Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ва Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникаси ўртасида ўзаро меморандум имзоланди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ва Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникаси ўртасида ўзаро меморандум имзоланди


Мамлакатимизда тиббиёт тизимини такомиллаштиришга катта аҳамият қаратилаётганлиги бежиз эмас. Эндиликда юқори технологик операциялар нафақат пойтахт, балки вилоятлар ва ҳатто туманлар кесимида ҳам йўлга қўйилаётганлиги соҳага берилаётган юксак эътиборнинг натижасидир.

Ҳатто органлар трансплантациясининг амалга оширилаётганлиги эса вилоят тиббиёт тарихидаги муҳим янгиликлардан биридир. Хориждаги етакчи клиникалар билан ҳамкорлик қилиш ҳам тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасидаги ютуқ ҳисобланади.

2022 йил 26 февраль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ташриф буюрган бир гуруҳ ҳиндистонлик тиббиёт олимлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда филиал директори Т.Мусоев томонидан муассасада амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар ва белгиланган режалар, олиб борилаётган илмий, амалий-услубий ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Ўз навбатида, хорижлик меҳмонлар халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишлари борасидаги режалари ҳақида айтиб ўтди.

РШТЁИМ Бухоро филиали билан Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган “JAYPEE” клиникаси бир гуруҳ тиббиёт етакчилари иштирокида меморандум имзоланди.

— Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг биз учун аҳамиятли томони шундаки, жараёнлар биргина тиббий кўрик билан чегараланиб қолмайди, — деди меҳмонлардан бири онкорадиолог Наинах Саманта.

Меморандум келишувидан икки мамлакат тиббиёт соҳаси етакчилари иштирокида тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш орқали ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш назарда тутилган.

Дастлаб жорий йилнинг апрель ойида 10 нафар ва кейинчалик ҳар ойда 4 нафардан филиал мутахассислари Ҳиндистоннинг “JAYPEE” клиникасида улар ҳисобидан малака ошириб келишлари бўйича келишиб олинди.

Бундан ташқари, ҳиндистонлик мутахассислар томонидан тажриба алмашиш мақсадида филиал мутахассислари иштирокида 1 та панкреонекроз, 1 та механик сариқлик, 1 та чурра кесиш ҳамда 2 та лапароскопик холецистэктомия амалиётлари бўйича юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилди.

РШТЁИМ Бухоро филиали ахборот хизмати.



Report Page