Рустам Капгир — “Блаа, топишмоқ”

Рустам Капгир — “Блаа, топишмоқ”

Капгир

Олдинлари Жиззахни чўлига шоли экардик. Чўл деганда кўпчилик, сувсиз Саудия Арабистонидаги саҳрони тушунади. Бизда чўл деб шоли экиладиган жойлар айтилади. Ғирт овлоқ дала дегани, қисқаси. Тўрт тарафга қараб 50 километр юрсанг ҳам атроф — шоли ёки макка. Май ойидан бошлаб то октябрь ойининг охирига қадар чўлда ўтарди умримиз. Қамишдан чайла қуриб ичида ётиб кетаверардик. Тошкентга кўчиб келганимдан бери нозиклашиб кетганманми дейман, сал нарсага шамоллайдиган бўлиб қолибман. Ёки терим юпқариб кетган. Бўлмасам октябрда ҳам чайлада яшаган одам, манетта ҳоким бова қачон отопленияни ёқишга рухсат беришини кутиб, дир-дир титраб озгина исиниш учун фен билан дазмолни ёқиб ўтирмаган бўларди. Капгиргаку фарқи йўқ, блаа. Ўтган ҳафта Telegram’дан битта канал очиб бергандим, шунга ўралашиб ўтирибди. Калласига келган нарсасини ёзиб ётибди. Бу ёқда блогерлар маъбуди мониторинг гуруҳи тузиб, ёлғон-яшиқ постларни ўчиришга ҳаракат қиляптию, Капгир бўлса… Кароче, ўзидан кўрсин, менга нима?!

—Капгир нима пост ёзяпсиз?, — дедим Mediapark’дан кредитга олган RedMi Note 7 телефонини чуқалаб ўтирган дўстимга.

—Битта шунақа зўр нарса ёзишга уринаяпмаки, уни ўқиган бошқа блогерлар “вах” деб ўзиларини каналида форвард қиворсин. Кейин каналимда одамлар кўпайиб кетади.

—Одамларни кўпайтириб нима қиласиз?

—Венком билан шартнома тузиб, соққа ишлайман. Қачонгача итқуварлик қиламан, уйда ўтириб шунча пул топаяптику одамлар.

—Пулни нима қиласиз кейин?

—Биллалашиб массажчи қизларга ёки анунақаларга борармидик. Ўзи бир опахон айтганидек, шу анунақаларни легаллаштириб, банк орқали кредит ёки рассрочкага ишлайдиган қилиб қўйиш керак. Пул йўғида ҳам бориб келаверардик...

Бу ҳеч қачон тузалмайди. Иккита дипломи, гулдек ҳунари бор одам блогерлик қилиб пул топармиш. Ишонаверинглар, дунёда иккита йи*ан одам бўлса биттаси шу Капгир. Агар улар битта бўлса…

Шу вақт доимгидек эшигимиз таққилади. Бориб очдим. Йўқ, улар битта эмас, камида иккита! Қаршимда Қодиров турарди. Тўғрида шу маҳалда — кечки соат 23:13 да бировнинг уйига келган одамни нима дейиш мумкин яна.

—Сизни кутиб ўтиргандик ўзи Қодиров, хуш келибсиз!

—Кесатманг, Чўмич. Зарур иш бўлмаганида бунақа вақт келмасдим. Капгир уйдами?

“Ҳа, уйдаман” деб ичкаридан бақирди Капгир. Қодиров туфлисини остонага ечиб, ичкарига кирди. Шу туфлини ечмасдан киргани яхшийди ундан кўра.

—Капгир жуда муҳим иш чиқиб қолди. Сизни ёрдамингиз керак.

—Қаршидами?

—Қаердан билдингиз? Бундан фақатгина уч кишининг хабар бор эдику?

—Шимизни орқаси кўп ўтирганиздан ғижимланиб кетибди. Сизга ўхшаган опер ходим қаерда кўп ўтириши мумкин, албатта, машинада. Демак, узоқ йўл юриб келяпсиз. Сиздан кийикўтни ҳиди чиқяпти. Кийикўт адирда ўсишини ҳисобга олсак, Бўстонлиқ ёки Зоминдан тўғри бизникига келдингиз деган бўлардим, лекин мен ҳаммасини кузатаман. Кеча Facebook’ка курсдошимни тўйига кетаяпман деб пост қолдирган экансиз.

