Росулуллоҳ (ﷺ) ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар

Росулуллоҳ (ﷺ) ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар

Сайфуллоҳ Носир саҳифаси

Бир қадрли биродар пайғамбар алайҳиссалом хусусиятлари тўпланган тартибли узун нуқталарни келтириб, "шуларнинг барчаси тўғрими? Маълумот берсангиз" деб хат ёзган эди. 

Қуйида ўша нуқталарни келтириб, жавобини ҳар бир маълумот остида, қавслар орасида қўйдим.

=====

1. Росулуллоҳ (ﷺ) Одам алайҳиссалом ҳали руҳ ва жасад орасида турганларида у зот (ﷺ) набий эдилар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис келган).

2. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг Одам алайҳиссаломгача бўлган насабларидаги кишиларга бирор фаҳш иш етмаган.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳасан ҳадис келган. Ақл ҳам буни тақозо этади).

3. Росулуллоҳ (ﷺ) Аҳмад (Аллоҳга энг кўп ҳамд айтувчи) деб номландилар. У зотдан олдин бирор киши бундай ном билан номланмаган.

🔹(Тўғри. Тарихчилар буни таъкидлаган) 

4. Росулуллоҳ (ﷺ) кечаси оч қоринда ухлаб, тонгда қоринлари тўқ ҳолда уйғонардилар. Аллоҳ у зотни таомлантириб қўяр эди.

🔹(Бу - саҳиҳайнда келган ҳадис тақозоси ила айтилган гап. 

У ҳадис қуйидагича: пайғамбар алайҳиссалом висол (рўзани саҳарлик-ифторлик қилмай улаб тутиш)дан қайтардилар. Саҳобалар "сиз қиласизку" дейишди. Шунда пайғамбар алайҳиссалом "Мен сизлардек эмасман. Мени Раббим едириб, ичириб туради" дедилар.

Бироқ, бу гапнинг маъносида уламолар ихтилофга борганлар. Баъзилар "бунинг маъноси шуки, Аллоҳ у зотга еб-ичиб юрган кишининг қувватини беради" деган. Баъзилар эса, "Аллоҳ у зотни тўқ қилиб, еб-ичишга эҳтиёжни кесиб қўяди", деган. Айрим аҳли илмлар эса, "у зотни ухлаганларида Аллоҳ едириб қўяди" деган. Яна айримлар "ухлаш орқали у кишида куч пайдо бўлади" деган. Хуллас, юқоридаги гап ҳадис маъноларидан биридир. 

5. Росулуллоҳ (ﷺ) олд томонни қандай кўрсалар, орқа томонни ҳам ҳудди шундай кўрардилар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар келган). 

6. Росулуллоҳ (ﷺ) кундузи қандай кўрсалар, қоронғу кечани ҳам ҳудди шундай кўрардилар.

🔹(Бу ҳақда бир-икки манбада ҳадис келган. Бироқ, санадида бироз заифлик бор. Пайғамбар алайҳиссалом мўъжизаларини тўплаган уламолар китобларида бу хусусиятни келтиришмайди). 

7. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг тупуклари шўр сувни ҳам чучук қилар эди.

🔹(Бунга ҳам худди олтинчи нуқтадаги гап жавоб).

8. Росулуллоҳ (ﷺ) душманларнинг қалбига бир ойлик масофадан қўрқув солардилар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳадислар собит). 

9. Росулуллоҳ (ﷺ) бирор марта ҳам эснамаганлар.

🔹(Имом Бухорий Тарихи кабирда ва бошқа айрим уламолар шу маънода мурсал ҳадис келтиришган. Саҳиҳда келган "эснаш шайтондан" деган ҳадиси шариф буни қувватлайди).

10. Росулуллоҳ (ﷺ) ва бошқа пайғамбарлар ҳеч қачон эҳтилом бўлишмаган.

🔹(Эҳтилом деганда уйқуда шайтон ўйнаб, ундан сўнг ҳосил бўладиган иш назарда тутилган бўлса, тўғри, бундай иш пайғамбарларга ҳосил бўлиши дуруст эмас. Зеро, пайғамбарлар шайтонлардан ҳимоя этилган маъсум зотлардир.

Агар бундан шайтон ўйнамаса ҳам манийнинг чиқиши назарда тутилган бўлса, бу воқе бўлиши мумкин). 

11. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг терлари мушкдан ҳам ҳушбўй бўлган.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳадислар собит).

12. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг соялари бўлмаган. У зот тамомила нур бўлганлар.

🔹(Нотўғри. Буни гарчи айрим уламолар айрим ҳадислардан истинбот ўлароқ хулоса қилиб чиқарган бўлса-да, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг худди бошқалардек соялари бўлганлиги, бошқалардек дарахт ва уйлар сояси орқали қуёшдан паналанганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар кўп.

Агар бундай мўъжизавий хусусиятлари у зотда чиндан ҳам бўлганида, доим ёнида юрган саҳобалар ҳикоя қилган бўлар эди). 

13. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг кийимларига бирор марта ҳам пашша қўнмаган.

🔹(Қози Иёз ва яна айрим уламолар буни ҳадис келтирмасдан, пайғамбар алайҳиссалом хусусиятларидан деб айтиб ўтишган. Бу ҳақда собит бир нақл топа олмадим. Валлоҳу аълам). 

