Ромитан: Ибн Сино маҳалласининг ҳам миришкорлари бор...

Ромитан: Ибн Сино маҳалласининг ҳам миришкорлари бор...


Касаначиликни ривожлантириш орқали оила даромадини ошириш, уй меҳнатидан фойдаланиб ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш туфайли иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартириш, қолаверса, улар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Бу борада 2018 йилдан ижтимоий вазияти оғир опа-сингилларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги механизми ишлаб чиқилгани, жамиятимизда “Аёллар дафтари” тушунчаси пайдо бўлгани ва бугунгача ушбу тизим орқали вилоятимизда ҳам юзлаб хотин-қиз турмуш шароити яхшиланаётгани мақсадга мувофиқдир. Айни кунда Ромитан туманида ҳам бу ташаббус самарали ташкил этилган. Мададга муҳтож хотин-қизларни рўйхатга олишда шаффоф, ижтимоий адолат мезони асосида иш кўрилиб, маҳалланинг ўзида субсидия, имтиёзли кредитлар орқали уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Биргина Ибн Сино маҳалласини олсак, бугунга келиб 750 та хонадон, 784 та оила ва уларда жами 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда олиб борилган ўрганишлар натижасида шу йил бошида 148 та кам даромадли ёки ижтимоий муҳофазага олинган оила, шунингдек, 155 та ишсиз фуқаро борлиги аён бўлган. Эрта баҳордан маҳалла аҳолиси тасарруфидаги 200 гектардан ортиқ томорқа еридан самарали фойдаланишга доир тарғибот ишлари жонлантирилиб, эҳтиёжманд, меҳнатга лаёқатли ўнлаб хонадонга 1,8 гектар ер майдони 10-20 сотих атрофида тақсимлаб берилган. Айни баҳор ойларида 20 та оилага товуқ, қўй-эчки, асалари уяси кабилар тарқатиб берилгани туфайли яна ўнлаб маҳалладошга қўшимча даромад манбаи яратилган.

—Маҳалладаги 4 та қишлоқда ҳозирда 1500 нафарга яқин хотин-қиз истиқомат қилаётган бўлиб, улар дуч келаётган ташвиш-муаммоларни ҳал қилишга бор куч-имкониятимизни қаратмоқдамиз,—дейди “Ибн Сино” МФЙ хотин қизлар фаоли Ҳ. Султонова.—Масалан, Навбаҳор Нарзуллаева ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан бири эди. Эндиликда унга оилавий шароитини яхшилаш, ишлаб даромад топиши учун имтиёзли тартибда 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобига иккита тикувчилик машинаси  олиб берилгани қулай имконият бўлди. Навбаҳор ўз ҳаракати ва маҳалла ёрдами билан кичик цех очишга ҳам эришди ва буюртма асосида кийим-кечак тикиб тайёрлашни йўлга қўйиб, бу кичик цехида 5 нафар ишсиз хотин-қизни иш билан таъминламоқда.

Маҳалланинг Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Зарина Аҳмадова ҳам ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида 66 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб олиб, эвазига ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаб сотиш орқали ўз тадбиркорлик ишини бошлаган. Ҳозирда кичик корхонада 2 нафар ишчи кучи бандлиги таъминлангани ҳолда кунлик даромадга эришилмоқда.

Томорқасида меҳнат қилиб, миллионлаб даромад топаётган миришкор хўжаликлар Ибн Сино маҳалласида ҳам талайгина. Муҳими, бунда шу деҳқончилиги орқасидан уй-рўзғорини обод қилаётганлар сони кўпаяётгани боис томорқа маданияти шаклланиб, экин еридан мўл ҳосил олиш ҳаракати кенгаймоқда.

Яқингача ночор оила бекаси сифатида “Аёллар дафтари”га киритилган Холида Ҳусенова ҳам 6 сотихдан иборат томорқасида баракали сабзавот маҳсулотлари етиштиришга жиддий киришган. "Тадбиркорлик қилиш истагидаги эҳтиёжманд хотин-қизлар" рўйхатига олинган Холида Ҳусенова маҳалла мадади билан 66 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит сармоясини олиб, томорқасининг ярмини иссиқхонага айлантирган. Эндиликда бу ерда сархил помидор экиб парваришланмоқда. Ҳадемай, помидор пишиб етилади ва бу 1 тоннадан ошиқ ҳосил дегани. Меҳнаткаш аёлнинг рўзғоридан ортган ҳосили албатта, қишлоқдошлар дастурхонига етказилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page