—Лекин айнан қаерга кетаётганимни ёзганим йўқку?

—Гапимни бўлмай туринг. Сиз Аграр университетида ўқиб, кейин форма кийган пиджакциз (Пиджак — олий ҳарбий эмас, балки оддий олий таълим муассасасини тамомлаб форма кийганлар шунақа дейилади). Аграрда талабаларни учдан бир қисми қашқадарёлик бўлса, қолган қисми… улар ҳам қашқадарёлик. Бунинг устига кастюмингизни енгига яхшигина ёғ бўлибди. Ҳамма маълумотларни умумлаштирсак, Қаршида тўйда гўшт еб, орқасидан кийикўти чойдан ичиб ўтирган жойиздан келяпсиз.

—Лекин Қарши тахмини қаердан чиқди барибир, балки Чироқчи ёки Косондан келгандирман.

—Қўлиздаги гўштдан.

Қодиров хонага кириб, шунча вақтдан бери гапираётган бўлса ҳам қўлига эътибор бермаган эканман. Ишонсангиз қўлида бутун бошли қўйнинг битта сони турарди.

—Ие, буни машинага ташлаш эсдан чиқибди, хаёл билан бўлиб…

—Бизни музлатгичга қўйиб қўяверинг, такани гўштидан кўп есангиз ичиз кетиб қолади, деди Капгир.

—Така эмас, қўйни гўштику бу.

—Ана Чўмич мол дўхтирликка ўқиган, ишонмасангиз ундан сўранг. Бу такани гўшти. Фақат Қаршидагина семиз такани гўштини қўйники деб сотишади. Так что ҳамма гап мана шунда.

—Гўшт сизлардан айлансин, лекин мен билан кетмасангизлар бўлмайди. Ишни ҳал қилмасак, ҳаммамиз учиб кетамиз.

—Нима иш экан ўзи?, — деб қизиқсиндим мен.

—Пастда машина кутиб турибди. Тўрт соатда манзилда бўламиз, ҳаммасини ўша ерда тушунтиришади.

Мен Капгирга, Капгир менга бир он тикилиб қолдик. Дўстим, телефонини ўчирдида, кийининг ишорасини қилди. Йўлга тушадиган бўлдик.


********************************


Қодиров айтганидек, ростдан ҳам пастда машина, унинг ёнида эса кўзойнак таққан одам турган экан. Ҳайдовчи йигит шу бўлиб чиқди. Кўзимга жуда иссиқ кўринди. Аниқ қаердадир кўрганман, лекин эслай олмаяпман. Энди сўрайман дегандим, Капгир яна гап бошлаб қолди. Қодировга ўзининг Telegram каналини реклама қилди. Қанақ қилиб интернетдан пул ишлаш мумкинлиги ҳақида тушунтира кетди. Шу орада кўзим илинибди. Капгир туртгилаганидан уйғониб кетдим. Машинадан тушиб, кўзларимни ишқаладим. Атрофи сим деворлар билан ўргалган қандайдир жойга келибмиз.

—Қаердамиз Капгир?

—Қарши қамоқхонасида.

Бу ерга нега келдик? Бирор маҳбус ўз жонига қасд қилдимикан? Лекин шундақа оддий иш бўлса, бизни нега чақиришди. Ёки Капгирнинг постлари учун бизни қамаб қўйишмоқчими? Қодиров алдаб олиб келган бўлсая. Миямдан ҳар хил фикрлар ўта бошлади. Шу вақт эшик шарақ этиб очилди. Ичкаридан бир қўлида микрофон кўтарган аёл кўринди. Ёнида яна икки киши. Биз томон кела бошлади. Йўқ, микрофон эмас, дубинка экан.

—Капгир эртагача топмасак, тагимизга сув қуйиб, устимиздан ҳарсанг тошларни бостириб қўйишади.

Салом-алик, ҳол-аҳвол деган нарса аллақачон йўқолиб кетган шекилли, аёл тўғри вазиятни тушунтира кетди. Айтишича, ўзи кечадан бошлаб қамоқхонага катта нозир этиб тайинланган экан. Иккинчи кундаёқ ўта муҳим аҳамиятга эга маҳбуслардан бири қамоқдан қочиб кетибди. У маҳбус шунчалик аҳамиятга эга эмишки, қолган барча маҳбусларни қўшса ҳам унга чалпак бўлолмасмиш.

Аёлни ёнидаги икки нозир эътиборимни тортди. Бири озғинроқ, лекин соқол қўйиб олган. Кўринишидан носамимий йигит. Иккинчиси эса анча семиз. Ўнг қўлига шампур ушлаб олганига қараганда, қаердандир кабоб еб келяпти. Бунинг устига спиртни ҳиди аниқ-тиниқ менга — тўрт қадам беридаги одамга сезиляпти. Худдики иккисига ҳам бўлаётган воқеанинг умуман қизиғи йўқдек, совуққон.

—Ким қочиб кетди?, деб сўради Капгир.

—Исмини айта олмайман, лекин уни топиш йўлида кўрсатадиган ёрдамингиз учун кимлигини аҳамияти бўлмаса керак?!

Бунақа Капгирнинг тажрибаси ва маҳоратини шубҳа остига қўядиган саволлар унинг қитиқпатини ўйнатиб, текингаям ишлаб юборишга мажбур қилади.

Қамоқхонанинг учинчи қаватига кўтарилдик. Питбулни “Фрэдом” қўшиғи баланд овозда янграяпти. Сочида бир донаям туки йўқ маҳбуслардан бири пастга қараб “мусиқангни ўчир, бўлмасам мелиса чақираман” деб бақириб ётибди. Мелисамуш, гаранг.

Аёл бизни маҳбус қочиб кетган камерага бошлади. Камера эмас, Murad Buildings’Нинг Олой бозор яқинида қурган 4 хонали квартирасига ўхшайди. Facebook’ка ўтирволиб, уйни қимматлигидан нолийдиган тролларни машетга олиб келиш керак. Ҳамма шароит бор, яшармикан?! LCD телевизордан тортиб, мирковолновкагача бор. Бунинг устига ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқарилган, нақадар ватанпарвар маҳбус бўлмаса… Китоб жавонинику айтмаса ҳам бўлади. Марксни “Капитал”идан тортиб, Риштонни печкасигача бор. Ҳаммаси жавонга тахланган. Менимча, қаердагидир халқ кутубхонаси шу ерга ашқол-дашқоли билан кўчириб олиб келинган. Капгир ҳамма нарсани синчковлик билан кўздан кечира бошлади. Журналлар, қимматбаҳо сигарет қолдиқлари, почта жўнатмалари, диван, музлатгич ва ҳакозо. Икки соатга яқин ҳамма жойни титиб чиқди.

—Унинг камерадан чиқиб кетишига кимдир ёрдам кўрсатган, — деди ниҳоят Капгир. Биринчи навбатда шуни аниқлашимиз керак. Кеча якшанба эди. Якшанба куни маҳбуслар нима билан шуғуллади?

—Бу қаватда асосан оғир жиноятлар қилган одамлар сақлангани учун маҳбусларга руҳий босим ўтказиш амалиётидан фойдаланиб келамиз. Режа бўйича якшанба — дам олиш куни. Шунинг учун одатда эрта тонгдан маънавият хонасидаги телевизорнинг овозини баландлатиб, “Ислоҳотлар самараси” ёки “Муносабат” кўрсатувини қўйиб берамиз. Кеча ҳам худди шундай бўлди.

Капгир камеранинг бурчагида турган саватчани ковлай бошлади. Шу мусор титиши қолмадида, дўстимни. Капгир саватчани кўтарган эди остидаги саватча тушиб қолди. Саватча ичида саватча бор экан. Катта таги тешик саватчани ичидаги ғижимланган қоғозларни, “Даракчи”, “Чемпион плюс” газеталарини бирма-бир очиб кўриб ўқиб чиқди.—Бошқа қаватларни ҳам кўздан кечирсак бўладими?, — деб нозирга юзланди Капгир.

У ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини билдирди. Камерадан чиқиб, темир зина орқали пастга туша бошлади.

—Капгир боя саватчадан олган нарсангиз нима эди? Ғижимланган

қоғозлардан бирини билдирмасдан чўнтагига солганига кўзим тушганди.

—Ия, Чўмич кўзингиз ўткирлашибдими? Яхши томонга ўзгариш бор.

—Хўш нима экан ўзи?

—Ичида тайинли нарса ёзилмаган, проста қоғози эътиборимни тортди. Офис марткетни таклифномаларига ўхшаган қалин нақшинкор қоғоз экан. Бунақа қоғоз ҳамма жойда ҳам сотилавермайди.

Пастки қаватга тушдик. Ўнг қўлдаги маҳбус аёл телефонда гаплашиб, яқинларига мобил салом юбораётган экан, бизни кўрмай қолди. Нозир дубинка билан камера панжарасига бир урган эди, телефонини қўлидан тушириб юбораёзди. Тавба, қамоқхонада телефондан фойдаланиш мумкин бўлсая?! Айни вақтда асосий масала бошқа бўлганлиги учун йўлимизни давом этавердик. Капгир синчковлик билан ҳар бир камерани кузатиб кетди. Бу ерда ҳар турдаги одамни учратиш мумкин экан. Капгир кўринишидан ёш, бироқ семириб кетган маҳбуснинг камерасини олдида тўхтади.

—Исминг нима?, сўради Капгир.

—Нима ишинг бор!—Борзий экансанку, Отамуродов қаерда?

Аёл нозиримиз бирдан ёнидаги иккита шеригига қаради. Афтидан Капгир

кимни қидириш учун келганимизни аниқлаб бўлган ва буни бошқаларга ҳам ошкор қилишидан қўрқаётгани пирпираётган ясама мўйловидан маълум эди.—Сенга ўхшаган гейбашаралар билан гаплашиш западло, сур йўлингдан қолма, дея қўполлик қилди маҳбус.

Капгир менга, мен нозирларга қарадим.

—Бу аввал “Самарқанд мафияси”да бўлган. Шунга бурни осмон, ҳозир ишқалаб қўямиз.

Иккитаси шартта камерани очиб, қўпол маҳбусни калтаклай кетди. Кўп эмас, бор йўғи уч-тўрт марта урганди, 30 сония олдинги қўполлигидан асар ҳам қолмади. Қўлини кўксига қўйиб узр сўрай бошлади. Аҳволинг шу экан, нима қиласан катта гапириб, дейдиган одам йўқ.

Капгир унга бир нечта савол берди. Отамуродовга оид тайинли жавоб ололмади шекилли, яна темир йўлак орқали юришни давом этдик. Ярим соатга яқин учта қаватнинг барчасига кўз югуртириб чиқдик. Айланиб бир нарсани англаганим шу бўлдики, биринчи қаватда анча ғариб маҳбуслар сақланса, учинчи қават қўли узун қатлам учун экан. Учинчи қаватда сақланган маҳбус ҳечам биринчи қаватга қайтгиси келмаскан. Бу худди Америкага кетиб олиб, орга қайтишни истамайдиган талабанинг вазиятига ўхшайди. Иккинчи қаватда эса кўчани баланд-пастини кўриб қўйган, дунёқараши кенг аёллар, раковинани тагидан атрофни жим кузатадиган эркаклар, қандайдир жамоатчилик кенгашларига аралашиб урилиб кетган маҳбуслар сақланар экан.

—Биз кўрмаган бирор қават ёки подваллар қолмадими?

—Фақатгина карцер қолди.—У ерда кимдир сақланяптими?

