, сал ошириб юборган бўламан. Кошона! Сотихи 100 минг доллар турадиган бунақа жойдан ер олиб, ҳовли кўтариш учун одам қанча ойлик олик олиши кераклигини нейронларим ҳисоблай олмайди. Ичимда «балки хизмат уйидир», деган яхши гумон билан даҳлизга кирдик. Кетимиз дунёдаги энг юмшоқ, худдики тай массажчилари уқалаб қўяётгандек ҳисни берадиган диванга тегиши билан бир эркак жаҳл билан кириб келди.
—Ўртоқ Капгир, бу инсонни танийсизми?, деди салом-алик ҳам қилиб ўтирмай, телефонидаги суратни кўрсатди.
Албатта, танийди, ахир бу Нигора офатку. Капгир бир умр унинг ошиғи бўлган ва уни ташлаб кетган ягона аёл. Дўстим у ҳақида кўп ҳам гапирмайди, фақат баъзан-баъзан кечалари уйқусираб «бу аёл!», деб қўяди холос. Ҳақиқатда гўзал жонон.
—Яна нимани бошлабди бу?, деди Капгир.
—Унда давлат аҳамиятига молик кўплаб маълумотлар, республикадаги аксарият раҳбар таркибларни обрўсизлантиришга қодир видео ва фотолар бор. Бизга маълум бўлишича, у ҳамма маълумотларини телефонида сақлайди. Шуни қўлга киритишимизга ёрдам берсангиз.
—Иш берувчингизни видеога олибдими?, деди Капгир мийиғида кулиб.
Эрканинг қошлари чимирилди, «сен айтдингми?», дегандек Қодировга ўқрайди, у бўлса, «мен эмас», дегандек елка қисди.
—Эвазига қанча сўраяпти?,
—Пул сўраганида сизни овора қилиб чақириб ўтирмасдан, айтганини берардик. Умрбод нафақа, шахсий тансоқчилар ва Бухорони бузилаётган қисмига қуриладиган янги дўконлардан тўрттасини сўраяпти. Биз эса уни хорижлик инвесторларга ваъда қилганмиз.
—Унинг ҳамма гапига ҳам ишониб бўлмайди, балки қўлида арзирли ҳеч қанақа маълумот йўқдир, текшириб кўриш керак, деди Капгир.
—Ўтган ой текширдик. «Сенга ишонишимиз учун битта видеони ташлавор» дегандик, у ҳам ишонмасанглар ўзларингдан кўрларинг деб, ҳокимлардан бирининг ётоқхонада булбулчасини ўйнаб ўтирган видеосини интернетга тарқатворди. Ҳалиям, тузукроқ ҳоким эмас, видео-пидеони фарқига бормайди, тезда унутворади. Бошқаси бўлганда, лавозимдан кетворган бўларди…
—Эртага эрталаб телефон қўлингизда бўлади, бу жуда осон иш.
—Ўзингизга юқори баҳо бериб юбормаяпсизми Капгир? Уни уч ойдан бери изига туша олмаяпмиз. Агар айтганингиздек, эртагача олиб келсангиз, истаган нарсагиз муҳайё бўлади.
*****************************************
Бизни олиб келган машина яна квартирамизга элтиб қўйди. Эшикдан киришимиз билан димоғимга жуда ўткир ифор урилди. Хушкайфият бағишлайдиган ифор. Демак, уйимизда бегона одам бор.
—Қўрқмай, келаверинглар, деди ичкаридан аёл кишининг товуши. Кирсак, биз қидириб юрган Нигоранинг ўзи экан. Капгир билан у «Ўғирланмаган келин»да Шохруҳхон «Туже дека тойи, жана санам», деган қўшиқни айтишидан олдин Кажолга термулиб қоладику, ўшанақа қараб турарди. Мен эса бўйнига қўнғироқ илинган сигирдек, нима қилишимни билмасдим.
—Мен келмасам, ўзинг хабар ҳам олмайсана, деди аёл Капгирга нозик бармоқларини саломлашиш учун узатиб. У бўлса, узатилган қўлга жавоб қайтариш ўрнига аёлни маҳкам қучоқлаб олди, аввалига елкасига бошини қўйиб, сочларини ҳидлади, шу қадар чуқур нафас олардики, худди қиши билан Тошкентда қурумга тўлиб қолган бурни ҳозиргина очилиб кетгандек эди. Ҳар бир олган ҳавоси, ўпкасига кириб борганидан, кўз қорачиғи тепага қараб кетарди. Бўйиндан кейин дўстимнинг боши аёлнинг сийналари орасига тушди. Юмшоқ ва иссиқ тафтни кўрмаганига анча бўлган бу бошдаги барча ҳужайралар ишга тушиб кетган бўлса не ажаб. Капгир янаям энгашаётган эди «бўлдида, энди», деб Нигора уни ўзидан узоқлаштирди. Капгир мени шу ерда эканимни тушуниб, дарҳол ўзига келди.
—Учрашув қалай бўлди?, деди Нигора. У бизнинг қаердан келганимиздан хабардор эди. Келгунимизча чой дамлаб қўйган экан, бир пиёладан ичдик. Пиёлани лабимга теккизиб кўтарар эканман, унинг чиройига бошдан оёқ кўз қиримни ташладим. Ҳақиқатда гўзал аёл. Қош ва киприклар дона-дона бўлиб бир-биридан ажралган, бурун малика Нефертитиники каби бежириб, оқбадан, нозик, шу билан бирга спорт билан доимий шуғулланиши аён. Пиёламдаги чой тугамасаю, яна бироз тикилсам, бекорга совчиликка борилганда бўлажак келинга косада сув олиб келсин дейишмас эканда. Уни ичиб, қизга бемалол разм олиш учун имконият кўп бўларкан.
—Демак, ҳаммасини биласан, телефонингни паролини очиб бизга берсанг, сени тинч қўйишларини кафолатлайман.
—Бизни ҳам ёшимиз ўтяпти Капгиржон. Энди мени қарамоғимга илинадиган амалдорлар камайиб кетяпти. Кексалик давримда мазза қилиб яшашим учун менга биргина кафолатнинг ўзи камлик қилади, даромад манбаи ҳам керак. Сен уларга айт, шартларимга рози бўлишсин, акс ҳолда ҳамма режаларини чиппакка чиқараман.
—Қанақа режаларини, деб сўрадим мен.
—Ўзлари билишади. Мендаги маълумотлар билан уларнинг бир йиллик меҳнати йўққа чиқади. Бу бюджетдан сарфланган миллиардлаб харажат демак.
—Уларни яхши биласан, сени топиб олишса, хакерлари ёрдамида телефонингни бемалол бузиб киришади. Шунда сенга ҳеч нарса қолмайди, на ҳаётинг хавфсизлиги ва на пул, деди Капгир.
—Мен шунақанги пароль қўйганманки, уни ўзимдан бошқа бирор кимса оча олмайди. Ҳатто сенинг ҳам ақлинг етмайди. Масалан, манавинга қара, деб аёл телефонидаги «заметка»га ёзилган қандайдир ҳарф ва сонлар аралашмасини кўрсатди. «110324JS09:00187M» деб ёзилганди унда. —Шу ёзганларимни еча олсанг, сени айтганингни қиламан.
Капгир телефонга тикилгунча, жумбоқни ечишга киришди. Бунақа вақт худди Шерлок Холмс сериалидаги каби унинг миясида рақамлар, сонлар, маълумотлар, фактлар, янгиликлар айланиб, битта тизгинни ҳосил қилади. Тўғриси, буни қандай амалга оширади билмайман, лекин у буни уддалайди. Орадан йигирма сония ҳам ўтмади.
—Ўртада икки нуқта борлигидан билиш мумкинки, 09:00 бу соат, ундан олдинги ҳарф ҳам шуни кўрсатмоқда. Соат бўлганидан кейин кун ҳам бўлиши керак. Демак, аввалги олтита рақам сана — 11-кун, 3-ой, 24 йил. J эса жума. Фақат 187М нима бўлиши мумкин? Метро, автобус рақами? Тошкентда Makro супермаркетлари ўрнини эгаллаётган Magnum’лар, билолмаяпман?
—Шуниси ҳам етарли, дея телефонини тезда ҳамёнига солди Нигора. Шу вақт бошим айлана бошлади, ўзимдан ўзим кулаётганимни сезяпман, лекин нега кулаётганимни билмайман, тўхтата олмаяпман. кўрпачага ўтирдим, хона айлана бошлади, кейин ўзим айланишни бошладим, сўнг ҳаммамиз айландик. Қолганини эслай олмайман. Орадан қанча вақт ўтди билмайман, бошим карахт бўлиб, кўзимни очсам, Капгир ҳам лабида табассум билан қотиб ётибди. Ташқарида тонг ота бошлабди, демак, туни билан шу кўйда думалабмиз. Юзига сув сепиб ўзига келтирдим. Нигорадан эса дарак йўқ, чойга қўшиб нимадир берган шекилли, бизни шу кўйга солди.
