Риэлтор ўйнаган ўйин

Риэлтор ўйнаган ўйин

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Мамлакатимизда фирибгарлик, яъни алдаш, ҳийла-найранг ишлатиш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали бировнинг мулкини эгаллаш ёхуд мулкка бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш каби жиноятлар бироз кўпайди.

Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра бу қилмиш учун етказилган зарар миқдорига, у кимлар томонидан, қандай мақсад ва ҳолатларда, нималардан фойдаланиб содир этилганига қараб қонуний чора кўрилади. Айбдорга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан тортиб олти юз бараваригача миқдорда жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш, бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланади.

Айрим кишилар шуни билиб туриб шу каби жиноятларни содир этаяпти. Оқибатда эса оиласи, қариндошлари шаънига ҳам иснод келтириб, уларнинг эл-юрт олдида бош кўтариб юролмаслигига сабабчи бўлишмоқда. Тошкентлик Жавлон Рафиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ҳалол пул топиш ўрнига бировнинг мулкини осонгина қўлга киритишни мақсад қилади. У ўзини фуқароларга риэлтор сифатида таништириб, бизнес қилиш учун ер, уй сотиб олмоқчи бўлганларга эса кўп қаватли уйлардан хонадон таклиф қилиб, ўртада пул ишлаб юрарди. Топаётган пули камлик қилди шекилли, каттароқ «луқма»ни қўлга киритишни кўзлайди. Таниш-билишлари орасида Зангиота туманининг Ўзгариш қишлоғида сотиладиган бир гектардан ошиқ ер борлиги ҳақида гап тарқатади. У айтаётган ер шундоққина пойтахтнинг ёнида бўлгани учун унга дарҳол мижоз топилди. Тадбиркор Муроджон Алижонов фаолиятини кенгайтириш учун ер қидириб юрган эди. Ж.Рафиқов тарқатган «янгилик» М.Алижоновга ҳам етиб борди. У сотиладиган ерни кўриш мақсадида Жавлонни топди. Тошкент ҳалқа йўлининг бўйида жойлашган бу ер аслида Зангиота туман ҳокимлиги томонидан «I dol mebel» корхонасига ажратиб берилган бўлиб, Ж.Рафиқовнинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди.

Хуллас, тадбиркор М.Алижоновга ер маъқул келиб, сотиб оладиган бўлди. Жавлон ернинг ҳар сўтихи учун 4 минг АҚШ долларидан, яъни, 1,35 гектар ер учун 540 минг доллар беришини айтганида, М.Алижонов бир сесканиб тушди. Унинг бу ҳолатини кўрган Ж.Рафиқов, «ака, хавотир олманг, ҳаммаси қонуний, ерга туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш ҳам шунинг ичида бўлади» деди. Унинг гапларига шубҳа билан жавоб қайтараётган тадбиркорнинг ишончини қозониш учун Ж.Рафиқов яна бир найранг ишлатади. Кейинги режаси учун «New Realtor» МЧЖда риэлтор бўлиб ишлаётган Дилноза Умаровани жалб қилади. М.Алижоновни унинг ёнига олиб боради ва ер сотувга қўйилгани ҳақидаги сохта ҳужжатларни кўрсатади. Олдиндан пулнинг ўн фоизини берса, ерни унинг номига расмийлаштиришга киришишини айтади. Унинг гаплари М.Алижоновни шубҳалантиравергани учун ушбу ер ҳақида сўраб-суриштириб, керакли ахборот олади. Шундан сўнг у икки фирибгарнинг найранги ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Департаментнинг Яккасарой туман бўлими ходимлари ўтказган тадбирда Ж.Рафиқов ҳамда Д.Умарова фирибгарлик қилиб, тадбиркордан 50 минг долларни олган пайтида қўлга олинди.

Мазкур ҳолатни холисона кўрган суд ҳукм чиқарди. Унга кўра Ж.Рафиқов ҳамда Д.Умаровага жарима жазоси тайинланди.

Шавқиддин ЖУМАЕВ,

Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими

бошлиғи ўринбосари

Манба: Ҳуқуқ газетаси

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g



Report Page