—Ҳозир йўқ. Икки ойдан бери биттаси ўтирганди, ўтган ҳафта бошқа қамоқхонага ўтказиб юбордик. Оёғи оғир экан ланатини. Қайси камерага жойлаштирмайлик, ё сув тошиб кетади ўша ерда, ёки каламуш босиб кетади. Кейин ўша камера яроқсиз ҳолга келиб қоладида, ёпиб ташлашга тўғри келади. “Камералар кушандаси” дейишарди уни, шу сабабли карцерда сақлаётган эдик, бўлмасам бутун бошли қамоқхонамизда молиялаштириш тўхтаб қолиб, ёпилиб кетармиди дейман, — деди ҳамроҳ нозирлардан бири.

Айланиб-айланиб яна Отамуродовни камерасига қайтдик.

—Отамуродов қамоққа тушганидан бери шу ерда сақланадими ёки бошқа камерада ҳам ўтирганми?

—Биринчи келганида ўнг тарафидаги камерага жойлаштирилганди, — дея гап бошлади семиз нозир. Лекин камерасидан ишлатилган презик чиқавергач, бошқа жойга ўтказишимизни сўради ва ҳозирги жойига кўчирганмиз.

—Презик нима?. Олдин ҳеч бу сўзни эшитмаганим учун Капгирдан сўрадим.

—Уят Чўмич, уят! Шуни ҳам билмайсизми, уят-э! Презик бу асли инглизча сўз бўлиб, тўрт юз йил олдин доктор Чарлз Кондом томонидан Генрих VIII учун қўйнинг ичагидан ясалган эластик жисм.

—Ҳаа, чўзмасдан ган*он деб қўя қолмайсизми вей.

—Биларкансизку, нима қиласиз чалғитиб. Ишни қилайлик. Менга бир нарса ноаниқлигича қолмоқда. Отамуродов шу камерада сақланган бўлса, қандай қилиб, электрон панжаранинг эшигини очди. Унда махсус карта бор ёки навбатчилардан бири бунга ёрдам берган.

—Мен ҳар бир навбатчи билан алоҳида гаплашдим, уларнинг ҳеч бири постдан четга чиқмаган, Отамуродовнинг камерасига яқинлашмаган.

—Балки улар билан ўзим гаплашиб кўрарман, деди Капгир.

—Улар гапирадиган аҳволда эмас.

Нозирларни каттаси бизни бир хонага бошлади. Кирсак учтасининг оғзи-бурни қонга беланиб, инқиллаб ётибди.

—Бу ўша навбатчилар, агар бирор нимани билганида тан олишарди.

—Дабдаласини чиқариб юборибсизларку буларни. Энди гаплаша олмасам керак.

—Тергов қилиш сизга оёқни чалкаштирволиб, каминни олдида Тошкент ҳокимидан интервю олиш эмас. Қаттиқ туриш керак.

—Булар ўзига келгач устингиздан шикоят қилишмайдими?

—Кимга қилади?

—Милицияга, прокуратурага, ана боринг депутатларга ёзар.

—Милиция билан прокуратура ўзимиздан-ку, қамоқхонадаги навбатчилар қанақа соққа қилишини яхши билишади. Шикоят билан келса, кетига тепиб жўнатворишади. Депутатларга келсак, у сизлар тарафда депутатлар халқни дардини эшитади, тонировкаларни йўқ қилиб беради. Бизда эса депутатни уни хотиниям танимайди. Галстук тақиб эрталаб кўчага чиқиб кетганига бирор мактабда ишласа керак деб юраверади.

—Унда биринчи вариант қолади, дедим ўзимча ақллилик қилиб.

—Чўмичнинг фикрида жон бор. Унга қамоқхонадагилар ёрдам беришмаган бўлса, ундан юқорироқдагилар кўмаклашган бўлиши мумкин. Бизни Чўмич билан шу ерда ёлғиз қолдирганлариз маъқул. Ўйлаб кўришим керак.

—Капгир эрталабки ҳисоботни беришимга бир неча соат қолди, илтимос, тезроқ бирор йўлини топайлик.

—Қистайверганиз билан иш тезлашмайди, мен ўтириб ҳамма нарсани ўйлаб кўришим керак.