**************************************
—Энди нима қиламиз, Капгир?, дейишимни биламан хонамизга иккита барзанги бостириб келди. Дўстим билан мени бир қоп картишкани кўтаргандек, елкасига ортиб, пастга олиб тушди ва машинага ўтқизди. Мен ҳалиям нима бўлаётганини тушунмасдим.
Фикрларим сал тиниқлашиб, бу йигитлар боя эрталаб бизни олиб кетган корчалоннинг одамлари эканини эсладим. Бирининг боши японлар пластмасса идишга солиб ўстирадиган тарвуз каби тўртбурчак, иккинчисиники эса метан заправкада навбат талашиб тепки еган боланики каби бир тарафи пачоқроқ эди. Бунақа типажларни унутишим қийин. Манзилга етиб бордик.
—Капгир, ҳамма ишни кетига тиқдингизку, деб бақирди кеча бизга иш топширган эркак.
—Нима бўлди?, деди дўстим ҳам ҳеч нарсани тушунмагандек.
—Сиз бизнинг бир йиллик режамизни пучга чиқардингиз, махфий маълумотлар расшивровкасини Нигорага очиб бериб, ҳаммамизнинг бошимизни кунда остига қўйдиз.
Капгир ҳалиям нима бўлганини тушуна олмасди, қаерда хато қилди, наҳотки Нигора уни яна чув туширган бўлса… Хонадан яна димоғимга аввалроқ ўрнашиб қолган ифор урилди. Ҳа, бу ўша эди. Қўшни хонадан Нигора юзида ғолиблик қувончи билан чиқиб келди.
—Эҳ, Капгир мени чиндан ҳам севишингни билмасдим. Шунақа пайт ақлинг юрагингга енгилиб, нимани истасам муҳайё қилишга тайёр бўлиб қоласана? Уч кундан бери ёнингга юбораётган одамларим ўрнига эртароқ ўзим келсам бўларкан. Бир деганда муаммоимни ҳал қилиб бердинг.
—Нималар деяпти бу, сал тушунтириб беринглар, дедим охири чидолмай.
—Бизни едиришди Чўмич, деди Капгир. Квартирамизда боя фош этган рақамларим портлаш ўтказиладиган манзил эди. Булар 11 март санасида 187-сонли мактабда портлаш уюштириб, республикадаги барча мактабларни Миллий гвардия қўриқловига олишмоқчи бўлган. Бунақа воқеадан кейин жамоатчилик норозилик билдира олмасди, яхшигина асос бўларди. Моргдан олинган жасад эса, уларга қўлни қонга ботирмаслик учун сабаб эди холос. Нега олдинроқ англамадим ҳайронман.
—Портлашмактабда содир бўлса, болаларчи, болалар?
—Режа бўйича болаларга ҳеч нарса қилмаслиги, мурда «ўтирган» машина таълим даргоҳи яқинида портлаши керак эди, деди бояги амалдор. Лекин Нигора ушбу режамизга алоқадор эркакни бошини айлантириб, ундан хабар топгани боис, энди уни ўтказишдан маъни йўқ. «Б» режага ўтишга мажбурмиз?
—Буниси қанақа режа энди?, деб сўрадим мен.
—Унинг барча талабларини бажарамиз. Эвазига у бизга телефонини ва ундаги маълумотларни топширади. Ҳали ички ишлар органлари ходимларини тасвирга олишни қонунийлаштиришга оид режамиз тафсилотлари ҳам бор, камида.
—Шунчаки тортиб олсанглар бўлмайдими?, дедим.
—Пароль уч марта хато терилса, ундаги маълумотлар автоматик равишда «Каналлани додаси»ни админига жўнатилади. Уларни биласан, орқа-олдини суриштириб ўтирмай, босворади ва ҳаммаси тамом.
—Қийноққа солиб, паролни сўраб олсакчи?
—У шу пайтга қадар кўрган қийноқлар олдида, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, ўлса ўладики, айтмайди, дея тилга кирди охири Капгир. Ахир мен сени севардимку Нигор.
