Риёзус солиҳийн шарҳи. 50-51-ҳадислар.

Риёзус солиҳийн шарҳи. 50-51-ҳадислар.

Anvar Ahmad
Риёзус солиҳийн шарҳи.
50-ҳадис

50. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Курашда енгган кучли бўлавермайди. Ғазаб чоғида ўзини қўлга ола билгангина ҳақиқий кучлидир», дедилар».

  Муттафақун алайҳ. ( Бухорий 6114, Муслим 2609).

  Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафсга қарши курашиш душманга қарши курашишдан қаттиқроқ экани, нафсга қарши курашиш буюк жиҳод ва ҳақиқий ботирлик экани айтилмоқда.
51-ҳадис

51. Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдим. Икки киши сўкишаётган эди. Бирининг юзи қизариб, бўғизтомирлари шишиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен шундай бир калима биламанки, агар у ўшани айтса, ундаги дарғазаблик кетади. «Аъуузу биллааҳи минаш‑шайтоон» деса, ундан дарғазаблик кетади», дедилар. Унга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан шайтон(нинг шарри)дан паноҳ сўра» дедилар», деб айтишди.

  Муттафақун алайҳ. .( Бухорий 3282, Муслим 2610)

  Шарҳ: Ҳадиснинг давомида: «Нима, жинни бўлибманми?» деди» қўшимчаси бор.
Имом Нававийнинг айтишича, бу гапни Аллоҳнинг динини тушунмаган одам – аъробий ёки мунофиқлардан бири айтган.
«Ғазаб» луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни «ғазба» дейишади. Ғазаб ҳам шундан олинган. Зотан у қаттиқ жаҳл чиқишини англатади.
Уламолар ғазаб хусусида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифлар айтганлар.
Журжоний «Таърифот»да ғазабни: «У қалбнинг қони қайнаганда ўзгариш бўлиб, кўкс сокинликка эҳтиёж сезади», деб таърифлаган. (167-бет).
Имом Ғаззолий: «Ғазаб қалб қонининг интиқом талабида ғалаён қилишидир», деган.
Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида сўз юритиб шундай дейди: «Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада – тафрийт (камчилик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар».
Тафрийт (камчилик) ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсон ҳамияятсиз одам дейилади ва жуда ҳам маззаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғотилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.
Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар.
Ифрот (ортиқчалик) ғазаб сифати ғолиб бўлиб, ақл, дин ва тоат чегарасидан чиқиб кетишгача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади, тафаккур ва ихтиёр қолмайди.
Ғазабдаги мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғолади, ҳилм керак бўлганда босилади. Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Ана ўша ўртачаликдир.
Ким ўзида ғазабда футурга кетиш, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак. Ким ўзида ноўрин ғазаб, ҳаддан ошишини, ман қилинган ишларни қилишга рағбатни ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин.
Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутишнинг пайидан бўлсин. Мана шу мўътадиллик сироти мустақиймдир.
Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада ноўрин ғазаб қаттиқ қораланиб, уни ютиш тарғиб қилинган.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир», деган (37-оят).
Мазкур улуғ мақомга сазовор бўладиган жамоа аъзоларида бўлиши шарт қилинган сифатлар – «ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар»дан бўлиш.
Яъни, бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш. ўазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради. Лекин бу умуман ғазаб қилмаслик керак, дегани эмас. Баъзи ҳолатларда ғазабга келиш ҳатто вожиб бўлади, олийжаноблик ҳисобланади. Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади. Демак, ҳамма нарса, жумладан, ғазаб ҳам, ҳилм ҳам, ўрнида бўлиши керак. Шоир айтганидек, «Ноўрин ҳалимлик жаҳолатдир».
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Ҳумайд ибн Абдурроҳмандан, у Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларининг биридан ривоят қилади:
«Бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди.
У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар.
«Расулуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан». Аҳмад ривоят қилган.
Саҳл ибн Муоздан, у отасидан ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келиб: «Менга бир нарса ўргатинг. Кўпайтириб юборманг. Шоядки, англаб олсам», деди.
«Ғазаб қилма!» дедилар.
У ўз сўзини бир неча марта такрорлади. У зот ҳар сафар: «Ғазаб қилма!» дедилар». Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган.
Саҳл ибн Муоз розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўлиб туриб ичига ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳури ъийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ғазабнинг зарарлари:
1. Ғазаб Роҳман ва Роҳийм Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради.
2. Ғазаб қувилган шайтонни рози қилади.
3. Ғазаб одамлар орасини бузади.
4. Ғазабдан ҳасад ва фисқу фасод чиқади.
5. Ғазаб ақл ва дин нуқсонлигининг аломатидир.
6. Ғазаб ортидан узр айтиш ва надомат келади.
7. Ғазаб кўзни кўр, қулоқни кар қилади.
8. Ғазаб ўз эгасига одамлар нафратини келтириб чиқаради.



Таржимон ва шарҳлар муаллифи:

Анвар Аҳмад

«Риёзус солиҳийн шарҳи» китобининг 1-жузидан олинди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 29 октябрдаги 01-07/6636 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.



Report Page