14. Росулуллоҳ (ﷺ)ни бирор марта бурга ва ҳашарот чақиб, азият бермаган.

🔹(Буни ҳам юқоридагидек айрим сийрат уламолари хусусиятлардан бири сифатида келтиришган эса-да, бунинг аксини ифодаловчи ҳадислар мавжуд. Ибн Можа сунани ва бошқа ҳадис манбаларида пайғамбар алайҳиссаломни чаён чақиб олганлиги ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган).

15. Росулуллоҳ (ﷺ) минган улов бирор марта тезак ташламаган, бавл қилмаган.

🔹(Айримлар санадсиз ҳолда пайғамбар алайҳиссалом хусусиятларидан, деб айтиб ўтишган. Изланиб бу борада ҳам собит нақл топа олмадим).

16. Росулуллоҳ (ﷺ) дунёга келганларида коҳинлар осмондан хабар ололмай қолишган.

🔹(Ҳа. Сийрат манбаларида бу нарса айтиб ўтилади). 

17. Росулуллоҳ (ﷺ) Меърож кечаси барча пайғамбарлар ва фаришталарга имом бўлиб намоз ўқиганлар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳадислар собит). 

18. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг умматларига бутун ер юзи масжид қилиб берилган.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳадислар собит). 

19. Росулуллоҳ (ﷺ) бошқа пайғамбарлар даврида келганларида, бошқа пайғамбарлар у зотга уммат бўлар эдилар.

🔹(Тўғри. Уламолар бу хулосани Оли Имрон сураси 81- ояти тақозоси ҳамда бошқа айрим ҳадислар тақозосига кўра айтиб ўтишган).

21. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг саҳобаларига у зотнинг овозларидан баланд овозда гапириш ҳаром қилинган (Ҳужурот 2).

🔹(Тўғри).

22. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг ҳузурларига фаришта Исрофил алайҳиссалом тушганлар. Бу фаришта у зотдан олдин ҳеч қайси пайғамбарга тушмаган эдилар.

🔹(Айрим сийрат соҳиблари бу хусусиятни ҳам айтиб ўтишади...)

23. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилгандир (Фатҳ 1-2).

🔹(Тўғри).

24. Вафот эткан бандадан қабрда Росулуллоҳ (ﷺ) ҳақида сўралади, бошқа пайғамбарлар ҳақида сўралмайди.

🔹(Тўғри).

25. Росулуллоҳ (ﷺ)ни тушида кўрган, ҳақиқатдан ҳам кўрган бўлади. Чунки шайтон у зотнинг суъратига кира олмайди.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда ҳадислар собит). 

26. Росулуллоҳ (ﷺ) бир кишини чақирсалар, ўша инсон намоз ўқиётган бўлса ҳам, у зотга жавоб бериши вожиб бўлган.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит).

27. Росулуллоҳ (ﷺ) вафот этканларида саҳобалар имомсиз гуруҳ-гуруҳ бўлиб жаноза ўқиганлар. Ва бу намозларда Жанозадаги машҳур дуо ўқилмаган.

🔹(Тўғри. Аммо жанозаларида машҳур дуо ўқилмагани ҳақда бирон нақл билмайман. Лекин пайғамбар алайҳиссаломдек ўтгану кетган гуноҳлари кечирилган зотга машҳур дуо ўқилмаган бўлиши мантиқан тўғри).

28. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг муборак баданлари чиримайди.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит).

29. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг қабрларига бир фаришта муваккал қилиниб, у зотга саловот айтганларнинг саловотларини етказиб туради.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит. Лекин тўғрироғи, бир эмас, бир нечта фаришта муваккал қилинган).

30. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг қабрлари Қиёматда биринчи очилади. Охиратда у зот етмиш минг фариштанинг қуршовида бўладилар.

🔹(Тўғри, қабрлари биринчи очилади. Лекин 70 000 фаришта қуршовида бўлишлари ҳақида собит нақл топа олмадим).

31. Росулуллоҳ (ﷺ) Сиротдан биринчи бўлиб ўтадилар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит). 

32. Росулуллоҳ (ﷺ) Маҳшарга Буроқ деган отга минган ҳолларида келадилар.

🔹(Айрим сийрат соҳиблари санадсиз айтиб ўтишган. Бу ҳақда собит нақл топа олмадим).

33. Росулуллоҳ (ﷺ) Маҳшар куни Аршнинг ўнг томонида шундай мақомда турадиларки, у зотдан бошқа ҳеч ким у ерда турмайди.

🔹(Тўғри. Айрим уламолар пайғамбар алайҳиссаломга бериладиган мақоми маҳмуд - мақтовли мақомни шундай тафсир қилган).

34. Росулуллоҳ (ﷺ) Жаннатга биринчи бўлиб кирадилар.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит).

35. Росулуллоҳ (ﷺ)нинг умматлари Қиёмат куни биринчи сўроқ қилинади.

🔹(Тўғри. Бу ҳақда келган ҳадислар собит). 

======

Аллоҳ таоло у зотга беҳисоб салавоту салом йўлласин. Барчамизга у зот суннатларига пайравлик қилишни насиб қилсин.

Сайфуллоҳ Носир

http://t.me/sayfulloh_nosir

Report Page