—Мен севгига ишонмайман Капгир. Мени фақат ўзим ва пул қизиқтиради.
Капгирни олдин ҳеч қачон бунақа тушкун аҳволда кўрган эмасман. Ҳақиқатда панд берганди. Балки ҳозир баҳор эмас, қиш ёки ёз бўлганида унинг мияси тиниқроқ ишлаб, бу аёлнинг найрагига тушмаган бўлармиди, билмадим. Нигора анави эркак олиб чиққан ҳужжатларга қўл қўйиб, телефонни топширди, барчаси ҳал бўлганидан кейин унинг паролини айтишга келишиб эшик томон йўналди.
—Тўхта, деди Капгир. Сен ҳам мени севасан.
—Қўйсангчи, наҳот шу гапларингга ўзинг ишонсан, бир-икки кўзимни сузиб, яхши гапирганимга мени яхши кўриб қолди, деб ўйладингми?
—Тўғри, севгининг кўзи кўр, лекин инсондаги биологик жараёнлар алдамайди. Телефонни менга беринг.
********************************************
Капгир қўлига телефонни олдида, уёқдан бу ёққа айлантира бошлади.
—Сен топиш осон бўлган паролни қўймаслигин тайин, албатта. Аммо бугун хато қилдинг. Боя квартирада кўкранигга бошимни қўйганимда юрак уришинг тезлашганини санадим. Бу ҳолни сунъий ҳосил қилиб бўлмайди, табиий пайдо бўлади. Севги бугун нафақат менга, балки сенга ҳам панд берди. Исталган сўз ёки рақам бугун ҳаётингни ўзгартириб юбориши мумкин эди, лекин одамлар паролга ўз муҳаббатлари исмини қўяди…
Капгир шундай дея телефонга ўз исмини — «Рустам» дея ёзиб киритди. Нигоранинг кўзларида ҳаяжондан катта-катта очилиб, лабида титроқ пайдо бўлди. Капгир тугмани босди. Ҳаммамиз ҳайрон қолдик, телефон очилмади, «тинг» этиб, хато киритилган пароль сигнали чиқди. Дўстим шошиб бу сафар «Капгир» деб ёзди. Нигоранинг кўзлари олдингидандан катталашди. Лекин бу пайт мен унинг кўзлари эмас, ҳаяжондан чуқур-чуқур олган нафаси сабаб тушиб чиқаётган кўксига қарардим. «Энди тамом, Капгир паролни» топди, дегандим, яна «тинг» этган овоз чиқди.
Нигора, ҳақиқий актриса экан, ўзини атайдан шундай тутиб, вазиятга қалтис тус берибди. Юзида табассум билан гап қотди:
—Учинчисини ҳам хато терсанг, ҳамма жойни вайрон қиласан.
—Капгир телефонни қайтаринг беринг, деб бақирди, анавий эркак.
Аммо Капгирни тўхтатишнинг иложи йўқ эди, хонтахта устида турган пичоққа шартта ёпишиб, Нигоранинг ўнг бош бармоғини кесиб олди. Бармоқни телефон сенсорига теккизган эди, қурилма очилди. Бу ёқда аёл «энажоон» деб йиғлаб ётибди, атроф қонга беланган, авани эркак шокда.
—Шуни бармоғини кесмасдан ҳам қилса бўлардику, Капгир, дедим мен.
—Мен бу бармоқни кесиб, ўз севгимни ўлдирдим…
**********************************
Ҳаммаси ижобий ҳал бўлди, биз квартирамизга қайтдик. Орадан икки кун ўтгач уйимизга келган майор Қодировнинг айтишича, шантаж қуролидан айрилган Нигорани қамоққа олиб кетаётган машина ЙТҲга учрабди, ундаги ҳамма ёниб кетибди. Аёлнинг жасадини экспертиза тасдиқлабди. Капгир эса шундан кейин «бу аёл» ҳақида ҳеч нарса демади. Мен эса куни кеча моргда ишлайдиган курсдошимдан 35-40 ёшли аёл жасадини Капгирга топиб берганим сабабини тушундим. У Нигорани ҳақиқатда севади, унинг қамоқда чиришга йўл қўя олмасди…
—Капгир, ички ишларга оид қонун қабул қилинишини қандай тўхтатасиз энди?
—Униси осон, «Лолазор» подкастидагиларга айтамиз, бир танқид қилиб беришса бўлгани, ўз-ўзидан лойиҳа тўхтаб қолади.