*******************************************



Тўғри бу Капгирнинг усули. Айни ёнаётган вақтда бир нуқтага тикилиб ўтириб оладида, миясида бир нималарни ҳисоб-китоб қила бошлайди. Аксарият ҳолларда бу фойда беради, лекин ҳозир қийин бўлса керак… Бизни ҳоли қолдиришди. Анави бошлиқ аёл, бирор ёрдам керак бўлса, фақат ўзига мурожаат қилишимизни айтиб, визиткасини ташлаб кетди. Агар телефон қилиб тушолмасак, Рашидани чақиринглар десак бўлди, етиб келаркан. Аёлни исми Рашида эканлигини энди билибман вей. Биз эса яна Отамуродовни камерасига кириб, диванига чўзилдик. Капгир чўнтагидаги қоғозни олиб, ҳидлаб кўрди, чироқнинг ёруғига тутиб, бир нималарни ўқишга уринди. Қоғозчада фақат сана ва соатдан бошқа ҳеч нима ёзилмаган. Мен эса қочоқ маҳбусимизнинг китоб жавонларини кўздан кечира бошладим. Асосан иқтисодга, иқтисодий масалаларни ривожлантиришга оид китоблар экан. Ўғирликни шу китобларга ўрганган бўлса керак, хойнахой…

—Чўмич, қаршингиздаги китоб жавонида бошқа китоблардан ажралиб турган бирор нимани пайқаяпсизми?

—Камасутра китобини айтаяпсизми Капгир?

—Тепа полкада Арсен Эммануэл билан Бокаччонинг китобларини кўргандим, Камасутра ёлғиз эмас.

—Унда билмадим, китоблар кўп экан, ҳаммасини номини ўқиб чиқишга улгурмадим.

—Ўрта қатордаги чап тарафдаги китоблар орасида “Абитуриентлар учун тест тўплами” нима қиляпти?

—Балки, қочоқ маҳбусимиз бирор универга сиртқига топширмоқчидир, билмаймизку.

—Биринчидан, сиртқи учун тест шартмас, контрактини тўласангиз бўлди. Озгина ўзизни бечорага солсангиз, абитуриентлар Кришнаси контрактизни ҳам тўлаб беради. Айтганча маҳбус кимлигини билганизда унга ўқиш, айниқса, сиртқида ўқишнинг ҳеч ҳам кераги йўқлигини билиб олган бўлардингиз. Айнан ўша тўплам ортиқчадек.

—Китобни қўлимга олгандим, ичидан бир қоғозча ерда тушди.

—Менга олиб келингчи.

Капгир ҳеч нима ёзилмаган қоғозни қўлида айлантириб, томоша қилиб кўрди.

—Худди бояги қоғозга ўхшаркан. Фақат бунга ҳеч нима ёзилмаган. Девордаги осиғлиқ календарга кўзингиз тушдими Чўмич?

—Ҳа, Мила Кунисни расми бор календарни айтаяпсизми? Кўрдим. Турли саналар қизил билан белгиланган экан. Ҳатто бугунги кунни — қочиб кетиш санасини ҳам белгилаб қўйибди. Афтидан у буни узоқ вақт режалаштирган кўринади.

—Менимча, ундай эмас. Бўлмасам маҳбус камерадаги нарсаларини шундоқ ташлаб кетмаган, ўзини фош қилиши мумкин бўлган барча нарсани йўқ қилиб кетган бўларди.

—Фош қилиш? Қани нимани фош қиляпсиз? Келганимиздан бери бирор нимани аниқлай олмадикку.

—Сабр қилинг дўстим, сабр…

Капгир шундай дея жорий йилнинг календарини олдига бориб, бир нималарни ҳисоблай бошлади. Бир китоблар орасидан ниманидир қидиради, Рашидага қўнғироқ қилиб, маҳбуснинг қариндошлари ҳақида маълумот сўрайдимиэй, дедворга термулиб ўзида бу ердан қочишнинг йўлини тузадимиэй. Қисқаси бирор сезиларли ўсиш бўлмади. Тонг ота бошлади. Қочоқ маҳбусни топа олмадик.

