Ромитан: “Гулистон”да ҳам оилавий касаначи, тадбиркорлар кўпаймоқда
Айни кунда Ромитан тумани, “Гулистон” МФЙда ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромадга эга бўлиши манбаларини яратиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Бугун уйда касаначилик қилиб, якка тартибда тикиш-бичиш биланг шуғулланиб ҳам даромад топаётган, рўзғорини юритаётганлар оз эмас. Шу маҳаллада яшовчи Муҳайё Муҳаммедова ҳам бичиш-тикишнинг ҳадисини олган, аммо шу кунгача рўзғоридан орттириб тузукроқ тикув машинасини харид қила олмаётган эди. Ниҳоят, унга “Аёллар жамғармаси” ҳисобидан замонавий тикув машинаси олиб берилгани имкониятини оширди.
—Чеварликдан хабарим бор, аммо дастгоҳим, тикув машинам йўқлиги боис, ишсиз жуда қийналиб юргандим, маҳалламизга раҳмат, шу орзу-ниятим амалга ошди,—дейди мамнуният билан Муҳайё Муҳаммедова.—Энди янги дастгоҳдан самарали фойдаланиб, рўзғорим кам-кўстини бут қилиб, қўшимча даромад топаяпман. Қўни-қўшнидан уй-рўзғор ва тўй-маъракалар учун кўрпа-ёстиқ, шунга ўхшаш буюртмаларни ўз вақтида ва сифатли тикиб бериб, шунинг орқасидан фойда кўряпман.


Маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғи ривожланмоқда. Бунда турли касб-кор эгалари яшаб, меҳнат қилишмоқда. Аммо шунга қарамасдан, уй шароитида касаначилик, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик, тижорат иши билан шуғулланаётганлар сони ортмоқда. Бугун ҳудудда бекорчи одамни топиш мушкул, негаки, кундалик мавсумий ишларга жалб қилинганлар ёки тадбиркорлик субъектларида ишлаб, меҳнатига яраша маош олаётганлар ҳам оз эмас.
—Масалан, шу маҳаллада яшовчи Сожида Отақулова ҳам турмуш ўртоғи билан биргаликда оилавий бизнесини йўлга қўйганига кўп бўлмаган. Улар ўз фаолиятини миллий жавонлари, китоб тагликлари ясашдан бошлаган. Кейинроқ эса бу ҳунар фаолияти янада жонлантирилган,—дейди “Гулистон” МФЙ хотин-қизлар фаоли Навбаҳор Баҳронова.— Оила бекасининг уддабурролигини қарангки, аёл боши билан мебел ва жиҳозлар темир конструкцияларини ўзи бемалол пайвандлаб, ясаб тайёрлашни пухта ўзлаштирган. Балки шу тиришқоқлиги туфайли Сожида Отақулова ҳозирда “Ҳунарманд” уюшмасига ҳам аъзо бўлган. Ўзига хос тадбиркорлигини ривожлантириш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида эр-хотин 65 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит сармоясини олиб, маҳсулот ассортиментини кўпайтириш устида ишлаб, изланмоқда.


Бежирим буюмлар, китоб жавонларини кўрган киши бир қарашда бу маҳсулотлар аёл кишининг қўлидан чиқаётганига ишонмас. Аммо ишининг сифатли ва ҳозирги замон талабларига мос юмшоқ ва қаттиқ мебел ясаш тажрибаси ҳам ўзлаштирилаётгани бунда оилавий тадбиркорлик ривожланаётгани далолати, албатта. Бундай енгил конструкцияли стол-стул ва жавонлар ҳудуддаги идора, ташкилот, тиббиёт муассасалари, болалар боғчаларига буюртма асосида ясаб етказиб берилаётгани маҳсулот харидоргирлигини оширмоқда. Товар айирбошлашга келсак, айни пайтда Сожида Отақулова оилавий корхонасида бир ойда қарийб 50 миллион сўмликка яқин мебель жиҳозлари ясаб, харидорларига етказилмоқда. Бу фойда эса бир оиланинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш, рўзғорига қут-барака киритишда жуда қўл келмоқда.

Маҳалланинг С.Раҳимов кўчаси, 14-уйда истиқомат қилиб келаётган Ферангиз Нарзиева ҳам оилавий тадбиркорлик дастури доирасида туман тижорат банкларидан ажратилган 33 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит асосида ўз хонадонида миллий ширинликлар пишириш цехини очганига кўп вақт бўлмаган.
Тадбиркорликни ривожлантириш борасида яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда Ферангиз Нарзиева ишлаб чиқариш цехида ўзи билан бирга 4 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаб келмоқда. Муҳими, ҳудудда бу каби мисолларни яна келтириш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати