Россия мудофаа вазири Бухорога келди
Buxoro.uzБугун, 27 апрель куни Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Бухорога келди. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар кутиб олишди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Жумладан, меҳмонлар дастлаб “Ситораи Моҳи хосса” мажмуасини бориб кўришди.
Бухоро шаҳридан тахминан 4 км узоқликда жойлашган, Бухоро амирларининг ёзги қароргоҳи вазифасини ўтаган бу маскандаги халқимиз ақл-заковати маҳсули бўлган осори-атиқалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Эртаклардаги қасрларни ёдга солувчи бу маскандаги ҳар бир манзара, ҳар бир безакни ҳайрат билан томоша қилишди.
Шунингдек, меҳмонлар Бухоронинг марказий майдонларидан бири саналган, Кўкалдош, Девонбеги мадрасалари ҳамда Девонбеги ҳонақоҳи биноларидан ташкил топган Лаби Ҳовуз меъморий ансамблини бориб кўришди.
Ташриф дастуридан икки мамлакат мудофаа идораларининг раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Йиғилиш давомида бир қатор масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати