Россияда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этиш чоралари

Россияда Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини ташкил этиш чоралари

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева иштирокида ўтказилган брифинг тафсилотлари:

Ўтган ҳафтанинг 10-11 сентябрь кунлари Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари Андрей Пудов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.

Қурилиш ва уй-жой хўжалиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Роструд, Москва ҳукумати ҳамда “Роскапстрой”, “Нострой”, “Наймикс”, “Альмас-интеграл”, “ПИК индастри”, “Ренессанс Хэви Индастрис”, “Яндекс” каби йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делегация аъзолари пойтахтимиздаги “Ишга марҳамат” мономарказида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган қатор учрашувлар ўтказди.

Ташриф доирасида “Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш” ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек, икки давлат тегишли вазирлик ва идоралар масъул вакиллари иштирокида фуқароларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш, меҳнат мигрантлари соғлиғини муҳофаза қилиш, ички ишлар органлари ваколатига тегишли масалаларга бағишланган муҳокамалар олиб борилди. Шу пайтгача Россия Федерациясига ишга борувчи фуқаролар патент ҳужжатини олиши учун ўша мамлакатда 5 хил турдаги тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда бармоқ изини ички ишлар базасига киритиши учун 1 ойгача бўлган муддат талаб қилинар эди. Россиялик ҳамкорлар билан қатор учрашув ва музокаралар натижасида шу каби ишлар эндиликда Ўзбекистонда амалга оширилиб, ишчилар тайёр ҳолатда Россия меҳнат бозорига кириб борадиган бўлди.

Россия Федерацияси меҳнат миграцияси бўйича делегациясининг мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича қуйидагиларга эришилди:

✔️ 1. Қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида 10 минг меҳнат мигранти яқин вақт давомида соддалаштирилган тартиб асосида Ўзбекистондан Россияга ишга жалб қилинади.

Номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.

  ✔️ 2. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни “COVID-19сиз саёҳат” иловаси тизимига интеграция қилиш белгиланди.

✔️ 3. Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширишга келишиб олинди. Таъкидлаш жоиз, икки давлат ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида эришилган ушбу келишувлар Россия Федерациясида ишлаш истагида бўлган кўплаб юртдошларимиз учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига олиб келади.