—Капгир энди нима бўлади?

—Ҳеч нима бўлмайди. Рашидани чақиринг, бизга белгиланган вақт тугашига озгина қолди.

Уч дақиқа ўтар-ўтмас, нозирларнинг каттаси етиб келди.

—Нима бўлди, бирор нима аниқладингларми?

—Ҳа, деди Капгир. Уни сиз қочириб юборгансиз!

—Оғзингизга қараб гапиринг, тухмат қилганингиз учун жавоб беришга тўғри келиб қолмасин.

—Нега айнан шу қамоқхонага тайинландингиз? Бунга қадар Бекободдаги қамоқхонада ишлагансизку, шундайми?

—Сиз буни қаердан биласиз?

—Мана бундан, дея Капгир Отамуродовнинг жавонда турган курсдошлари билан тушган расмини олиб кўрсатди. Орқада турган кўзлари катта-катта қиз сиз-ку тўғрими?

Капгирни кастюмидан тортдим.

—Каллангиз жойидами капгир, кўрмаяпсизми буни кўзи пискаку.

—Сиз қочоқ маҳбусимиз билан бир жойда ўқигансиз, кейин ҳамманинг йўли бошқа-бошқа томонга қараб кетган. Сиз қамоқхона йўналиши бўйича кетгансиз, бу кишим эса прокурорлик бўйича. Орадан шунча йил ўтиб иккингизни мана шу ер бирлаштирди ва эртасига кунига уни қочириб юбордингиз.

—Қочириб юбормадим, бир кунга жавоб бердим халос, — деди Рашида кўзлари ёшга тўлиб.

—Яширадиган нарса қолмади, борини айтаверинг.

—Расм жуда эски ва орадан шунча йил ўтиб ҳаммамиз ўзгариб кетган бўлсакда, қанақ қилиб аниқладигиз билмадиме, леки ҳақсиз. Биз у билан курсдош эдик. Ростдан ҳам кеча Бекободдаги қамоқхона нозирилигидан бу ерга бошлиқ лавозимига буйруғим чиқди. Курсдошим шу ерда сақланаётганидан ҳам хабарим бор эди. Келишим билан биринчи бўлиб у билан кўришдим. Қизининг туғилган кунига ярим кунга жавоб сўради, бермадим. Лекин кеча кечқурун вилоятни каттаконларидан бири телефон қилиб, унга жавоб беришим кераклигини, бўлмаса мендан олдинги бошлиққа ўхшаб тасодифан аварияга учрашим мумкинлигини айтишди. Ноилож тушликкача рухсат бердим. Лекин у гапида турмади ва айтилган вақтда қайтиб келмади. Уйига одам жўнатдим, топа олишмади. У мени алдаб кетди. Ишонинг менинг бошқа иложим йўқ эди. Агар босим ўтказишмаганида курсдошим бўлсада унга жавоб бермаган бўлардим. Энди ҳар қанақасига ўзим ҳам қамаламан.

—Қамалмайсиз, — деди Капгир.

Шу вақтда Рашиданинг телефони жиринглаб қолди. Жавоб бериш-бермасликка иккиланиб, барибир гўшакни кўтарди.

—Ростданми? Адашмаяпсанларми? Тезда олиб кирларинг.

—Нима бўлди, деб сўрадим.

—Отамуродов қайтиб келибди.

Капгир мийиғида кулиб қўйди. Худди шундай бўлиши керакдек.

—Кетдик, Чўмич. Бу ерда қиладиган ишимиз қолмади.

—Отамуродов билан кўришмаймизми? Нима бўлганини, нега қайтиб келганини билиб олайлик ҳеч бўлмаса.

—Шартмас…

Капгир чиқиб кетди. Мен ҳам ноилож ортидан эргашдим. Пастда бизни бу ерга олиб келган машина ҳали ҳам турган экан. Қодиров ҳам ичида телефонидан бошини кўтармай, бир нималар билан банд.

—Капгир маҳбус қайтиб келибдику, энди қайтсак ҳам бўлар?

—Бўлади, деди Капгир.

*********************************

Яна йўлга чиқдик. Капгирни гапга солиш-солмаслик ҳақида ўйлаб кетардим. Ҳозир сўрасам айтадими ёки уйга боргандан кейин ўзи бафуржа ёрилармикан. Биламан барибир ичида сақлаб тура олмайди, мақтангиси келиб кетиб айтиб беради. Феълини билганим учун ҳеч нима сўрамасдан, бошимни ўриндиқнинг суянчиғига қўйгунча уйқуга берилдим. Уйимизга етиб келганда кўзимни очдим. Тушлик вақти бўлиб қолаёзибди. Қодиров билан хайрлашиб, квартирамизга кўтарилдик. Капгир иккита-иккитадан тухум қовурди. Яхшигина оч қолган эканмиз, паққос тушира бошладик.

—Сўранг, деди Капгир охири чидолмасдан.

—Сўрамасам ҳам аятсизку, дедим мен.

—Балки айтмасман.

—Айтмасангиз канализга ёзасиз, ўша ердан ўқиб олавераман… Майли бир бошидан айта қолинг, Рашида Бекободдаги қамоқхонада ишлаганини қаердан билдингиз. Ахир 20 йил олдинги расм билан унинг ҳозирги кўринишида фарқ бор эдику.

—Бу қийин эмас, дўстим. Фақат яхшилаб диққатни жамласангиз кифоя. Йиллар ўтсада ўзгармайдиган қулоқ ва бурун тузилишлари ва йиллар ўтсада таъсир кўрсатадиган кўз ва юришдаги хатти-ҳаракатлар. Маҳбуснинг камерасидан топилган қоғоз парчалари нозирники билан битта фирмага тегишли эканлиги. Барчаси оддий. Сиз Отамуродов қайтиб келишини қаердан билганимни сўранг.

—Сўрадим, айтингчи.

—Календардан. Кўрган бўлсангиз календаря бешта сана қизил билан белгиланган эди. Хусусан, кечаги кун ҳам. Рашида айтганидек, кеча Отамуродовнинг қизини туғилган куни бўлган ва у қамоқхонадан чиқиб уйига борган. Қандай чиққанини эса Рашида айтиб берди. Ўзи саналар нега белгиланган? Отамуродов ўз оила аъзоларининг туғилган куни белгилаган деб олсак, календарда бундан бир ой кейинги сана ҳам белгиланган эди. Маҳбусимизда бу ердан қочиб кетиш нияти бўлмаган. Рашиданинг бу қамоқхонага ўтказилиши тасодиф бўлмаганидек, у қамоқдан қочиб кетишни режалаштирмаган. Қочиб қаерга ҳам боради? Шундай таниқли одам ва бўйнига қўйилган жиноятлар бўйича ҳеч ерда яшиниб юра олмайди. Ундан кўра шу қамоқхона тинчроқ. Бор гап шу. Ҳаммаси оддий эди.

—Рашидага ким қўнғироқ қилиб босим ўтказган унақада?

—Уни ҳам аниқладим. Бир-икки кунда униям ишдан олишиб, бирор пастроқ лавозимга жўнатиб юборишар. Қодировга бу ҳақда маълумот бериб қўйдим.

—Шу ҳам жиноят очиш бўлдию. Фаолиятингиздаги энг зерикарли иш шу бўлса керак Капгир!

—Балки, лекин мен санаб ўтган ўттиз бир кишини кимлигини билдингизми?

—Қайси ўттиз бир киши?

—Демак, шунда гапирган гапларим бир тийин бўлибди.

Капгир ўрнидан туриб кроватга бориб ётиб олди. Нима ҳақда гапирганини тўғриси тушунганим ҳам йўқ. Ўзимча бир нималарни эслашга уриндим, барибир кимларни назарда тутганини англай олмадим.

—Вой чўрт, Чўмич. Қодиров Telegram канал очибди. Блят одами меникидан кўп. Нима ҳамма мелисларни мажбурий обуна қилдираяптими бу галварс. Чўмич яна бирор марта иш бор деб келса, пашшол деворинг, энди ёрдам берганим бўлсин!..


Report Page