Риёзус солиҳийн шарҳи. 52-53-ҳадислар.

Риёзус солиҳийн шарҳи. 52-53-ҳадислар.

Anvar Ahmad


Риёзус солиҳийн шарҳи.
52-ҳадис

52. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким аламини олишга қодир бўла туриб, ғазабини ичига ютса, Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла бутун халойиқнинг олдида уни чақириб, ҳурлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради».

  Абу Довуд (4777) ва Термизий (2021) ривояти. Тирмизий ҳасан ҳадис, деди.

Шарҳ: Ғазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди.
Аллоҳ таоло ғазабни ютувчиларни мадҳ қилиб; «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (“Оли Имрон” сураси, 134-оят).
Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.


53-ҳадис

53. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга насиҳат қилинг», деди. У зот: «Ғазабланма!» дедилар. У (ўша гапини) бир неча марта такрорлади. У зот: «Ғазабланма!» дедилар».

  Имом Бухорий ривояти.(6116)

Шарҳ: Яъни ғазабни келтириб чиқарувчи ва жалб қилувчи сабабларга яқинлашма. Зеро ғазаб инсон табиатига қўшиб яратилгандир. Уни жибиллиятидан чиқариб ташлаш имкони йўқ. Фақат нафсни тарбиялаш билан саломат қолинади. Демак, ғазаб сенга буюрадиган сўз ва амаллардан йироқ бўл.
Ғазабнинг сабаблари ва давоси:
Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. Манманлик.
2. Мазах.
3. Ҳазил.
4. Масхара.
5. Айблаш.
6. Риёкорлик.
7. Алдамчилик.
8. Мансабпарастлик.
9. Дунёпарастлик ва бошқалар.
Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади.
Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади:
1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш.
Молик ибн Авсдан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга: «Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дедим (Аъроф, 199-оят). Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади. У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп таъaммул ва тадаббур қилар эди. Бироз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди».
Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди- да, сўнг «Ва ғазабни ютувчилар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди.
2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш.
Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан, Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас», дейди.
3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш.
Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди.
4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсанинг қутирган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин.
5. Ғазабни ютмаслик ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш.
Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверсанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак.
6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.
Ғазабнинг амалий давоси:
Ғазаби чиқиши олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир-рожийм»ни айтиб турмоғи лозим.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан кимда ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетади, бўлмаса ёнбошласин», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил ал-Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди:
Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса, Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У зот ҳар бир нарсани кўриб билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилишини билиши зарур. Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши зарур.


Таржимон ва шарҳлар муаллифи:

Анвар Аҳмад

«Риёзус солиҳийн шарҳи» китобининг 1-жузидан олинди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 29 октябрдаги 01-07/6636 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.




Report Page