Ростов-на-Донуда “Ўзбекистон-Россия: икки давлатнинг ижтимоий-сиёсий аспектлари” мавзусига бағишланган муҳокамалар доираси бўлиб ўтди

Ростов-на-Донуда “Ўзбекистон-Россия: икки давлатнинг ижтимоий-сиёсий аспектлари” мавзусига бағишланган муҳокамалар доираси бўлиб ўтди



December 04, 2019

Ростов-на-Дону шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консуллиги томонидан “Ўзбекистон-Россия: икки давлатнинг ижтимоий-сиёсий аспектлари” мавзусидаги муҳокамалар доираси ташкил этилди. Тадбир РФ жанубидаги энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаси – Ростов Давлат иқтисодиёт университети ("РИНХ") майдонида ОТМ президенти А.У.Альбеков ҳамда ректори Е.Н.Макаренко иштирокида бўлиб ўтди.


Россия томондан расмийлар, дипломатик корпус, бизнес доиралар, академик ва илмий доиралар вакиллари, жамоат арбоблари, "РИНХ" талаба ва аспирантлари иштирок этишди.


Тадбир доирасида иштирокчиларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


Шу билан бирга, Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган парламент сайловлари, таълим, туризм ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларга катта эътибор қаратилди.


Спикерлар ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатли ва конструктив алоқаларга йўналтирилган янги ташқи сиёсатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.


Шундан сўнг томонлар Ўзбекистон-Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан таълим тизими ва Ўзбекистонда қурилажак АЭС учун мутахассисларнинг Ростов вилоятида таҳсил олиши масалаларини муҳокама қилишди.

Таъкидлаш жоизки, муҳокамалар доирасида Ростов вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон ОТМлари делегацияси ҳам фаол қатнашди. Тошкент Давлат техника университети, Турин политехника университетининг Тошкент филиали ҳамда Андижон машинасозлик институти ректорлари расмий чиқишлардан кейинги фикрлар алмашинувида фаол иштирок этиб, форум иштирокчиларининг кўп сонли саволларига жавоб беришди.


Бундан ташқари, Ўзбекистон ОТМлари делегациясининг “РИНХ” Ростов давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти билан учрашуви ўтказилиб, унда томонлар олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.


Тадбир якунига кўра, Андижон машинасозлик институти ҳамда “РИНХ” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат шунингдек Андижон ОТМсида янги бухгалтерлик ҳисоби ва аудит, логистика ва ахборот хавфсизлиги кафедралари очилиши масаласини ишлаб чиқишни кўзда тутади.


Муҳокамалар доираси РФ Қонунчилик кенгаши, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Ростов вилояти жамоатчилик палатаси, Бутунроссия халқ фронти ҳудудий бўлими ҳамда Ростов-на-Дону шаҳри жамоатчилик палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган.


Report Page